«Яхшибоев – Худо иқтидор берган ҳужумчи». «Шериф» бош мураббийи ЕЧЛ ўйини олдидан ўзбекистонлик ҳужумчи ҳақида гапирди
Чоршанба, 15 Сентябр
14243

Европа Чемпионлар лигаси 1-тури доирасидаги «Шериф» - «Шахтёр» ўйини олдидан молдоваликлар бош мураббийи Юрий Вернидуб жамоанинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Жасур Яхшибоев ҳақида ҳам тўхталди.

«Жасур Яхшибоевни жуда яхши биламан. Бу футболчини «Шериф» сафига қўшиб олиш имконияти борлиги ҳақида айтишгач, дарҳол икки қўлим билан рози эдим. Унинг кучли жиҳатларини яхши биламан. Бу ҳужумчи Худо томонидан берилган иқтидор соҳиби, туғма ҳужумчи. 

Ўз вақтида «Динамо» Киев уни ўз сафига қўшиб олмоқчи эди. Бу ўтиш нега амалга ошмаган, билмайман. Аммо унинг ҳозирда қўл остимда эканидан хурсандман. Жасур Момо Янсане билан бирга бизга ёрдам бера олишади. Ҳар икки футболчи ҳам яхши савиядаги ўйинчилар», - дейди украиналик бош мураббий.

«Шериф»ни гуруҳ аутсайдери деб ҳисоблаётган бўлишса, бунга қаршилигимиз йўқ. «Реал», «Интер», «Шахтёр» жой олган гуруҳда шундай бўлиши табиий. Аммо биз гуруҳда аутсайдер эмаслигимизни исботлашга уринамиз. Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида тўп суриш биз учун орзу эди. Бу амалга ошмоқда. «Реал», «Интер», «Шахтёр»га қарши ўйинлар нафақат мухлислар учун, жамоамиз учун ҳам катта байрам ва синов. Бундай ўйинларда ўйнаш жамоамиз учун орзу эди. «Шахтёр» менга бегона эмас, бу клубга қарши Украинада кўп марта ўйин ўтказганман. Баҳсда боримизни кўрсатишга интиламиз», - дейди «Шериф» бош мураббийи Юрий Вернидуб.
 
Маълумот учун, ЕЧЛ 1-тури доирасидаги «Шериф» - «Шахтёр» ўйини бугун, 15 сентябрь куни соат 21:45да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, Киевнинг «Динамо» клуби 2020 йил якунида Беларусь чемпионати тўпурарига айланган Жасур Яхшибоевга қизиқиш билдирганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар