Аргентина миллий жамоаси можарога сабаб бўлган 4 ўйинчини муддатдан аввал АПЛ клублари ихтиёрига қайтарди
Сешанба, 07 Сентябр
2794

Аргентина миллий жамоаси мураббийлар штаби ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасидаги Боливияга қарши ўйин олдидан тўрт нафар футболчини клублари ихтиёрига қайтариб юборди.

Гап АПЛ клублари вакиллари – Эмилиано Мартинес, Эмилиано Буэндиа (иккиси ҳам – «Астон Вилла»), Жовани Ло Чельсо ва Кристиан Ромеро (иккиси ҳам – «Тоттенҳэм») ҳақида бормоқда. 5 сентябрь кунги Бразилия – Аргентина учрашуви тўхтатилиши ва қолдирилишига сабаб бўлган ўйинчилар муддатдан аввал Англияга қайтадиган бўлишди.

Аввалроқ, Бразилия соғлиқни сақлаш агентлиги (Anvisa) Мартинес, Буэндиа, Ло Чельсо ва Ромерони мамлакат чегарасини кесиб ўтишда қонунбузарликка йўл қўйганликда айблаганди. Буюк Британиядан Бразилияга келадиган ҳар қандай сайёҳ 14 кунлик карантинга амал қилиши шарт. Бу футболчилар эса мамлакатга киришда иммиграцион хизмати ходимларига Англияда бўлмаганликлари ҳақидаги ёлғон маълумотларни келтирган. Шу сабаб туфайли Бразилия – Аргентина учрашуви 10-дақиқадаёқ тўхтатилган ва номаълум муддатга қолдирилган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар