Мадридга талпинаётган Мбаппе ва қочиб кетолмаётган Кейн. Трансферлар ойнасининг сўнгги ҳафтасидаги асосий интригалар
Чоршанба, 25 Август
10058

Килиан Мбаппе
Қаердан: «ПСЖ»
Номзод: «Реал»

Килиан Мбаппенинг «ПСЖ»дан «Реал»га ўтиши бўйича сага жорий трансферлар ойнаси учунгина эмас, тарихдаги энг интригалиси бўлиши ҳам мумкин. Ҳужумчи анчадан буён Мадрид клубига ўтишни истайди, у болалигидан ушбу клуб ва Криштиану Роналду фанати бўлган.

Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, мадридликлар Мбаппе учун 160 млн евролик таклиф жўнатган, аммо парижликлар бу таклифни рад этишган. Marca журналисти Хосе Феликс Диаснинг маълумотига кўра, 22 ёшли француз аллақачон «Реал» билан ўзаро шартнома бўйича келишиб қўйган, аммо у ҳозирги клуби билан ҳам муносабатларни ёмонлаштирмоқчи эмас. «Реал» навбатдаги таклифни тайёрламоқда, футболчи эса раҳбарият билан учрашмоқчи.

Энди барчаси «ПСЖ» президенти Носир Ал-Хилайфийнинг қарорига боғлиқ бўлиб турибди. Қатарлик бизнесмен Мбаппени жамоада олиб қолишни истамоқда. Ҳолбуки форварднинг шартномаси 2022 йил ёзида тугайди ва у кейинги ёзда клубни эркин агент сифатида тарк этиши мумкин, Мбаппенинг ўзи эса Парижда қолмоқчи эмас, у ҳозиргача шартномани узайтириш бўйича камида учта таклифни рад этган. Le Parisien хабарига кўра эса, «ПСЖ» мадридликларнинг 160 млн евролик таклифини рад этмаган ва таклиф кўриб чиқиш жараёнида.

Ҳарри Кейн
Қаердан: «Тоттенҳэм»
Номзод: «Манчестер Сити»

«Тоттенҳэм» сардори Ҳарри Кейн бу ёзда 28 ёшга тўлади, лекин у шу вақтгача бирорта соврин ютмаган. Ушбу ҳужумчини топ-клублар ўз сафида кўришни исташади, аммо уни қўйиб юборишмаяпти. «Тоттенҳэм» президенти Дэниэл Леви «Манчестер Сити»нинг барча таклифларини рад этган, холбуки «шаҳарликлар» АПЛнинг ўтган мавсумдаги энг яхши тўпурари ва энг яхши ассистенти учун 150 миллион евро тўлашга тайёр.

«Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Англия чемпионлари Жек Грилишни катта пулга сотиб олганидан кейин Лео Месси учун даъвогарлик қила олмаслигини айтганди. Кейн ҳақида эса испаниялик мутахассис шундай деган: «Мен бу саволга аввалги матбуот анжуманида жавоб бериб бўлганман. У «Тоттенҳэм» футболчиси ва мен у ҳақида гапирмоқчи эмасман. Ўтган сафар мен истисно қилгандим, аммо бу менинг ишим эмас».

Евро-2020дан кейин Кейн «Тоттенҳэм» машғулотларини бойкот қилиб кўрди, аммо барибир жамоа базасига қайтишга мажбур бўлди. У биринчи турда «Манчестер Сити»га қарши ўйинни (1:0) ўтказиб юборди, бу эса матбуотда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, аммо «Вулверҳэмптон»га қарши ўйинда форвард захирадан майдонга чиқиб, 20 дақиқа ўйнади.

Агар шу ёзда «Тоттенҳэм»дан кета олмаса, Кейн мавсумни қандай ҳолатда ўтказиши номаълум.

Криштиану Роналду
Қаердан: «Ювентус»
Қаерга: «Манчестер Сити» ёки «ПСЖ»

2021 йилги ёзги трансферлар ҳар қачонгидан қизғинроқ кечмоқда. Бир неча топ даражадаги футболчилар жамоасини ўзгартирди (Месси, Рамос), трансферлар ойнаси ёпилгунча яна бир неча «бомба» трансферлар амалга оширилиши мумкин (Роналду ва Мбаппе).

Роналду А Сериянинг дастлабки турида «Удинезе»га қарши ўйинда кутилмаганда захира ўриндиғида қолдирилди ва ОАВда навбатдаги супертрансфер ҳақида миш-мишлар болалади.

Римдаги Corriere dello Sport форварднинг агенти Жорже Мендеш «Манчестер Сити»га ўз мижози хизматларини таклиф қилгани ҳақида ёзди. Испаниядаги El Chiringuito «Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти Роналду билан яна ҳамкорлик қилишга қарши бўлмаслиги, Marca эса Кришнинг вакиллари «ПСЖ» билан боғланишгани ҳақида хабарлар тарқатди.

L`Equipe ҳам футболчининг вакиллари унинг Англия чемпионлари сафига ўтиши борасида иш олиб бораётганини ёзди. Лекин «Сити» Грилиш учун катта пул сарфлаб бўлган ва энди фақат Кейннинг трансфери амалга ошишига умид қилмоқда. Перес 36 ёшли португалияликни қайтармоқчимас ва фақат Мбаппени кўзлаган. «ПСЖ»дан ҳар нарса кутиш мумкин, агар Мбаппе Мадридга қўйиб юборилса, уларга топ ҳужумчи керак бўлади, лекин бу ҳам эҳтимоли кам.

Роналдунинг «Ювентус» билан шартномаси кейинги йил ёзида тугайди ва клубдагилар келишувни узайтириш ниятида эмас, футболчининг трансфер қиймати 45 миллион еврога баҳоланган. Романонинг сўнгги маълумотига кўра, Мендеш трансфер устида жиддий ишламоқда ва туринликлар футболчини 25 млн еврога сотиши ҳам мумкин. «Шаҳарликлар» Кейнни сотиб ололмасагина, ушбу вариантга юзланиши мумкин.

Сауль Ньигес
Қаердан: «Атлетико»
Номзод: «Челси»

«Челси» биринчи навбатда марказий ҳимоячи сотиб олишни мақсад қилган, айни вақтда «Севилья»дан Жюль Кундени сотиб олиш бўйича музокаралар кетмоқда. Шу билан бирга, кўклар «Атлетико» яримҳимоячиси Сауль Ньигесни сафга қўшиб олишга ҳам қарши бўлишмайди. Мадридликларнинг захира ўриндиғида қолиб кетган ушбу футболчи июль ойида «Барселона»дан Антуан Гризманнга алмашилиши ҳақида хабарлар чиққанди.

«Матрасчилар» ушбу 26 ёшли яримҳимоячисини ижарага олиш бўйича «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси»га таклиф билдирган, айнан кўклар томонидан қизиқиш билдирилган. Лондонликлар Дэнни Дринкуотер, Тьемуэ Бакайоко ва Росс Барклидан қутулмоқчи. Агар улар бу футболчилар учун клуб топа ола, Испания пойтахтидан Саулни олиб келишга уриниб кўради.

Жюл Кунде
Қаердан: «Севилья»
Даъвогар: «Челси»

22 ёшли француз ҳимоячиси «Севилья»да бир неча мавсумдан буён барқарор ўйин кўрсатиб келмоқда ва энди топ-клубларнинг диққатини ўзига қаратган. Кунде Евро-2020 учун заявка қилинганди, аммо турнирда фақат бир ўйинда майдонга тушди (гуруҳ босқичининг учинчи турида Португалияга қарши 2:2 ҳисобида якунланган ўйин).

Ушбу марказий ҳимоячига ҳаммадан кўпроқ «Челси» қизиқмоқда. Француз футболчиси Лондонга ўтишга рози, аммо Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиблари ҳозирча «Севилья» билан келишувга эриша олишмаяпти. Испанлар клуби 30 миллион евро ва Курт Зумани бериш бўйича биринчи таклифни рад этишган. Натижада Зума «Вест Ҳэм» билан музокара бошлаган, «Челси» эса «Севилья»нинг асосий юлдузини ўзиники қилишнинг бошқа йўлларини қидирмоқда. Хабарларга кўра, испанлар клуби футболчи учун 70 миллион евро атрофида нарх белгилаган.

Эдуардо Камавинга
Қаердан: «Ренн»
Даъвогарлар: «Манчестер Юнайтед», «Реал», «Арсенал», «ПСЖ», «Ницца»

Камавинга топ-клублардан бирига ўтиши ҳақида унинг катта футболдаги биринчи мавсумидан буён айтиб келишади. 18 ёшига келиб ушбу француз «Ренн» билан Чемпионлар лигасида тўрт ўйинда майдонга тушишга ҳамда мамлакатнинг асосий жамоасида дебют қилишга улгурди. Унинг клуб билан яна бир йиллик шартномаси қолган, шу туфайли клуб асл баҳоси бир неча баробар юқори бўлган ушбу тарбияланувчисини 30-35 миллион еврога бўлса ҳам сотишга уринмоқда.

Ушбу футболчи учун даъвогарлар қаторига кутилмаганда «Ницца» клуби ҳам қўшилган, аммо ёш истъедод учун асосан топ-клублар ўртасида кураш кечади. 18 ёшли футболчини сотиб олиш учун асосий даъвогарлар «ПСЖ» ва «Манчестер Юнайтед» ҳисобланмоқда. Футболчига анчадан буён қизиқиш билдириб келган «Реал»нинг ҳозир бошқа муаммолари бор, «Арсенал» эса бу йил анча харидлар амалга ошириб бўлди ва клуб яна бир қимматбаҳо футболчи сотиб олиши имкониятлари пастроқ.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар