O'zbek Ўзбекча
Учта стадион билан танишув, кубок ўйинига ташриф ва Кападзе билан ҳамкорлик. Катанецнинг миллий жамоа бош мураббийи сифатидаги илк куни қандай ўтди?
Жума, 20 Август
5707

Ўзбекистон миллий жамоаси янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг дастлабки иш куни қандай ўтгани ҳақида ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

«Словениялик мутахассис Сречко Катанец бугун, 19 август куннинг иккинчи ярмида «Бунёдкор» ва «Жар» спорт мажмуаларига ташриф буюриб, майдон чими ва шароитлар билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг, Сречко Катанец Ўзбекистон кубоги доирасидаги «Пахтакор» - «Турон» (1:0) учрашувини стадиондан туриб томоша қилди ва миллий жамоага номзод футболчилар ўйинини кузатди.

Словениялик мутахассис «Олимпик» жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе билан юртимиз футболи ҳамда ўзбекистонлик футболчиларнинг потенциали хусусида суҳбатлашди ва келажакда ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олди», - дейилади ЎФА хабарида.

Қайд этилишича, Сречко Катанецнинг ёрдамчилари Олмалиқ шаҳрида бўлиб ОКМК ва «Нефтчи» (6:1) жамоалари ўртасидаги баҳсни кузатиб борган.

Маълумот учун, ЎФА ҳозирча словениялик мураббийга қайси мураббийлар ёрдам бериб бориши ҳақида маълумот бермаган.

Ўхшаш янгиликлар