O'zbek Ўзбекча
Федерердан Лебронгача. Токио Олимпиадасига бормайдиган 12 юлдуз спортчи
Чоршанба, 21 Июль
6628

Ёзги Олимпиадада одатда сайёрамизнинг энг кучли спортчилари иштирок этишади. Аммо тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақасига ташриф буюрмайдиган юлдузлар ҳам учраб туради. Старт арафасидаги Токио-2020 Олимпиадаси ҳам бундан мустасно бўлмади. Қуйида кунчиқар юртга ташриф буюрмайдиган спорт юлдузлари билан танишинг.

Мо Фара

Спорт тури: енгил атлетика

Мамлакати: Буюк Британия

Тўрт карра Олимпиада чемпиони, олти карра ЖЧ олтин медали соҳиби британиялик машҳур енгил атлетикачи Мо Фара 2017 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг 5000 ва 10000 метрга югуриш турини марафонга алмаштирганди. Аммо сезиларли ютуқларга эриша олмагач, яна ўзининг севимли масофаларига қайтишга қарор қилди. Афсуски, бу қайтиш унга омад келтирмади. Дастлаб Фарани допинг истеъмол қилишда айблашди. Бироқ бу айбловлар ўз исботини топмади. Кейин эса 38 ёшли спортчи олимпия нормативини бажара олмагач, Токио-2020 йўлланмасидан қуруқ қолди.

Кастер Семеня

Спорт тури: енгил атлетика

Мамлакати: ЖАР

Жанубий африкалик спортчи деярли 10 йил давомида 800 метрга югуришнинг «қироличаси» бўлиб келди. Икки карра Олимпиада ва уч карра жаҳон чемпиони Токиода ғалабали сериясини давом эттириши мумкин эди. Бироқ Халқаро енгил атлетика федерациясининг янги қоидалари бунга тўсқинлик қилди. Унга кўра 400 метрдан ортиқ масофага югурадиган ва юқори даражадаги тестостеронга эга спортчилар махсус гормонал препаратлар қабул қилишлари лозим экан. Кастер бунга норозилик тариқасида ташкилот билан узоқ вақт судлашди. Аммо унда ютқазгач, 5000 метр масофага югуришга «ихтисослашди». Афсуски бу турда ҳам у олимпия нормативини бажара олмади ва Токиога йўлланма ололмаслиги маълум бўлди.

Жастин Гэтлин

Спорт тури: енгил атлетика

Мамлакати: АҚШ

Жастин Олимпиада чемпионлигига узоқ 2004 йилда Афинада эришган эди. Кейин эса 2005 йилда жаҳон чемпионатида ҳам триумфал ғалабага эришди. Шундан сўнг допинг билан боғлиқ муаммолар сабабли ҳамда Усэйн Болтнинг ҳукмронлик йилларида сояда қолиб кетди. Гэтлин ҳозир 39 ёшда ва бу спринтерлик ёши ҳисобланмайди. АҚШдаги миллий саралаш босқичида у 100 метрга югуришда 8-ўрин билан кифояланди ва фаолиятидаги тўртинчи Олимпиадасига бормаслиги ойдинлашди.

Дэвид Рудиша

Спорт тури: енгил атлетика

Мамлакати: Кения

Икки карра Олимпиада чемпиони ва жаҳон рекордчиси билан сўнгги пайтларда нима рўй бераётганлигини тушуниш қийин. Кениялик спортчи 2017 йилдан сўнг умуман ўзига ўхшамаяпти. Сабаблар етарлича: жароҳатлар, отасининг вафоти, спирли ичимликларга ружу қўйиш, жиддий автофалокат. Спортчи мўъжиза рўй бериб омон қолди, бироқ аввалги ҳолатини барибир тиклай олмади. Бу сафар унинг мусобақада иштирок этишига яна жароҳат тўсқинлик қилди.

Райан Лохте

Спорт тури: сузиш

Мамлакати: АҚШ

Таниқли сузувчи ўзи иштирок этган тўрт Олимпиадада 6та олтин медални олиб келган. Афсуски, 2018 йилда у допинг можаросига аралашиб қолди ва 14 ойга катта спортдан четлаштирилди. Дисквалификация муддатини ўтаб яна бассейнга қайтгач, Райан аввалги юқори натижаларини намойиш эта олмади ва саралаш босқичидан ҳам ўта олмади.

Роман Власов

Спорт тури: юнон-рум кураши

Мамлакати: Россия

Власов Лондон-2012 ва Рио-2016 Олимпиадаларида иккита олтин медални қўлга киритган ҳамда жаҳон чемпионатларида уч маротаба ғолибликка эришган. Роман учинчи Олимпиадасида иштирок этишни ва ғолиб чиқишни орзу қилар эди. Аммо бу ниятига ета олмади. У Россия саралаш босқичидан ўта олмади. Роман 77 кг вазн тоифасида Александр Чехиркин ва Абуязид Манциговдан кейин учинчи захира курашчиси саналади ҳамда юқоридаги спортчиларнинг жароҳати ёки бошқа жиддий сабаб билангина Токиога ташриф буюриши мумкин.

Кристиан Тэйлор

Спорт тури: учҳатлаб сакраш

Мамлакати: АҚШ

Америкалик енгил атлетикачи Кристиан Тэйлор икки марта Олимпиада (2012 ва 2016) ғолиби ва тўрт маротаба жаҳон чемпиони титулларини қўлга киритган. Кристианнинг шахсий рекорди (18,21 м) – енгил атлетика тарихидаги иккинчи ва жаҳон рекордидан 8 см узоқликдаги натижадир. Токио-2020да у иштирок этмайди – у баҳорда Чехиядаги турнирда оғир жароҳат билан сафдан чиққан эди.

Рафаэль Надаль

Спорт тури: теннис

Мамлакати: Испания

«Улкан тож» туркумидаги мусобақаларнинг 20 карра ғолиби дастлаб Токио-2020да иштирок этмоқчи эди. Аммо июнь ойида испаниялик теннис юлдузи кунчиқар юртга бормаслигини маълум қилди. Бу жуда оғир қарор бўлди, бироқ Надаль теннисда узоқроқ вақт қолиш учун танаффус қилишга мажбур бўлганини билдирди.

Серена Уильямс

Спорт тури: теннис

Мамлакати: АҚШ

Серена Уильямс Олимпиада ўйинларининг кўп карра ғолиби ҳисобланади. У дастлабки «олтини»ни 21 йил аввал – Сидней-2000 ўйинларида қўлга киритган. Шундан сўнг яккалик ва жуфтлик баҳсларида яна уч марта ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган. Рио-2016да эса бронза медалига сазовор бўлган. 39 ёшли теннисчи баъзи сабабларга кўра, Олимпиада-2020ни ўтказиб юборишини барчага маълум қилган.

Роже Федерер

Спорт тури: теннис

Мамлакати: Швейцария

Швейцариялик теннисчи Олимпиада ўйинларининг жуфтлик баҳсларидаги ғолиби ва якка тартибдаги финалчиси саналади. Бироқ Роже Токиода иштирок этмайдиган бўлди ва бу қарори билан мухлисларини ранжитди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Тиззасидаги жароҳат унга мусобақаларда тўлиқ куч билан ўйнашига тўсқинлик қилмоқда. Ўтган йили у икки марта жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди.

Яннис Адетокумбо

Спорт тури: баскетбол

Мамлакати: Греция

МБАнинг энг ёрқин юлдузларидан бири Яннис Адетокумбо Олимпиадада иштирок этишни жуда истаганди. Аммо у тўп сурадиган Греция миллий жамоаси саралаш босқичидан ўта олмагач Токио-2020 йўлланмасидан қуруқ қолиб кетди. Шу тариқа, баскетбол мухлислари замонамизнинг энг кучли «гулливерчи»ларидан бирининг ўйинини томоша қилиш бахтидан мосуво бўлишди.

Леброн Жеймс

Спорт тури: баскетбол

Мамлакати: АҚШ

Баскетбол юлдузининг халқаро фаолияти турли синовлар ва воқеликларга бой бўлди. Жеймснинг жаҳон чемпионатларидаги омадсизликлари билан бир қаторда 2008 ва 2012 йилги Олимпиадаларда АҚШ миллий жамоаси билан эришган олтин медалларини ҳам эътироф этиш мумкин. 

Леброннинг халқаро фаолияти Токио-2020даги Олимпиададан кейин якунлаши кутилганди. Чунки у афсонавий мураббий Грегг Попович қўл остида Япониядаги Олимпия Ўйинларида иштирок этишни орзу қилаётганди. Бироқ Олимпиада 2020 йилдан 2021 йилга кўчирилгач, 36 ёшли «гулливер»нинг режалари ўзгарди. Леброн «Space Jam» номли анимацион фильмда суратга тушиш ва ушбу лойиҳада иштирок этишга кўпроқ эътибор қаратишга қарор қилганини маълум қилди ва охир-оқибат АҚШ миллий жамоаси сафида Токиога бормайдиган бўлди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар