O'zbek Ўзбекча
#Токио2020. Германия жонланди, Америка сузишда, Россия гимнастикада порламоқда, Ўрта Осиёда яна бир давлат медалли бўлди
Чоршанба, 28 Июль
10859
Фото: AP

Токио олимпиадаси тобора қизиқарли бўлиб бормоқда. 27 июл якунларига кўра ҳозирча 56 давлат медалли бўлди. Олтин медал олган давлатлар сони 30 тага етди. Улар орасида 71 минг киши одам яшайдиган Бермуда ҳам бор. Бу давлат атлети триатлон баҳсларида чемпион бўлган.

Ўтган кунларда атлетлари кутилмаганда оқсаган Германия бир кунда иккита олтин медал олди. Каноэ ва от спортида немислар чемпион бўлиб, натижада умумжаоа ҳисобида ўнинчи ўринга кўтарилишди.

Руслар сузишда америкалик жаҳон рекордчисини ортда қолдиришди

Бугунги кунда россиялик атлетлар ҳам муваффақиятли қатнашиб, олтита медални қўлга киритишди. Кун бошидаги сузиш баҳслари руслар учун айниқса муваффақиятли ўтди. Саралашда жуда яхши қатнашган Евгений Рилов ҳамда Климент Колесников мос равишда олтин ва кушум олишди. Токиода чемпион бўлган 25 ёшли Рилов анча тажрибали атлет ва у Риода ҳам чалқанча усулда сузишда учинчи бўлган. Колесников эса 2000 йилда туғилган. Энг асосийси икки рус йигит 100 метрга чалқанча услубда сузишда ушбу йўналишдаги жаҳон ва олимпиада рекордчиси америкалик Райан Мёрфини ортда қолдиришди. Уч карра олимпиада чемпиони бўлган Мёрфи бронза билан кифояланди.

Россиялик таэквондочи йигитлар 27 июлда ҳам яна бир олтин ютишди. Бу гал 80 кг вазн тоифасида Владислав Ларин олимпиада чемпиони бўлди. Қизиғи, Токио олимпиадасига қадар россиялик таэквондочилар бирор марта олимпиадада ғолиб бўлишмаган. Японияда эса бирданига иккита олтин олишди. Бир кун олдин Максим Храмцов ҳам чемпион бўлганди. Русларга яна бир олтинни спорт гимнастикаси бўйича аёллар жамоаси келтирди. Худди эркаклар баҳсларида бўлгани каби аёлларда ҳам русларга тенг келадиган топилмади.

Фото: AFP

Россия гимнастикада қимматли мелалларни қўлга киритаётган бўлса, америкалик спортчиларга сузиш баҳслари омадли келмоқда. АҚШ жамоаси сузишдан нақ 12 та медал олди: 3 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза. Умумий ҳисобда америкаликлар 25 та медал қўлга киритишди. Бу борада улар катта фарқ билан олдинлаб кетишган. Японияда эса медаллар сифати яхшироқ. Улар 10 та олтин эвазига биринчи ўринда боришмоқда. Албатта, мезбонлар етакчилигига уларнинг кўпчилик шуғулланмайдиган ва олимпиада учун янги спорт турлари бўлган софтбол, скейтбоарддаги олтинлар ҳам сабаб бўлмоқда. Бироқ японлар дзюдо, стол теннисида ҳам яхши натижалар кўрсатишяпти.

27 июл ҳолатига кўра медаллар сони бўйича Хитой иккинчи бўлиб турибди (21 та). Чинликлар бу кунда учта олтин олишди. Кутилганидек сувга сакрашда битта, ўқ отишда иккита чемпионлик қайд этилди. Бугунга келиб Ўрта Осиёнинг яна бир мамлакати олимпиада медалини қўлга киритди. Туркманистонлик Полина Гурева тош кўтаришда кумуш олди. Шу тариқа минтақада медал олган мамлакатлар сони учтага етди. Ўзбекистон битта олтин билан ўзига хос пойгада биринчи, Туркманистон иккинчи, Қозоғистон эса учта бронза билан учинчи ўринда.

Бугунги куннинг энг қизиқарли баҳсларидан бири аёллар ўртасидаги дзюдо мусобақасида бўлди. 63 кг вазн тоифасидаги баҳслар финалида худди Рио олимпиадаси финалида бўлгани каби франциялик Кларисиа Агбегнену ва словениялик Тина Тртенжак тўқнаш келишди. Риода словениялик спортчи устун келганди, Токиода эса франциялик Кларисиа реванш олди. Бундай олимпик реваншлар эса доим ҳам кузатилавермайди. 5 карра жаҳон чемпиони Кларисиа ниҳоят олимпиада олтин медалини қўлга киритди.

Ўхшаш янгиликлар