Улуғбек Рашидов – Олимпиада чемпиони бўлган тўққизинчи ўзбекистонлик
Душанба, 26 Июль
6845

2002 йилда туғилган Улуғбек Рашидовнинг Токио Олимпиадасидаги чемпионлиги миллионлаб ўзбекистонликларни хурсанд қилди. Улуғбек Олимпиада чемпиони бўлган энг ёш ўзбекистонлик бўлди. Шунингдек, у бу натижани ўзбекистонликлар орасида тўққизинчи бўлиб уддалади.

Ҳозиргача ўзбекистонлик атлетлар олимпиадаларда 8 марта олтин медални қўлга киритган. Улардан 7 таси ёзги, биттаси эса қишки олимпиадаларга тўғри келади. Ўзбекистонликлар орасида олимпиадани ютишни биринчи бўлиб 1994 йил Лина Черязева уддалаган. Лина Лиллиҳамердаги қишки олимпиаданинг фристайл йўналишида олтин медални қўлга киритади. Бу ўзбек атлетларининг Олимпиададаги илк медали ҳам эди. Черязовадан кейин қишки олимпиадада ўзбекистонликлар шоҳсупага яқинлашишмади ҳам.

1996 йилги Олимпиадада ўзбек спортининг яна икки забардаст вакили медал олиб, ёзги олимпиадада соврин ютишни бошлаб беришади. Боксчи Карим Тўлаганов бронза, дзюдочи Армен Багдасаров кумуш ютади. Шундан кейин ўзбек атлетларининг натижалари яхшиланиб борди. Сиднейда 4 спортчимиз медал олади. Артур Таймазов аламли тарзда финалда енгилиб, кумуш билан кифояланади. Боксчиларимиз Сергей Михайлов ҳамда Рустам Саидов бронза олишади. Муҳаммадқодир Абдуллаев эса боксда чемпионликни қўлга киритади. Бу ўзбек атлетларининг ёзги олимпиадаларда ютган илк олтини эди.

Афина-2004 ўйинларида медалларимиз сони 5 тага етади. Артур Таймазов бу гал чемпион бўлишни уддалайди. Ундан кейин яна бир курашчи Александр Доктурашвили ҳам олтин олади. Дарвоқе, Артур Таймазов 2008 ва 2012 йилларда ҳам олимпиадада чемпион бўлади. Бироқ допинг сабаб унинг кейинги икки медали бекор қилинади. Афинада ҳам боксдан иккита бронза бўлади. Ўткирбек Ҳайдаров ва Баҳодир Султонов учинчи ўринни олишади. Магомед Ибрагимов эса финалда енгилиб, кумуш медални қўлга киритади.

Таймазовнинг олтини бекор қилингани ҳисобига 2008 йил Пекинда ўтган олимпиада олтин медалсиз ўтди, дейишга мажбурмиз. Бу баҳсларда Ришод Собиров, Екатерина Хилко ва Антон Фокин бронза, Абдулла Тангриев кумуш медални қўлга киритади. Таймазовнинг допинг можароси сабаб 2012 йилги Лондон олимпиадаси ҳам расман Ўзбекистон учун олтинсиз ўтган. Ришод Собиров, Иван Ефремов ва Аббос Атоев бронза олишган.

2016 йил Рио олимпиадаси эса ўзбек спорти тарихидаги энг яхшиси бўлиб тарихга кирди. Атлетларимиз нақ 13 та медални қўлга киритишади. Улардан 4 таси олтин эди. Боксчилар Ҳасанбой Дўсматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳобиддин Зоиров ва штангачи Руслан Нуриддинов мусобақа ғолиби бўлишади. Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев кумуш, Диёрбек Ўрозбоев, Ришод Собиров, Рустам Тўлаганов, Элмурат Тасмуродов, Ихтиёр Наврўзов ва Магомед Ибрагимов бронза олади.

Шу тариқа Улуғбек Рашидов 19 ёшидаёқ Лина Черязова, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Артур Таймазов, Александр Доктурашвили, Ҳасанбой Дўсматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳобиддин Зоиров, Руслан Нуриддинов каби спортчилардан иборат элит рўйхатдан жой олди.

Ўзбекистонлик атлетлар бугунги олтинни ҳам қўшиб ҳисоблаганда умумий 33 та олимпиада медалини қўлга киритишган: 9 та олтин, 6 та кумуш, 18 та бронза. Улар спортнинг 7 та турида медал олишган. Таэквондо еттинчи бўлиб бу рўйхатга кирди. Барча турдаги медаллар энг кўп боксда қўлга киритилган. Умумий ҳисобда боксчилар 14 та медал олишган.

Ўзбекистон делегацияси учун энг сермаҳсул олимпиада Рио-2016 бўлган. Атлетлар қўлга киритган 13 та медал умумжамоа ҳисобида 21-ўринни олишга имкон берган. 

 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар