Токиода Риодаги муваффақият такрорланадими? МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов билан суҳбат
Чоршанба, 14 Июль
2844

23 июлдан ХХХII ёзги олимпиада ўйинлари старт олади. Ўзбекистон делегацияси Токиода ўтадиган 4 йилликнинг энг йирик турнирига спортнинг 17 туридан 71 та йўлланмани қўлга киритган. Хўш, Ўзбекистон мусобақага тайёрми? Риодаги каби юқори натижалар қайд этиладими? Шу каби саволларга жавоб олиш учун Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов билан суҳбатлашдик.

– Ойбек ака, Ўзбекистон 2016 йилги Риода ўтган ёзги Олимпиадада тарихдаги энг яхши натижасини қайд этди. Бирдан бундай ўсишга қандай эришилди? Бу сафар ҳам юқори натижалар кутсак бўладими?

– 2012 йилги Лондон олимпиадасидаги муваффақиятсиз иштирок таҳлил қилинди. Бразилиядаги олимпиада учун дастур ишлаб чиқилди. Ҳар бир спорт турига молиявий маблағ ажратилди, ҳомийлар бириктирилди. Муносиб тайёргарлик кўрилди. Натижада Ўзбекистон энг яхши натижасини қайд этиб, 13 та медал билан умумжамоа ҳисобида 21-ўринни қўлга киритди.

Риода фақат яккакурашларда медаллар қўлга киритгандик. Шу сабабли Токио олимпиадасигача спорт географиясини кенгайтиришни мақсад қилдик. Бу сафар 71 та йўлланма қўлга киритилди, аёл лицензиатлар (30 нафар) сони борасида ўсишга эришилди. Риодаги турнир билан таққосласак, бу олимпиадада биринчи маротаба замонавий бешкурашдан вакилларимиз қатнашади. Таэквондочилар илк бор тўлиқ таркибда иштирок этишади, дзюдодан 11 та йўлланмага эга чиқдик. Лекин енгил атлетика ва жамоавий спорт турларида кўзланган мақсадга эриша олмадик. Шу ўринда паралимпияга 55 та йўлланма қўлга киритганимизни ҳам таъкидлашни истардим. Бу – энг яхши натижамиз.

– Қўмита биносига киришда олимпиада учун ишлаб чиқилган либосларни кўрдик. Улар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– Либос дизайни борасида махсус танлов эълон қилдик. Аввал либосларимиз оқ-кўк рангларда бўларди, бу сафар оқ-яшил ранглардан ва миллий нақшлардан фойдаландик. Уларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тақдим этган.

– Боксчи, дзюдочи ва таэквондочилар кунчиқар юртга етиб боришди. Қолган спорт турларидаги атлетлар Японияга қачон учишади?

– Иқлимга мослашишдан келиб чиқдик. Биласиз, Токио иқлим ва вақт жиҳатидан (4 соатга) биздан фарқ қилади. Мутахассислар билан гаплашганимизда, мослашиш учун 4-5 кун керак бўлишини айтишди. Шунинг учун ҳар бир спорт тури учун мусобақалар санасига қараб индивидуал тарзда жадвал ишлаб чиқдик. Масалан, кураш мусобақалари кейинроқ бўлади. Шунинг учун уларни олдиндан олиб боришга эҳтиёж йўқ. Асосий делегациямиз эса 19 июл куни махсус рейс билан учиб боради.

– Пандемияни инобатга олсак, делегациянинг Токиода яшаши қандай бўлади?

– Турнирнинг ташкилий масалалари кўп бор муҳокама қилинди. Сўнгги қарорга кўра, мусобақаларга ҳатто маҳаллий мухлислар ҳам киритилмайдиган бўлди. Спортчиларга чекловлар ўрнатилган: Олимпия шаҳарчасидан чиқиш мумкин эмас. Бегоналарнинг киришига йўл қўйилмайди. Барча белгиланган тартибга амал қилади.

– Аввалги олимпиадалардан кейин совриндор спортчиларимизнинг айримларида допинг аниқланди. Артур Таймазов, Сослан Тигиев, Руслан Нуриддиновни мисол қилиб келтириш мумкин. Бундай хатолар қайтарилмаслиги учун жиддий текширувлар, допинг тестлари ўтказилдими?

– 2017 йилда сиз айтган салбий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, президентимиздан Антидопинг агентлигини ташкил этишни илтимос қилдик. Бундан мақсад – спортчиларни доимий кузатиб бориш ва уларга тўғри маслаҳатлар бериш. Қарийб 4 йил давомида агентлик тўғри ишлар олиб борди.

Чемпион тайёрлаш учун 8-10 йил вақт кетади. Шунча тайёргарлик кўрилса-ю, якунда қўлга киритилган медаллар олиб қўйилса, бу ачинарли ҳолат. Шу нуқтайи назардан агентлик ташкил этилди. Спортчилар мониторинг қилиб борилмоқда. Худо хоҳласа, бундай ҳолатлар қайтарилмайди.

– Одатда олимпиадаларда бокс, дзюдо ва курашдан медаллар қўлга киритилади. Рио олимпиадасидан кейинги 4-5 йил ичида яна қайси спорт турлари совринлар қўлга киритиш даражасига чиқа олди?

– Ўсиш бор. Масалан, таэквондочилар ҳозирда юқори спорт формасида. Эшкак эшиш, велоспортда ҳам тўғри селексия ишларини олиб бордик, деб ҳисоблайман. Аслини олганда олимпия ўйинларигача етиб бордими, демак, у аллақачон юқори даражали спортчилигини исботлай олган. Барча атлетларимиздан яхши натижалар кутиб қоламиз.

– Ўзбекистон бокс миллий жамоасидаги айрим вазн вакиллари борасида мунозаралар кўпайди. Бу борада бокс миллий жамоаси мураббийлари билан йиғилиш ўтказилдими ёки олимпиададан сўнг сарҳисоб қилинадими?

– Сўнгги 4-5 йилда бокс бўйича деярли барча мусобақаларда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаб келяпмиз. Албатта, Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов каби спортчиларимиздан илҳомланиб, кўплаб ёшлар боксга интилишмоқда. Ота-оналар ҳам фарзандларини асосан бокс тўгаракларига беришмоқда. Буни мониторинг қилиб кўрдик. Натижада ҳозирда миллий жамоага даъвогарлар сони ошган. Айрим вазнлардаги боксчиларнинг кучи тенг. Лекин айнан кимлар боришини мураббийлар штаби ўзаро мусобақалар орқали аниқлаб олишган. Бунга аралаша олмаймиз. Натижани олимпиадада кўрамиз.

– Олимпиадага йўлланма қўлга киритилмаган бўлса-да, футбол бўйича ҳам бир савол бор эди. Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийлигига номзодлар орасида Темур Кападзе ҳам тилга олинмоқда. Кападзе миллий жамоага мураббий бўлса, чиройли ўйинлар кўрсатаётган ва ўз йўлида яхши кетаётган «Олимпик»нинг тақдири нима бўлади?

– «Олимпик» жамоасининг ташкил этилиши жуда кўп баҳсларга сабаб бўлди. Халқаро тажрибани ўрганиб, бу қарорга келдик. Ҳозир Хитой ҳам шу йўлдан кетмоқда. Ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган ёки Суперлига жамоалари захирасида ўтирган футболчиларни жамлаб, уларни бир жамоа сифатида шакллантиришни мақсад қилдик. Жамоа ёмон ўйин кўрсатмаяпти, Про-Лигада пешқадам. Клубнинг 80-90 фоиз футболчилари Ўзбекистон олимпия жамоасининг ўзагини ташкил этади. Шу йўсинда давом этса, бу жамоа келажакда Япония, Жанубий Корея билан тенгма-тенг кураша оладиган даражага чиқади.

Кападзе номзодига келсак, миллий жамоага номзодлар етарли. Фикримча, у ҳозирги ишини давом эттириши ва жамоани Олимпиадага олиб чиқишга ҳаракат қилгани маъқул.

Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар