O'zbek Ўзбекча
Олимпия ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон делегацияси Токиога йўл олди
Сешанба, 20 Июль
3492

23 июлдан Япония пойтахти Токиода ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари бошланади. Мусобақаларда Ўзбекистон олимпия жамоаси 71та йўлланма билан қатнашади. Бокс, дзюдо, таэквондо ва академик эшкак эшиш спорт турларидаги вакилларимиз аллақачон кунчиқарга юртга етиб боришганди. 19 июль куни эса бошқа спорт турларидаги олимпиадачилар ва делегация раҳбарияти чартер-рейс орқали Токиога учиб кетишди.

Спортчилар Миллий олимпия қўмитаси биносида тўпланиб, автобусларда аэропорт томон йўл олишди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олимпиадачиларни кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакат бош вазири Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов иштирок этишди ва спортчиларга омад тилашди. Тадбирни онлайн тарзда боксчи, дзюдочи, таэквондочилар ҳам кузатишди.

Абдулла Арипов олимпиячиларга барча имкониятлар яратиб берилганини таъкидлади:

«Мана 5 йил кутилган Олимпиада бошланиш арафасида. Турнирга тайёрланиш учун моддий-техник томондан барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Натижалар ҳам шунга яраша бўлиши керак. Ватан сизни ғалабалар билан кутади.

Спортчиларимиз Риодаги олимпиадада жуда муваффақиятли қатнашишганди. Шунинг учун рақиблар бу гал бизга аввалгидан жиддийроқ муносабатда бўлишади. 9 август куни мана шу ерда сизларни хурсандчилик, ёруғ юз билан кутиб олиш насиб қилсин».

Делегация таркибидаги энг ёш спортчи — 18 ёшли қиличбоз Зайнаб Дайибекова Tribuna.uz мухбирига берган интервьюсида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

«Ҳиссиётлар ўзгача Ватанимиз шарафи учун курашишга ҳаракат қиламиз.

Сўнгги тайёргарликни Дукентда ўтказдик. Рақибларнинг жанглари ёзилган видеоларни кўриб, уларни таҳлил қилдик».

Теннисчи Денис Истомин эса эҳтимолий рақиблари ҳақида гапириб ўтди:

«Риодаги Олимпиададан сўнг ўтган 5 йил ичида теннис ўзгарди. Ёш ва умидли теннисчилар бор. Бу сафарги мусобақада Роже Федерер ва Рафаэль Надаль йўқ. Новак Жокович — ғолибликка асосий даъвогар. Лекин теннисда ҳамма нарса бўлиши мумкин, айниқса, олимпиадада. Ёш спортчилар ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Муҳими — ўзига бўлган ишонч».

Аъзамжон Иззатиллаев, Tribuna.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Нидо

Ўхшаш янгиликлар