O'zbek Ўзбекча
Токио-2020. 27 июль куни икки боксчи чоракфинал учун жанг қилади, яна икки дзюдочи медаллар учун курашади
Сешанба, 27 Июль
11107

28 июль куни Ёзги Олимпиаданинг бешинчи кунги баҳслари ўтказилади. Эртанги баҳсларда яна 4 нафар ўзбекистонлик спортчи 2 спорт тури бўйича ўз омадини синаб кўради.

Шу куни икки нафар боксчи нимчорак финал жангларидан иштирокини бошлайди, дзюдочилар жамоасидан бир эркак ва бир аёл спортчи медаллар учун курашиб кўради.

Соат 07:00да -70 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган дзюдочи Гулноза Матниёзова татамига чиқади. Унинг илк рақиби чадлик Демос Мемнелум бўлади.

Соат 07:45да эса Ўзбекистон дзюдо жамоасининг медал учун сўнгги умидларидан бири бўлмиш Давлат Бобонов (-90 кг вазн тоифасида) иштирокини бошлайди. Унга дастлабки жангида италиялик Николас Мунгай рақиблик қилади.

Ҳозирга қадар Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг), Сардор Нуриллаев (-66 кг), Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг), Шарофиддин Болтабоев (-81 кг), Диёра Келдиёрова (-52 кг) ва Фарангиз Ҳожиева (-63 кг) турнирни тарк этиб бўлди. Кейинги кунларда Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) ва Бекмурод Олтибоев (+100 кг) ўз омадларини синаб кўришади.

Бокс жамоасининг яна икки вакили чорак финал йўлланмаси учун жанг қилади. Соат 8:40да -57 кг вазн тоифаси вакили Миразизбек Мирзахалилов ирландиялик Курт Уолкерга қарши рингга кўтарилади.

Соат 16:30да эса -81 кг вазн тоифасида Дилшод Рўзметов озарбойжонлик Aлфонсо Домингесга қарши жанг бошлайди.

Бу Дилшод Рўзметовнинг Олимпиададаги иккинчи жанги бўлади. У 1/16 финалда ирландиялик Эммет Бреннанни 5:0 ҳисоби билан мағлуб этганди. 

Бундан ташқари, Турсуной Раҳимова (+51 кг), Элнур Абдураимов (-63 кг), Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ва Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) ҳам илк жангларда ғалабага эришиб, 1/8 финалга чиққанди. Бугун Ўзбекистон бокс жамоасининг яна бир вакили Бобо-Усмон Ботуров (-69 кг) 1/4 финал йўлланмасини ҳал қилди. Санжар Турсунов (-91 кг) эса илк рақибга мағлуб бўлиб, турнирни 1/16 финалдаёқ тарк этганди. Шаҳноза Юнусова (-69 кг) илк жангда муваффақиятсизликка учраган.

Ўзбекистон делегациясининг Олимпиада ўйинларидаги байроқдори, +91 кг вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов эса иштирокини 29 июль куни бошлайди. Шунингдек, -60 кг вазн тоифаси вакили Райҳона Қодирова ҳам илк жангига тайёрланмоқда.

Ўзбекистон делегацияси ҳозирча бир олтин медал билан умумий рейтингда 23-ўриндан жой олиб турибди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар