Ҳаким Фузайлов: «Бухоро» билан ўйинда 2 очко йўқотдик»
Душанба, 06 Сентябр
1169

Про лига 17-тури доирасидаги «Бухоро» - «Динамо» (1:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Ҳаким Фузайлов ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Про лигадаги ҳар бир ўйин сингари «Бухоро»га қарши сафардаги учрашув жуда оғир ўтишини кутгандик. Чунки бу рақибимиз ҳам Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Учрашув икки жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. Чунки турнир жадвалида ёнма-ён жойлашганмиз. Ўйин давомида рақибга нисбатан тўпга кўпроқ эгалик қилдик. Вазиятлар бўйича эса икки томонда ҳам ғалабани илиб кетиш учун етарлича голли вазиятлар яратилди.

Икки очко йўқотдикми ёки бир очко қўлга киритилдими? Ўйин давомида тўп билан кўпроқ ҳаракат қилганимизни инобатга олсак, икки очко йўқотдик деб ҳисоблайман.

Кейинги ўйинда бизни «Олимпик»га қарши учрашув кутиб турибди. Бу жамоа ҳам Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. Шундай экан, ўйин икки томон учун ҳам муҳим аҳамият касб этади», - дейди Ҳаким Фузайлов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Маълумот учун, «Динамо» Про лига 17-туридан кейин 25 очко билан 2-ўринда бораётган бўлса, «Бухоро» 24 очко билан 3-ўринни банд этиб турибди. Самарқанд клуби 12 сентябрь куни ўз майдонида «Олимпик»га қарши саф тортади. Шундан кейин турнир жадвали иккига бўлиниб, юқори ва қуйи тўртлик алоҳида курашга киришишади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар