O'zbek Ўзбекча
Шомуродов ва Машариповсиз. «Оқ бўрилар» Швециядаги ўйинга тайёрланмоқда
Чоршанба, 01 Сентябр
7686

Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Сречко Катанец мураббийлигидаги илк йиғинини ўтказмоқда. Словениялик мураббий ҳозирча маҳаллий маслаҳатчилар ёдамида чақирилган футболчиларни синовдан ўтказмоқда. Шу сабаб ҳозирча мураббий ҳам, футболчилар ҳам бир-бири ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмас.

Кетма-кет иккинчи кун машғулотларда миллий жамоа етакчиси Жалолиддин Машарипов қатнашмади. Маълум бўлишича, футболчи Швецияга кетиш учун керак бўладиган виза масаласини ҳал қилиш учун машғулотларда қатнашмасликка мажбур бўлган.

Шунингдек, миллий жамоанинг асосий юлдузи Элдор Шомуродов ҳам йиғинда қатнашмаяпти. Катта эҳтимол билан «Рома» ҳужумчисига тўғри Швеция пойтахтида ўтадиган ўйинга боришга имконият яратиб берилган. Қолган футболчилар тўлиқ таркибда машғулотларда иштирок этяпти.

Ҳозирча Швеция билан ўйинда ким жамоа сардори бўлиши аниқ эмас. Мураббий ва футболчилар ўзаро келишиб Отабек Шукуров ёки Жалолиддин Машариповдан бирини сардор этиб танлаши кутиляпти. Шунингдек, Элдор Шомуродов ҳам сардор бўлиши мумкин.

Tribuna.uz мухбирлари бош жамоа машғулотининг ОАВ учун очиқ қисмини суратга туширишди. Миллий жамоадаги муҳит ва футболчиларнинг кайфияти ҳақида ушбу фото ва видеолавҳаларда билиб олишингиз мумкин.

Абдулвосид Валихонов ва Маҳмуд Солиев тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар