«Рома» Конференциялар Лигаси плей-оффида Туркия ёки Норвегия клубига қарши ўйнайди
Душанба, 02 Август
5606

УЕФА янги ташкил этган қитъанинг клублар ўртасидаги учинчи даражали мусобақаси – Конференциялар Лигаси гуруҳ босқичига чиқиш учун ўтказилажак плей-офф босқичида «Рома»нинг тахминий рақиби аниқ бўлди.

Белгиланган тартибга кўра топ-5 лигалардаги ЕЧЛ ва Европа Лигасига йўлланма ололмаган биттадан клуб айнан Конференциялар Лигасида иштирок этади. Италия А Сериясининг ўтган мавсумида 7-ўринни қўлга киритган «Рома» мусобақани ҳал қилувчи плей-офф босқичидан бошлайди. Туркиянинг «Трабзонспор» ҳамда Норвегиянинг «Молде» жамоалари ўртасидаги тўқнашув ғолиби ҳал қилувчи саралаш босқичида «Рома»га рақиб бўлади.

«Пасуш де Ферейра» (Португалия) ҳамда «Ларн» (Шимолий Ирландия) жамоалари тўқнушувида ғолиб бўлган жамоа гуруҳ босқичига чиқиш учун Англиянинг «Тоттенҳэм» клубига қарши ўйнайди. Шунингдек, «Унион» (Германия) ва «Ренн» (Франция) жамоалари «кучли бешлик» вакиллари сифатида ҳал қилувчи саралашдан мусобақага киришади. «Вилярреал» Европа Лигаси орқали ЕЧЛга чиққани сабаб бу галча Испаниядан ҳеч бир клуб Конференциялар Лигасида қатнашмайди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи плей-офф ўйинлари 19-26 август кунлари ўтказилади. 22 жуфтликда ғолиб бўлган жамоалар гуруҳ босқичига йўл олади.

Маълумот учун, Италиянинг «Рома» клуби ўзбекистонлик Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олган. Унинг трансфери шу кунларда эълон қилиниши кутилмоқда. Ҳужумчи айни дамда «Рома» билан Португалиядаги йиғинда иштирок этмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар