Чусовитина байроқдорлар алмаштирилганига муносабат билдирди
Жума, 23 Июль
27726

Бугун, 23 июль куни Токио-2020 Олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбир олдидан Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари кутилмаганда ўзгаргани маълум бўлди.

Бир ҳафта аввал Токио-2020 Олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобо Усмон Батуров бўлиши ҳақида хабар қилинган эди. Бироқ бугун, 23 июль – Токио-2020 очилиш маросимидан олдин байроқдорлар ўзгаргани, Чусовитина ва Батуров ўрнига боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквандочи Нигора Турсунқуловага ишонч билдирилгани ҳақида МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов маълум қилди.

46 ёшли гимнастикачи Оксана Чусовитина «Спутник» нашри билан суҳбатда, бу қарор унинг шижоатини ўлдиргани ва бу борада унга ҳеч қандай тушунтириш берилмагани ҳақида гапирди.

«Биласизми, байроқдорлар нега алмаштирилганини менга тушунтиришмади. Шунчаки, менга бормаслигимни айтишди, бор гап шу. Иштиёқимни ўлдиришди... Бундай қилиш нотўғри. Шунчаки тўғрисини тушунтиришса, ҳаммамиз ҳам одам, тушунамиз», - дея спортчининг сўзларини келтирган нашр. 

Кўп ўтмай спортчининг ўзи видеомурожаат қилиб, олимпиада ўйинлари очилиш арафасида уни қўллаб-қувватлаётган барча ватандошларга, мухлисларига мурожаат қилиб, миннатдорлик билдирди ва спортчи учун тинчлик муҳим эканини айтди.

«Азиз мухлисларим! Қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга раҳмат. Келинг, кайфиятни туширмаймиз, бугун очилиш маросими. Биз уни узоқ вақт кутдик. Хурсанд бўлиб ҳаммани қўллаб-қувватлайлик. Тез орада мусобақалар бошланади ва бизга яхши иштирок учун хотиржамлик керак. Яна бир бор раҳмат, ҳаммангизни қучиб қоламан, ҳаммамизга омад», деган Чусовитина МОҚ саҳифаларида эълон қилинган видеомурожаатда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар