O'zbek Ўзбекча
Чусовитина ва Батуров Токио Олимпиадасида Ўзбекистон байроқдорлари бўлишади
Шанба, 17 Июль
3121

Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон делегациясидан қайси спортчилар байроқдор бўлиши маълум қилинди.

МОҚ матбуот хизмати хабарига кўра, очилиш маросимида афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобо-Усмон Батуров Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бўлишади. Қайд этиш жоиз, Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлган дастлабки аёл атлетимиз сифатида тарихдан жой олмоқда.

«Оксана Чусовитина Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, қаторасига еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган. Демак, Токиодаги очилиш маросимда ўзининг саккизинчи Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган, аллақачон дунё гимнастикаси афсонасига айланган ҳамюртимиз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони эгаси Оксана Чусовитина мамлакатимиз спорт делегациясини ҳур диёримиз байроғини сарбаланд кўтарган ҳолда XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг бош аренасига бошлаб тушади. Унга эса бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, «Келажак бунёдкори» медали соҳиби Бобо-Усмон Батуров ҳамроҳлик қилади», - дейилади Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси хабарида.

Маълумот учун, очилиш маросимининг сценарийсига кўра, барча давлатлардан 1 нафардан эркак ва аёл спортчилар байроқдор бўлиб чиқишади. Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилишидир. 

Эслатиб ўтамиз, XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00да Токиодаги «Олимпия» стадионида бошланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар