O'zbek Ўзбекча
Еврокубоклардаги легионерлар: Сергеев дебютини Хорватияда ўтказди, Умаровда ғалаба, Яхшибоев бу сафар ҳам ўйнамади
Жума, 23 Июль
4476

Ҳафтанинг сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари Европада ЕЧЛ ва Конференциялар лигаси саралаш босқич ўйинлари ўтказилди. Унда ўзбекистонлик легионерларнинг ҳам иштироки кузатилди.

Шаҳбоз Умаров
Беларуснинг БАТЭ клуби сафида УЕФА Конференциялар лигаси саралаш босқичида иштирок этаётган ўзбекистонлик Шаҳбоз Умаров пайшанба кунги ўйинда ҳам асосий таркибда ўйнади.

Грузияда «Динамо» клубига қарши саф тортган БАТЭ Батумидан ғалаба билан қайтди. Нехайчикнинг ягона голи меҳмонларга Беларусдаги жавоб ўйини олдидан яхши имконият ҳосил қилди. Ғалабали ўйинда Умаров 90 дақиқа ҳаракат қилди.

Конференциялар лигаси. 2-саралаш босқичи
Динамо Батуми (Грузия) – БАТЭ (Беларусь) 0:1 

Игорь Сергеев
Ҳафта аввалида Қозоғистондаги клубини «Ақтўбе»дан «Тобол»га ўзгартирган ўзбекистонлик форвард янги клуби сафидаги илк ҳафтадаёқ еврокубокларда дебютини ўтказди. 

Кустанай клуби билан Хорватияга сафар қилган Игорь Сергеев Конференциялар лигаси 2-саралаш босқичи доирасида «Ҳайдук» жамоасига қарши саф тортди. Сплит шаҳридаги баҳсдан меҳмонлар 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан қайтишди. Ўзбекистонлик ҳужумчи янги жамоасидаги дебютида 57-дақиқада Неманья Николич ўрнига майдонга тушди. Аммо жамоасига ёрдам бера олмади. Тўғри, 73-дақиқадаги қарши ҳужумда «МЮ» собиқ аъзоси Зоран Тошичнинг оширмасидан кейин Сергеев гол урди, аммо қанот ҳаками вазиятни офсайд дея баҳолади.

Шунга қарамай, «Тобол»да ҳали имконият бор – Қозоғистон чемпионати пешқадами 29 июль куни ўз майдонида «Ҳайдук»га қарши жавоб учрашувини ўтказади.

Конференциялар лигаси. 2-саралаш босқичи
Ҳайдук (Хорватия) – Тобол (Қозоғистон) 2:0 

Жасур Яхшибоев
Жасур Яхшибоев фаолият олиб бораётган Польшанинг «Легия» клуби Чемпионлар лигаси 2-саралаш босқичи биринчи ўйини доираси Эстониянинг «Флора» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Аввалги баҳсларда бўлгани каби бу сафар ҳам Жасур Яхшибоев жамоа қайдномасидан ўрин олмади. 

ЕЧЛ. 2-саралаш босқичи.
Легия (Польша) – Флора (Эстония) – 2:1.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар