«Нурафшон» номи билан Бухоро футболи мавқеини тикламоқчимиз». Усмон Тошев бош мураббий бўлиб ишлаши, клуб номи ўзгаргани ва Про лигадаги мақсадлар ҳақида
Пайшанба, 15 Июль
5621

Тожикистондаги уч йиллик фаолиятидан кейин яна «Бухоро»га қайтган тажрибали мутахассис Усмон Тошев икки ой аввал клубнинг бош директори этиб тайинланган бўлса, куни кеча ўтган йиғилишдан кейин жамоада бош мураббий сифатида фаолият юритиши маълум бўлди. Ушбу йиғилишда «Бухоро» клуби энди расман аввалгидек «Нурафшон» дея қайта номлангани эълон қилинди. Бу борада Tribuna.uz мухбири Усмон Қудратович билан суҳбатлашиб, клубдаги ўзгаришлар ҳақида сўради.

- Усмон Қудратович, «Бухоро» клубида тўлиқ фаолият бошладингизми?

- Тожикистон миллий жамоаси билан амалдаги шартномам якунига етгач, улар билан дўстона хайрлашдим. Бухорога катта ният ва мақсадлар билан қайтдим. Шу боис, барчасини тўғри йўлга қўйиб ишни бошладик. Бунгача Бухоро вилоят футбол ассоциациясида фаолият юритган Фаррух Ҳамроев клуб директори сифатида иш бошлади. У ўз вақтида футболчи бўлган, Бухоро футболидан яхши хабардор бўлган маҳаллий мутахассис. Мен эса клуб бош мураббийи сифатида ишлайман.

- «Бухоро» клубининг «Нурафшон» дея номланиши нима билан боғлиқ?

- Бу анчадан буён режа қилинган, раҳбарият, мухлислар ва барчамиз ўйлаб келган масала эди. Ўзим ҳам қачондир Бухорога қайтсам, клубнинг аввалги шон-шуҳрати, Бухоро футболи мавқеини кўтариш мақсадида жамоани аввалги «Нурафшон» номига қайтаришни ният қилгандим. Клуб ва мухлисларнинг фикри бир жойдан чиқиб, «Бухоро» номини «Нурафшон»га ўзгартирдик. Бухоро футболи айнан «Нурафшон» номи остида юқори ўринларда бўлганини фахрий мухлислар яхши эслашса керак. Бухоро футболи мавқеини кўтаришимиз шарт. Бунинг учун клубимизда яхши коллектив йиғилган. Улар билан бу йўлда муваффақиятли ишлай олишимизга ишонаман. Қўл остимда ҳам яхши таркиб йиғилган.

- Жамоа Бухорода мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарликни бошлади. Йиғинда қандай ўзгаришлар режа қилинган?

- 12 июль кунидан мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарликни бошладик. Барча футболчилар етиб келган. Бухородаги қароргоҳимизда яхши тайёргарлик кўриш учун барча шароитлар мавжуд, шу боис Тошкентга бориб йиғин ташкил этиш ҳақида ўйлаётганимиз йўқ. Фақатгина ўртоқлик ўйинлари ўтказиш учун пойтахтга йўл олишимиз мумкин. Спарринг рақиб топилса, назорат баҳсларини ҳам Бухорода ўтказамиз.

- Одатда янги бош мураббийлар таркибда катта ўзгаришларга қўл уради. Бу борада сизнинг режаларингиз қандай?

- Олдинги мураббийлар Бухорода яхши даражадаги футболчиларни таклиф этишган. Шундай экан, таркибдаги футболчилардан кўнглим тўқ. Фақатгина 3-дарвозабон бўлган туркманистонлик Рахат Жапаров билан хайрлашдик. Шунингдек, таркибга тожикистонлик иқтидорли ҳужумчи Тоҳир Маладўстовни таклиф қилдим. Унинг имкониятларидан яхши хабардорман.

- Суперлигага чиқишни мақсад қилган клубнинг селекция жараёни бу билан якунланмаса керак?

- Албатта, Про лига ғолиблиги учун курашаётган эканмиз таркибни кучайтиришимиз керак бўлади. Йиғинлар давомида футболчиларнинг имконияти билан яқинроқ танишгач, бу борада ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Аммо клубга бор футболчиларни жавоб бериб, янгиларини олиб келиш учун келганим йўқ. Жами таркибнинг нари борса 10 ёки 20 фоизи янгиланиши мумкин, аммо жамоа асоси ўзгармайди. Таркибда Суперлига йўлланмаси учун кураша оладиган ўйинчилар йиғилган.

- Клубдаги ўзгаришлар ва жамоанинг 3-ўринда эканлигидан келиб чиқсак, мақсад ўзгармайдими?

- Йўқ, «Нурафшон» номи остида Суперлигага чиқиб, Бухоро футболи анъаналарини тиклашни мақсад қилганмиз. Вилоятда болалар футболини ривожлантиришнинг замонавий йўлига ўтиш вақти келган. Бухородан ҳам аввалгидек номдор легионерлар, миллий жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган ўйинчилар чиқиши керак. Бу борада мураббийларнинг ишини ҳам тўғри йўлга қўйиб, муносиб рағбатлантиришимиз лозим. Ўзимиз истаган тизимни тўғри йўлга қўя олсак, умид қиламанки «Нурафшон» ўзбек футболида яна ўз номига эга бўлади.

Усмон Ибодов суҳбатлашди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар