O'zbek Ўзбекча
Ғолиблик «рецепти»: Олимпиада чемпиони бўлган биринчи ўзбек – Муҳаммадқодир Абдуллаев билан суҳбат
Жума, 23 Июль
2070

Токиода ёзги олимпиада ўйинлари бошланди. Тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақасида ўзбекистонлик спортчилар ҳам чемпионлик учун кураш олиб боришади. Хўш, олимпиадада ғолиб бўлиш нима ўзи? Бунга қандай эришиш мумкин? Бу нарсани ўз танасида ҳис қилган, ёзги олимпиадада ғолиб бўлган биринчи ўзбекистонлик Муҳаммадқодир Абдуллаев билан суҳбат уюштиришга қарор қилдик.

Сидней-2000 олимпия ўйинлари ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаев билан суҳбатимиз чемпион бокс сирларини ўрганган Андижон шаҳридаги бокс залида бўлиб ўтди. У Сидней олимпиадасида ғолиб чиқиш йўлидаги машаққатлар ҳақида гапириб бериш билан бирга Токиога йўл олган боксчиларимиз учун далда бўладиган тавсиялар билан ўртоқлашди.

– Олимпиада ўйинлари ҳақида гапирганда одатда маҳаллий иқлимга, вақтга мослашиш ҳақида гапиришади. Бу қанчалик муҳим ва иқлимга мослашиш қанча вақт талаб қилади?

– Бошқа юртга мослашиб олишга бир ҳафта ёки ўн кун етади. Аслида, спортчига об-ҳаво таъсир қилмаслиги керак. Об-ҳаводан ёки бошқа нарсадан баҳона топса, спортчи бўлишнинг ҳожати йўқ. Биз Австралияга 10 кун олдин етиб бориб, ўша ерда 3-4 кун мобайнида спарринг жанглар ўтказганмиз. Ҳозирги спортчиларда олдингидан кўра имкониятлар катта. Айтайлик, олдинлари биз чет элликлардан қўрқиб рингга чиққан бўлсак, бутун дунё энди биздан қўрқиб жангга тушяпти. Ўйлайманки, шунинг ўзи катта ғалаба.

– Ҳал қилувчи жанглар ёки чиқиш олдидан совуққон бўлиш муҳимми ёки максимал мотивацияга эга бўлишми?

– Ҳаммага ҳар хил: кимгадир совуққон бўлиш ёқади, кимдир рингга чиқишдан олдин бировга гапирмайди, ўзи билан ўзи гаплашиб, кимдир кулишиб рингга чиқади. Мусобақага ёшлигидан бирга бўлган ўз мураббийи билан бирга борса, жуда яхши бўлади. Масалан, устозим Марс Қўчқоров хатоларим, нима қилишимни, рингдан олдинги ва жангга чиқишдаги ҳолатимни яхши биларди. Шароитга қараб баъзида дўқ қилиши мумкин. Асосан, сиқилмасдан, чиройли ҳолатда тушунтирарди. Ютқазаётсам, зўр тушяпсан, озгина ҳаракат қилиб қўй, деб далда берарди. Ҳозирги кунда федерация ҳамма боксчиларни ўз мураббийи билан бирга олиб боряпти, бу ҳам ёшларга катта мотивация бўлади. Мураббийнинг гапига кириб, чизган чизиғидан чиқмаса, албатта, яхши натижага эришади.

– Олимпиада вақтида овқатланиш қандай бўлади? Ўзбек спортчилари учун кўп миқдорда қази, ҳар хил гўштлар олиб кетишади. Ўйинлар вақтида яхши ейиш керакми?

– Гўшт олиб кетиш оғир атлетикачиларда бўлиши мумкин. Улар кучли овқат ейишлари керак. Боксчилар, курашчилар эса вазн ташлашимиз керак. Шу боис асосан енгил овқат – суюқ таом, салат истеъмол қилинади. Штангачилар эса кўпроқ ва кучли овқат ейишади. Кучли овқатни ҳар ерда ҳам топа олмайсиз, шу учун Ўзбекистондан олиб борилади ва саноқли спортчиларга мажбурий қўшимча қилиб берилади. Бизга ўхшаган спортчиларга эса енгил таомлар етарли. 20 кунлаб вазнни ушлаб туришимиз керак. Шунинг учун бизга ортиқча таом керак эмас.

– Ортга қайтиб, сизга олимпиада медаллари тақилган дамларни эсласак. Айнан ўша лаҳзада нимани ўйлаганингиз ёдингиздами?

– Шоҳсупада олтин медални таққанингизда барибир ишонмайсиз. Чунки кучли ҳаяжон босади. Хаёлда фақат тезроқ Ўзбекистонга бориш, одамлар билан кўришиш, тезроқ шу медални кўрсатай, деган хаёл бўлади. Мен чемпионлик билан бўйнимга катта масъулият тақилишини бошида билмасдим. Олимпиада чемпиони бўлганимдан кейин билдим – кўчада юриш, одамлар билан муомала, ҳаммаси ўзгарар экан. Энди одамлар олимпиада чемпионига бошқача кўз билан қарашади, шунга сиз ҳам лаббай деб жавоб беришингиз керак экан. Қаерга борсангиз, катталар пешонангиздан ўпади, бундан ортиқ бахт йўқ аслида. 2000 йилда чемпион бўлган бўлсам, ҳозир мактабларда жуда кўп Муҳаммадқодирлар бор, бу мен учун шараф. Шу сабаб ёшлигим қайтиб келса, қўрқмасдан яна боксни танлаган бўлардим.

– Токиога йўл олган спортчиларга нима деган бўлардингиз?

– Биласизми, бир ой Австралияда бўлдик ва бирор марта кўчага чиқиб, айланган эмасман. Сабаби ишим фақат бокс, машғулот ва ринг бўлган. Ҳозирда Токиога борган спортчиларга ҳам ватан, зал, машғулот ва рингдан бошқа нарсани ўйламасликлари кераклигини айтмоқчиман. Бундан чалғимаслик керак.

Синдейда яримфиналга чиққанимиздан кейин мотивация учун боксчиларни аквапаркка олиб бормоқчи бўлишди. Шунда мураббийга «Мен бормайман, дам олай, эртага куч бўлади», дедим. Залда шуғулландим, машғулотлар қилиб вазнимни ушлаб турдим ва шундай натижага эришдим. Ҳаммани хурсанд қиламан, деган спортчи куч олиши керак. Ватаним учун, халқим учун, ота-онам учун, яшаётган шаҳрим учун деган мақсад билан рингга чиқиш керак. Шунда, албатта, юқори натижага эришади. Худо хоҳласа, барча спортчиларимиз, боксчиларимиз тайёр. Ўйлайманки, улар уй ёки машина учун эмас, ватан учун рингга чиқади. Бизнинг боксчиларимиз бировдан қўрқмаслиги керак, бошқалар биздан қўрқсин.

Элмурод Эрматов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар