«Умумжамоа ҳисобида 83-ўринни эгаллаш салоҳиятимизга мос эмас». Қозоғистон президенти Токио-2020даги қониқарсиз натижани танқид қилди
Сешанба, 10 Август
19473

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев мамлакат спорт делегациясининг Токио-2020даги иштироки ҳақида сўзлади.

«Токио-2020 Олимпиадасида Қозоғистондан 93 нафар спортчи иштирок этди. Ғалабага бўлган иштиёқ ва маҳоратини кўрсатган атлетларга миннатдорчилик билдираман. Бронза медали соҳибларини табриклайман, бу натижа спортчиларнинг тинимсиз меҳнати маҳсулидир.

Бироқ умумжамоа ҳисобида мамлакат спортчиларининг 8та бронза билан 83-ўринни эгаллагани – Қозоғистоннинг спорт салоҳияти ва спортни ривожлантириш учун давлат ажратаётган катта маблағларга мос эмас. 

Токиодаги Олимпия Ўйинларидан тўғри хулоса қилишимиз лозим ва Парижда ўтадиган Олимпиадада халқимиз умидларини оқлайдиган натижаларга эришишимиз шарт», - дейилади Қозоғистон президентининг твиттердаги расмий саҳифасида.

Маълумот учун, Қозоғистон Токио-2020да бирорта ҳам олтин ва кумуш медаллари қўлга кирита олмай, 8та бронза медали билан чекланди. Натижада дунё бўйича 83-ўринни эгаллаб, ўз тарихидаги энг ёмон натижани қайд этди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар