МОҚ қишки олимпиадалардаги ягона медалчимиз Лина Черязевага ёдгорлик ўрнатди
Жума, 10 Сентябр
9249

9 сентябрь куни Россиянинг Новосибирск шаҳридаги Клешчихинский қабристонида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг моддий ва маънавий кўмаги билан Лина Черязовага ёдгорлик ўрнатилди.

Тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби, Ўзбекистон чанғи спорти федерацияси, шунингдек, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консуллиги вакиллари иштирок этди.

Лина Анатольевна Черязова – Ўзбекистонга қишки олимпия ўйинларида спортнинг фристайл (чанғи акробатикаси) турида ягона олтин медални келтирган спортчи сифатида тарихга кирган. 

У 1968 йил 1 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ёшлигида спорт гимнастикаси билан шуғулланган. Кейинчалик чанғи акробатикасида ўз кучини синаб кўришга қарор қилган ва бир қанча мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган. 

Жумладан, 1990 ва 1991 йилларда СССР чемпиони бўлган. 1993 йилда Австрияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан. 

Унинг спортчилик юлдузи 1994 йили Норвегиянинг Лиллеҳаммер шаҳрида ўтказилган қишки олимпия ўйинларида порлади. Лина саралаш мусобақасида атиги 12-ўрин билан финалга чиқди. Аммо ҳал қилувчи, финал машқини аъло даражада бажариб, олтин медалга сазовор бўлди. Қайд қилиш жоизки, бу мустақил Ўзбекистон спорти тарихида қишки олимпиадалардаги ягона медал бўлиб турибди. 

1994 йили ёзда Лина машғулотлар пайтида оғир жароҳат олган. Кейинчалик соғайиб, спортга қайтишга ўзида куч топган, аммо натижалар аввалгидек бўлмаган. 1998 йилда ўтказилган қишки олимпия ўйинларида 13-ўринни эгаллаган. Шундан сўнг спортчилик фаолиятини якунлаган.

1999 йили Лина Черязева онасининг ватани Россияга, Новосибирск шаҳрига кўчиб кетган. Жароҳатининг асоратлари туфайли спортдан узоқлашган, болалар боғчасида жисмоний тарбия машғулотларини ўтган, молиявий томондан қийналиб қолган.

2006 йили машҳур россиялик курашчи Александр Карелин илтимосига кўра, «Россияда хизмат кўрсатган спорт устаси» унвонига сазовор бўлган. Бу Линага Россия президентининг ҳар ойлик стипнедиясини олиш имконини берган.

2019 йил 23 март куни узоқ давом этган оғир хасталикдан сўнг, 50 ёшида вафот этган.

Черязованинг ўзбек спорти ривожи йўлидаги буюк хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб эътироф этилган ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони ҳамда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар