O'zbek Ўзбекча
Евро-2020 кашфиётлари
Сешанба, 06 Июль
2632

Европа чемпионати иштиёқ ва мотивацияга тўлиб ўйналувчи мусобақа. Унинг даражаси қайсидир жиҳатлардан Жаҳон чемпионатига тенглаштирилиши бежизга эмас. Шунинг учун ҳам ушбу мусобақа ҳар гал бизга янгидан янги юлдузларни кашф қилиб беради. Аксинча, кутилган футболчилар ўз ўйинларини кўрсатиб бера олмаслиги ҳам мумкин.

Бу галги қитъа чемпионатида порлаши кутилган Килиан Мбаппе, Бруну Фернандеш, Кевин де Брюйне, Эден Азар, Маттейс де Лигт сингари футболчилар турли сабабларга кўра, ўз даражаларида ўйнай олмадилар. Биз сўз юритадиганимиз футболчилар Европа биринчилигида ўзларининг доимий даражаларидан ҳам юқорироқ ўйин кўрсатдилар. Уларни турнир кашфиётлари сифатида эътироф этсак бўлади.

Патрик Шик

Чехия миллий жамоаси ҳужумчиси турнир тўпурари бўла олмаслиги аниқ бўлиб улгурди. Бироқ, бу унинг мусобақа кашфиётлари қаторидан ўрин олишига тўсиқ бўла олмайди. «Рома» ва «Лейпциг»даги бир нечта мавсумдан сўнг, «Байер»га йўл олган ҳужумчи Германияда немис марказий ҳужумчиларига хос совуққонликни ўзлаштиргани сезилиб турибди. Шотландия дарвозасига урган иккинчи голи орқали Европа чемпионатлари рекордини ҳам ўрнатди. Шиккача ҳеч бир футболчи 45 метр масофадан тўпни дарвозага йўлламаган эди. «Transfermarkt» порталида нархи 23 млн евро деб кўрсатилган юлдузга харидорлар кўпайиб қолгани аниқ. Леверкузен клуби эса бу суммага кўнмаса керак.

 

Георгий Бушан

Украина миллий жамоаси дарвозабони учун тўлиқлигича омадли мавсум ўз поёнига етди. «Динамо Киев» билан ЕЧЛда ўтказган ўйинлари орқали унинг ҳаракатлари эътиборимизни тортиб улгурганди. Украина билан ҳам Европа чемпионатида ўзига хос янги тарих ярата олди. Узоқ йиллар Пьятов қўриқлаган дарвоза ундан кейин ҳам ишончли қўлларда эканига гувоҳ бўлдик.

Ҳозирги кунда унга таркибини изчил кучайтириб бораётган «Марсель» қизиқиш билдирмоқда. Клуб бош мураббийи Хорхе Сампаоли 36 ёшли Стив Мандандага муносиб ўринбосарни қўлдан бой бермаслик керак деб ҳисобламоқда. Дарҳақиқат, истеъдодли посбоннинг хизматларига қизиқиш билдирувчилар Европа чемпионати якунлангач, анча кўпайиб қолиши мумкин.

 

Леонардо Спинаццола

Ҳа, у биз учун бегона футболчи эмасди. Лекин Леонардонинг бу қадар сифатли футбол ўйнашини мана энди ўзимиз учун кашф этдик. Белгияга қарши учрашувни кўзларида ёш билан тарк этар экан, барчамиз унинг учун ачинганимиз рост. 28 ёшли футболчи ўзининг энг яхши мусобақасини айнан мана шу турнирда ўтказди. Балки, янги мавсумда у Европа чемпионатидагидек ўйнай олмас. Сабаби, «Рома»га келгунига қадар унинг трансфер ҳуқуқи «Ювентус»га тегишли бўлган ва кўплаб клубларда ижара асосида тўп тепган. Ҳеч бир клуб уни харид қилиб олишни истамаган. Сўнгги мавсумда римликлар билан ҳам у қадар ёрқин футбол намойиш этмади. Моуриньо Лео сингари футболчиларнинг қадрига етади ва уларни яхши руҳлантира олади. Агар олдимизда кутиб турган мавсумда яна Спинаццолани йўқотиб қўйсак, унинг миллий жамоадаги ўйини шунчаки мовий либос тақдим этган кучнинг маҳсули бўлиб чиқади.

 

Дензел Дюмфрис

Нидерландия мусобақани анча эрта тарк этди. Бироқ, Дюмфриснинг турнир кашфиётлари қаторидан ўрин олишига бу етарли бўлди. Ўнг қанот ҳимоячиси гуруҳ босқичининг энг кучли футболчиларидан бири эди. Кутилмаган мағлубият бўлмаганида унинг ажойиб ҳаракатларини кузатишда давом этаётган бўлишимиз мумкин эди.

«ПСВ» жаҳон футболига юлдузлар етказиб берувчи катта мактаблардан бири. Дюмфрис ва Мален шу клубдан Европа чемпионатида қатнашиб, ўзларини ижобий жиҳатларини кўрсата олишди. Тез орада, голланд клуби ушбу футболчилар сотувидан яхшигина пул ишлаб олиши мумкин.

 

Педри

«Барселона» бу болакайни «Лас-Пальмас»дан топиб келганди. Дастлабки машғулотлар ва ўйинлардан уйига таксида кетган болакай испан матбуотида яхши мавзуга айланди. Мавсум давомида ўзига ишонч билан ҳаракат қилиб, Рики Пуч, Франсишку Тринкау каби футболчилардан кўра, асосий таркибга ҳақлироқ эканини исботлай олди. Месси билан комбинацион ҳаракатларга яхши кириша олиши ҳам бунда катта роль ўйнади.

Испания миллий жамоасига чақирилиши тушунарли ҳолат эди. Энрике доим ёш иқтидор эгаларини қадрлаб келган. Аммо 18 ёшли яримҳимоячининг миллий жамоа футболида ҳам бу қадар асосий роллардан бирини ўйнаши кутилмаганди. Фабиан Руиз ва Микель Оярсабалдан ҳам кўра, Гонсалеснинг ўйини мураббийга кўпроқ манзур бўлди. Мухлислар ҳам уни ўзлари учун қайтадан кашф этиб олдилар.

 

Калвин Филлипс

Англия миллий жамоаси футболчиси турнирда том маънодаги кашфиёт бўлди. Жордан Ҳендерсон миллий жамоа қайдномасига киритилганига қарамай, мавсум давомидаги жароҳатлар сабаб у қадар яхши формада эмасди. Шу жиҳатдан, гуруҳ босқичида кўпроқ имконият берилишга қарор қилинган Филлипс асосий таркибга муносиб эканлигини исботлай олди. Биринчи турда айнан унинг заргарона паси инглизларга ғалаба келтирганди.

Украинага қарши ғалаба нақд қилинган ўйинни инобатга олмасак, қолган барча учрашувларда «Лидс» яримҳимоячиси тўлиқ ҳаракат қилди. Аксинча, Саутгейт энди Райсни кўпроқ захирага ола бошлади. Филлипс якунига етган мавсумда барча мусобақаларда 31та ўйинда майдонга тушганди. Янги мавсумда Бьелса ҳам унга жиддийроқ эътибор қарата бошласа керак.

 

Мануэль Локателли

«Милан» қадрламаган футболчи Европа чемпионатида ўзининг энг кучли футболини намойиш этмоқда. Мавсум давомида «Сассуоло»да яхши ҳаракат қилган яримҳимоячи қитъа биринчилигининг дастлабки турларидан бошлаб ўзини ижобий тарафдан кўрсатиб келди. Вераттининг ўрнини босиш учун мусобақага олиб келинган Мануэль ҳозирда «ПСЖ» етакчиси билан асосий таркиб учун тенгма-тенг курашмоқда.

Чоракфиналда Манчини уни захирада олиб қолишга қарор қилди. Умуман, плей-оффда мураббий Вераттига ишонч билдиришни маъқул кўрмоқда. Аммо гранд клублар унга аллақачон «оғиз солиб» улгуришди. «Ювентус» Евро-2020 бошланмасидан аввал ҳам Локателлининг хизматларига қизиқиш билдираётганди. Трансфер бозорининг энг фаол клубларидан бири бўлган «Барселона» ҳам италияликни Каталонияга чорламоқда. Испанияга қарши яримфиналда майдонга тушиб, ўзини кўрсата олса, бу қизиқишлар янада жиддийлашиб кетиши аниқ.

 

Каспер Дольберг

Гуруҳ босқичини, асосан, захира ўриндиғида ўтказган Дания миллий жамоаси ҳужумчиси плей-оффда ўзини ижобий жиҳатдан кўрсата олмоқда. Албатта, «Аякс» ва «Ницца» клубларидаги ҳаракатлари орқали бизга яхши таниш бўлган Каспер аслида у қадар катта сюрприз эмас. Фақат у жароҳатлар ва турли муаммоларга тўла мавсумни сермаҳсул ўйинлар кетма-кетлиги билан ёпиб юбормоқда. Уэльс дарвозасига иккита, Чехияга битта гол урган футболчи скандинавияликларнинг яримфинал чипталарига эга бўлиши йўлида энг муҳим роллардан бирин ўйнади. Миллатлар Лигасидаги қарама-қаршиликларни эслаб айта оламизки, Англияга финал остонасида осон бўлмайди.

 

Унаи Симон

«Атлетик Бильбао» яхши дарвозабонларни тарбиялаб чиқаришни одат қилиб олган. Испания миллий жамоасида дарвозабон муаммога айланган бу каби вазият яқин орада учрамаганди. Мана шундай вазиятда ёш кипернинг миллий жамоа постини катта ўйинларда қўриқлаш масъулиятини бўйнига олиши олқишларга сазовор. Келинг, унинг Хорватияга қарши ўйинда ўтказиб юборган илк голини унутайлик. Ҳамма дарвозабонлар ҳам фаолиятида қандайдир катта хатога йўл қўяди. Симоннинг бахтига, бу хато жамоадошлари томонидан тўғрилаб кетилди. Унинг устига, ўзи ҳам ҳисоб тенг бўлиб турган пайтда учрашув якунида амалга оширган фантастик сейви билан мухлислар олдидаги қарзини узди. Швейцарияга қарши ўйиндаги пенальтилар серияси эса уни кашфиётлар қаторига қўшишимизга сабабчи бўлди.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар