O'zbek Ўзбекча
Роналдунинг Гиннесга кириши, Италиянинг мутлақ рекорди, Жанубий Америкадаги можаро. ФИФА кунларининг энг муҳим 10 воқеаси
Пайшанба, 09 Сентябр
8835

Барча қитъаларда миллий жамоалар 2022 йилги Қатар майдонларида ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш беллашувларини ўтказмоқдалар. Сентябрь ойининг дастлабки ўн кунлигида ўтган миллий жамоалар ўртасидаги баҳслардан кейин Tribuna.uz саралашдаги 10 воқеани саралади.

1.   Роналду - миллий жамоалар тарихидаги энг зўр тўпурар

Европа Чемпионлар лигаси тарихидаги энг яхши тўпурар, «Реал» тарихидаги энг яхши тўпурар, Европа чемпионатларининг энг яхши тўпурари, миллий жамоа сафида энг кўп гол урган футболчи… Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Ирландияга қарши баҳсдаги дубль орқали португалиялик юлдуз Али Дайининг узоқ йиллик рекордини янгилади. Ушбу натижаси Гиннес рекордлари китобига киритилди ва бу ҳафтанинг энг катта воқеаларидан бирига айланди.

2.   Енгилмас Италия

Итальянлар мағлубиятсиз серия бўйича рекордни янгилаш баробарида Европа чемпионатини ҳам ютишга эришди. Швейцарияга қарши учрашувдаги 0:0 ҳисоби орқали рекорд расман янгиланди. 1993-1996 йиллар мобайнида Бразилия, 2007-2009 йиллар мобайнида Испания 35тадан учрашувда мағлубиятсиз ўйнаб, рекордни бўлишиб туришганди.

Швейцарларга қарши беллашувда Манчини ва Италия мухлисларини хурсанд қилган ягона жиҳат тарихий рекорднинг янгилангани бўлса керак. Жоржиньонинг пенальтидан фойдалана олмагани ва ҳужумдаги самарадорликнинг ниҳоятда пастлиги «Скуадро Адзурра» ишқибозларини хавотирга қўйгани аниқ.

Болгарияга қарши ўйиндаги дуранг (1:1) орқали Роберто Манчини Италия миллий жамоаси мураббийлари орасида энг кўп уй учрашувларида мағлубиятсиз серия (18та) қайд этган мутахассисга айланди. Бундан аввалги рекорд Марчело Липпига тегишли эди (17та).

3.   Бразилия - Аргентина баҳсидаги можаро

Жаҳон чемпионати саралашининг Жанубий Америка минтақасидаги босқичи 6-тури доирасидаги Бразилия - Аргентина баҳсида можаро юзага келди. Гап шундаки, Бразилиядаги карантин талабларига кўра Британиядан келганлар 14 кун карантинда бўлиши керак эди, аммо 4 нафар АПЛда ўйновчи аргентиналиклар (Мартинес, Ромеро, Ло Челсо ва Буэндиа) майдонга тушган.

Шу сабаб Бразилия полицияси ўйин вақтида стадионга тушиб келиб, 4 нафар аргентиналик футболчини майдондан олиб чиқиб кетишга уринди. Оқибатда Аргентина миллий жамоасининг бошқа футболчилари ҳам майдонни тарк этди. Шу тариқа ўйин қолдирилди.

Бу воқеа юзасидан ФИФА баёнот билан чиқди. «Ўйин ҳисоботлари тўлиқ ўрганиб чиқилгач, ФИФА Бразилия – Аргентина учрашуви бўйича икки мамлакат ассоциациясига нисбатан интизомий иш очилганини маълум қилади. Икки томон тақдим этган маълумотлар ФИФА интизом қўмитаси томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилади», дейилган ташкилот баёнотида.

4.   Ван Гал ўз жойида

«Агар Нидерландия футбол ассоциациясида ишлаганимда, мен ҳам Луи ван Гални миллий жамоага бош мураббий қилиб тайинлаган бўлардим», - деб айтди «оловранглилар» мураббийлик постига 3-маротаба ўтирган тажрибали мутахассис.

У аллақачон миллий жамоаси билан ғалабалар қозонишга ҳам эришди. Бугунги кунда Норвегия Европанинг кучли жамоалари қаторига кириб келмоқда. Ван Гал қайтиш учрашувида Норвегия билан дуранг ўйнади. Лекин ундан кейинги Черногория (4:0) ва Туркияга қарши баҳсларни (6:1) ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

5.   Бэйлдан муҳим ҳэт-трик

Гарет Бэйл «Реал»га Карло Анчелоттининг келиши баробарида футболга бўлган қарашларини яна ўзгартириб бораётганга ўхшайди. Уэльс билан Беларусга қарши баҳсга киришган 32 ёшли футболчи миллий жамоаси сафида расмий учрашувлардаги илк ҳэт-трикни амалга оширди. Бунгача 2018 йилда Хитой билан ўртоқлик баҳсида бир ўйинда 3та гол уришга эришган футболчи бу гал расмий ўйинда ўз номини 3 бор таблога ёздириб қўйди. Кўрамиз, мавсум давомида ҳам барқарор ўйин кўрсатиб, ўзининг юқори спорт формасига чиқа оладими?!

6.   Солер эътибор марказида

«Валенсия» билан Ла Лига мавсумини яхши бошлаган Карлос Солер Испания миллий жамоаси сафидаги дебютини ажойиб ўйин билан ўтказа олди. Швецияга қарши беллашувда у 4-дақиқадаёқ гол киритишга эришди, бироқ «қизил фурия» якунда мағлубиятга учради. Грузияга қарши келгуси учрашувда (4:0) яна бир гол уриб, жамоаси ғалабасига ҳисса қўша олди.

7.   Чилининг ғалабасиз серияси

Аслини олганда, Чилининг Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги Эквадорга қарши учрашувини ижобий баҳолаш ҳам мумкин. Сабаби, улар бу ўйингача кетма-кет 3та ўйинда мағлубиятга учраганди. Лекин нохуш анъана давом этаётгани бор гап: Чили 5та ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. Сўнгги 6та учрашувда чилиликлар биттагина гол уришга эришди. КОНМЕБОЛ грандлари авлодлар алмашинувини анча оғир ўтказмоқдалар.

8.   Дания мўъжизаси

Жаҳон чемпионати саралашининг энг ёрқин жамоаси Дания бўлиб турибди. Скандинавияликлар ҳозиргача ўтказилган 6та учрашувда 22та гол уриб, бирор марта дарвозаларидан тўп олиб чиқишмади. Энг яқин таъқибчи билан орадаги фарқ 7тага етди. Ҳа, гуруҳ анча қулай рақиблардан ташкил топган. Бироқ Шотландия ва Австриянинг Хюльманн шогирдларига умуман қаршилик кўрсата олмаётгани ҳайратланарли ҳолат. Иккинчи давра учрашувлари бошланиб улгурди. Кўрамиз, саралаш баҳслари якунига қадар ҳам данияликлар мағлубиятсиз серияси ва «қуруқ серия»сини давом эттира олармикан.

9.   Кейн Оуэнга етиб олди

Андоррага қарши беллашувда пенальтини аниқ амалга оширган Ҳарри Кейн Англия миллий жамоаси тарихидаги тўпурарлар рўйхатида 5-ўринга кўтарилиб олди. Ҳозирда унинг ҳисобида Майкл Оуэн билан бир хил миқдорда (40та) гол мавжуд. Ҳозирда 28 ёшли футболчи «уч шерлар»нинг мутлақ тўпурари Уэйн Рунидан 13та голга ортда қолмоқда. Катта эҳтимол билан «Тоттенҳэм» сардори бу рекордни янгилашга эриша олади.

10. Голеадор Ҳоланд

Эрлинг Ҳоланд Норвегия миллий жамоаси сафида ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Гибралтарга (5:1) қарши баҳсда ҳет-трикка эришди. Шу тариқа, «Боруссия Дортмунд» футболчисининг фаолияти давомидаги ҳет-триклари сони 11тага етди. Бу кўрсаткич бўйича Эрлинг Уэйн Руни (10та), Самуэль Это'О (9та) ва Фернандо Торресни (8та) ортда қолдирди.

Таъкидлаш жоизки, Ҳоланд бу натижага 21 ёшлигида эришмоқда. Футбол тарихида ҳет-триклар сони бўйича энг катта кўрсаткичга эга футболчилар Криштиану Роналду (57та) ва Лео Месси (53та) ҳисобланади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар