Англиядан 5 киши, Италиядан 4 киши. Tribuna.uz талқинига кўра Евро-2020 рамзий жамоаси
Чоршанба, 14 Июль
4294

Евро-2020 кутилганидан-да ҳиссиётларга бой бўлди. Бу мусобақада бир футбол турнирида кузатилиши мумкин бўлган барча воқеаларни кўрдик. Охир-оқибат чемпионликка ҳақли жамоа ғалаба қозонди, ўз навбатида, сенсациялар ҳам кузатилди. Бу тарихий чемпионат бўлди: бир нечта давлатларда ўтказилди, бундан ташқари, у инсоният учун синовли бўлган коронавирус даврида ўтди. Айнан шу сабаб бу галги Еврони мухлислар 5 йил кутишди.

Барча нашрлар одатга кўра мусобақа якунида ўз вариантига кўра рамзий жамоаларни эълон қилишади. Tribuna.uz версиясига кўра Евро-2020 рамзий жамоаси қуйидагича кўриниш олди.

Бош мураббий: Роберто Манчини (Италия)

Бу Италия ва Манчини учун бирдек зарур мусобақа эди. Турнир аввалида Италиянинг энг яхши даври ўтиб бўлган деган фикрлар кўп янгради. Қўшимчасига мовий гвардия 2018 йилги жаҳон чемпионатидан қуруқ қолган эди. Ҳа, итальянлар доимгидек фаворитлар қаторида эътироф этилди, бироқ улар чемпион бўлишига ишонувчилар кўпчилик эмасди. Шунингдек, «Манчестер Сити»дан кейинги у қадар муваффақиятли кечмаган фаолияти сабаб Манчинини ортиқ топ мураббийлар қаторида эътироф этмай қўйганди.

Италиялик мутахассис ўз жамоаси билан мағлубиятсиз серияни муваффақиятли давом эттира олди. Номлар бўйича Франция, Бельгия ёки Англия олдида мақтана олмайдиган «скуадра адзурра» йигитларидан яхлит бир жамоани ташкиллаштириш мураббийнинг маҳоратига боғлиқ эди. Роберто турнир давомида 4-3-3 тактикасидан доимий фойдаланиб келди. Биз ҳам рамзий жамоани энг яхши мураббий танлаган схемага асосланиб тузиб чиқамиз.

Дарвозабон: Жанлуижи Доннарумма (Италия)

«Жижи»дан сўнг, бизда энди «Жижио» бор», деди Италия сардори Кьеллини финалдан кейинги интервьюсида. Ҳа, плей-оффнинг ўзида иккита пенальтилар сериясини ютиб чиққан Доннаруммани УЕФА мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топди. Посбон бунга тўлиқ муносиб ҳаракат қилди: Мусобақа давомида 4 та «қуруқ ўйин» ўтказди, 9 та сейв қилди. 22 ёшида дарвозабон аллақачон миллий жамоа сафида 33 та ўйинда майдонга тушишга улгурди. «Милан»дан кетиши мусобақа бошланмасидан маълум бўлган Доннарумма «ПСЖ»га ўтмоқда. Янги мавсумда Париж клуби дарвоза чизиғида қандай рақобат бўлишини тасаввур қилаверинг.

Чап қанот ҳимоячиси: Люк Шоу (Англия)

Инглизларни бир қанча муддат орзулар оғушига ташлаган Шоу аслида бутун мусобақани яхши ўтказди. Ким учундир Спинаццоланинг ўйини ёрқинроқ кўриниши мумкин, аммо яримфинал ва финал турнирнинг энг муҳим ўйинлари ҳисобланади. Кутилмаган жароҳат сабаб бу учрашувларда иштирок этмаган Леони Евронинг энг яхши чап қанот ҳимоячиси сифатида эътироф этиш у қадар тўғри бўлмасди.

Турнир давомида Шоу битта гол урди ва у ҳам финалда. Люк мусобақа давомида ажойиб кўрсаткичлар қайд этди: узатмалар аниқлиги 83 фоиз, 9 маротаба подкат орқали тўпни олиб қўйган, 21 маротаба жамоасига тўпни қайтариб олиб берган. Асосийси эса учта голга ассистентлик қилди.

Ўнг қанот ҳимоячиси: Кайл Уокер (Англия)

Иккинчи қанотни ҳам инглизлар ҳимоячисига топширишга қарор қилдик. Кайл Уокер мусобақа давомида нафақат қанотда зўр ўйнади, балки марказий ҳимояга ҳам ёрдам берди. Уокер 6 та ўйинда жами 40 маротаба жамоасига тўпни олиб берди. 89 фоиз узатмалари ўз манзилига аниқ етиб борди.

Марказий ҳимоячи: Леонардо Бонуччи (Италия)

34 ёшли футболчи «мовий гвардия»нинг ажралмас ва алмаштириб бўлмас вакили. Мусобақа қаҳрамонларидан бири бўлган Леонардо финалдаги голи орқали Италияни ўйинга қайтарди. Инглизлар учрашув аввалиданоқ 5 ҳимоячи билан ўйнай бошлади. Дастлабки дақиқалардаги гол уларни янада ҳимоявий жамоага айлантирди. Италия қандай гол уришини билмаётган бир вақтда Бонуччи рақиб жарима майдони ичидаги талотўп ичидан гол уриб кетди. Бутун мусобақа давомида ўтказилган барқарор ўйин муҳим палладаги гол билан безалди. Лео – Италия қаҳрамони!

Марказий ҳимоячи: Ҳарри Магуайр (Англия)

Агар Англия Европа чемпиони бўлганида, Магуайр мусобақанинг энг яхши футболчиси бўлиш учун асосий номзодлардан бири эди. У Стоунз билан бирга фавқулодда ишончли ҳимоя жуфтлигини ташкил эта олди. Кейин майдоннинг олдинги қисмида, Магуайр эса ҳимояда етакчи бўлди. Ҳимоя марказидаги ишончли ўйин олдинги чизиқ вакилларига ҳам эркин ўйнаш имконини берди.

Марказий яримҳимоячи: Калвин Филлипс (Англия)

«Лидс» яримҳимоячиси мусобақанинг ҳақиқий кашфиётига айланди. Марказда жуда барқарор ўйнаган Калвинни рамзий жамоага киритмаслик адолатдан бўлмасди. Марказий яримҳимоя вакили ҳимояланиш ҳаракатларида Ҳарри Магуайр ва Жон Стоунзга доимий ёрдам бериб келди. Шунингдек, мусобақа давомида 4 та яққол голли вазият яратишга муваффақ бўлди. Стерлингнинг Хорватияга урган голида заргарона узатмани амалга оширди.

Калвин турнир мобайнида 83 километр масофа босиб ўтди. Бу кўрсаткич бўйича у Евро етакчиларидан бири. Бундан ташқари 32 маротаба жамоасига тўпни олиб берган, 13 марта муваффақиятли подкатни амалга оширган, узатмалар аниқлиги эса 87 фоиз.

Ҳужумкор яримҳимоячи: Миккель Дамсгор (Дания)

Дания миллий жамоасининг 21 ёшли вакили рамзий жамоамизда ҳужумкор яримҳимоячи сифатида қайд этилган. Аслида, у вингер сифатида ҳам ўйнай олади. Дания ушбу турнирда барча яхши кўриб қолди. Дамсгор мана шу ёқимли жамоанинг бир вакили сифатида энг кучли 11 футболчи орасида эслаб ўтилмоқда. Англияга қарши беллашувдаги жаримадан киритган голи мусобақани безаб берувчи зарбалардан бири бўлди.

Ҳужумкор яримҳимоячи: Педри (Испания)

Мусобақанинг энг яхши ёш ўйинчиси деб топилган Педри Гонсалес Евро-2020нинг энг яхши футболчиларидан тузилган жамоада бўлиши керак эди. Балки Луис Энрике унинг ҳаракатларини Иньеста билан солиштиришда муболағага йўл қўйгандир, аммо бунинг учун асослар етарли эди. Педри каби ёш пайтида испан футболи афсонаси бундай масъулиятли ўйинларни ишонч билан ўтказмагани рост. Йигитчанинг 92 фоиз узатмаси шерикларига аниқ етиб борди. Жамоаси учун 13 та хавфли жарима зарбаси ишлаб берди. 18 ёшли бола учун бу жуда зўр кўрсаткич.

Чап қанот ҳужумчиси: Лоренцо Инсинье (Италия)

Инсинье Бельгияга қарши ўйинда киритган голи орқали Италиянинг чемпионлик йўлига ўз ҳиссасини қўшиб бўлганди. Мусобақа фаворитларидан бирини чорак финалда тўхтатиб қолишда унинг супер голи ҳал қилувчи ролни ўйнади. Турнир давомида нақд 19 маротаба хавфли вазият яратган Инсиньега бу кўрсаткич бўйича Евродаги барча футболчилар ҳавас қилса арзийди.

Ўнг қанот ҳужумчиси: Федерико Кьеза (Италия)

Евро-2020нинг энг ёрқин футболчиларидан бири – Федерико Кьеза. Италиянинг жамоавий футболида ҳам ўзини алоҳида кўрсата олган Феде отасидан ҳам каттароқ натижаларга эриша олиши маълум бўлиб улгурмоқда. «Ювентус» унинг трансфер ҳуқуқини шу ёзнинг ўзида тўлиқлигича «Фиорентина»дан сотиб олишга ҳаракат қилса керак. Испанияга қарши ўйинда унинг голи жуда керакли пайтда урилди. Австрияга қарши нимчоракфиналнинг ғоят оғир беллашувида ҳам айнан Кьеза ҳисобни очганди.

Марказий ҳужумчи: Ҳарри Кейн (Англия)

Англия миллий жамоаси етакчиси гуруҳ босқичида деярли кўзга ташланмади. Бироқ плей-оффни жуда юқори нотада ўтказди. Мавсум давомида эътиборимизни тортган ассистентлик ва ҳужумларни кескинлаштириш маҳорати «уч шерлар» ўйинларидаги асосий жиҳатлардан бири бўлди.

Шунингдек, марказий ҳужумчи сифатида Кейн ўз вазифасини аъло даражада уддалаб, 4 та гол уришга муваффақ бўлди. Финалгача бўлган барча ўйинларда у рақиб дарвозасига йўл топишга муваффақ бўлди. Якуний беллашувда ҳам Люк Шоу дастлабки дақиқаларда урган голни марказда Кейн ташкиллаштирганди. Унинг Триппьер манзилига узатган ақлли узатмаси рақиб ҳимоячиларини шошириб қўйди.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Теглар

Ўхшаш янгиликлар