O'zbek Ўзбекча
Серхио Рамос «ПСЖ»га ўтди
Пайшанба, 08 Июль
5616

Испаниялик ҳимоячи Серхио Рамос «ПСЖ» билан шартнома имзолади. Футболчи ва клубнинг шартномаси 2023 йил ёзига қадар мўлжалланган. Ҳимоячи янги клубига эркин агент сифатида келиб қўшилди.

У янги клубида 4-рақамли футболкада тўп суриши маълум бўлган.

35 ёшли Рамос «Реал»ни июнь ойи охирида шартномаси муддати якунлангани муносабати билан тарк этганди. У «Қироллик клуби» сафида 2005 йилдан буён тўп суриб келганди. «Қаймоқранглилар» билан Рамос беш бор Испания чемпиони бўлган, икки марта Испания Кубогида ва тўрт марта Суперкубокда, тўрт марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан, уч марта УЕФА Суперкубоги ва тўрт марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бош совринини қўлга киритган.

Испания чемпионатининг ўтган мавсумида у жароҳат туфайли тўлиқ иштирок эта олмади, жами 15 ўйинда майдонга тушиб, икки гол урди. Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 10 млн еврога баҳолаган.

Бундан олдинроқ «ПСЖ» сафига «Ливерпуль»дан Жоржиньо Вейналдум ва «Интер» сафидан Ашраф Ҳакими келиб қўшилганди. Европа чемпионати якунлангач «Милан» дарвозабони Жанлуижи Доннарумманинг ҳам трансфери эълон қилиниши кутилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар