Рўзиқул Бердиев «Аҳал»га қарши ОФК Кубоги беллашуви олдидан: «Абдувоҳид Неъматов камида 1-2 ой жамоамизга ёрдам бера олмайди»
Сешанба, 24 Август
7085

ОФК Кубогининг Марказий Осиё минтақаси финал беллашувида «Насаф» ўз майдонида Туркманистоннинг «Аҳал» жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ушбу ўйин олдидан қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди. 

«Ассалому алайкум, барчага. «Аҳал» жамоасига қарши тайёргарлигимиз ажойиб ўтди. Эртанги беллашувга футболчиларимиз ҳар томонлама тайёр. Айтиб ўтишим керакки, рақибимиз «Аҳал» жуда ҳам ажойиб жамоа. Турли тактик схемаларда ўйнай олади, техник жиҳатдан кучли футболчиларга эга. Қизиқарли ўйин бўлади, биз бор кучимизни эртанги ўйинда кўрсатиб, ғалаба қозонишимизга тўғри келади. 

Туркман жамоалари билан олдин ҳам бир неча маротаба ўйнаганмиз. Туркманистон миллий жамоасининг ўйинларини кўп кузатамиз. Ўхшашликлар бор - улар ҳам техникага таянади, тактик кучли футбол кўрсатади, тезкор футболчилари бор. Футболдаги менталитетимиз ўхшаш, деб ўйлайман. Албатта, даражаси фарқли бўлиши мумкин. Сабаби, бизда футбол мусобақалари тўғри ташкил қилиниб, чемпионатимиз давом этмоқда. Уларда эса пандемия сабаб спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Лекин бу бизни бўшаштирмайди, рақиб барибир кучли. Табиатимиз ҳам бир хил, шунинг учун, туркманлар ҳам, биз ҳам ҳар қандай об-ҳавода футбол ўйнайверамиз. 

ОФК Кубоги учун Суперлигани қурбон қилаётганимиз ҳақидаги гапларга ишониш керак эмас. Биз ҳар бир турнирда максимал кучимизни ишга солган ҳолда ўйнамоқдамиз. Ҳа, қайсидир ўйинда мағлуб бўляпмиз, қайсидир ўйинда очко йўқотяпмиз, лекин барча учрашувларни таҳлил қилсангиз, жамоамиз бор имкониятини ишга соляпти. Суперлигадаги натижалар футболчиларимизнинг кайфиятига таъсир қилади, деб ўйламайман. Миллий биринчиликда кучли жамоаларга қарши кетма-кет баҳсларда иштирок этдик. «Аҳал»га қарши ўйинимизда олдинги натижалар таъсир кўрсатмайди. Мен жамоанинг ичидан туриб айта оламанки, ОФК Кубоги учрашувига жамоамнинг кайфияти максимал даражада тайёр.

Жамоамизга янги келиб қўшилган Андрия Калудерович ҳам яхши киришиб кета олди. Машғулотларда ишламоқда ва ушбу беллашувда «Насаф»га ёрдам бермоқчи. Эртага энг тайёр футболчиларни майдонга ташлаб, керакли натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Абдувоҳид Неъматов жароҳат олганидан хабарингиз бор. У қанча муддатга сафдан чиққани бизга номаълум. Лекин камида 1-2 ойни ўтказиб юборади», - деди Бердиев.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар