Асенсиодан Зиёшгача. Нидерландия шарафини ҳимоя қилиш имконига эга бўлган 8 футболчи
Чоршанба, 30 Июн
20452

Европада одамлар ўз яшаш манзилларини тез-тез ўзгартириб туришади. Маданиятларнинг бир-бирига яқинлиги эътиборидан турли миллат вакилларидан тузилган оилалар ҳам жуда кўп. «Кўҳна қитъа»да бир вақтнинг ўзида 2та давлат фуқаролигини олишга рухсат мавжуд.

Мана шундай оилаларда туғилган футболчиларда келгусида икки давлатдан бирини танлаш имконияти пайдо бўлади. Футбол юлдузларининг бу каби танловларига кўплаб мисолларни биламиз. Қуйида сўз юритадиганимиз футболчиларнинг Нидерландияга миллий жамоасига мансуб бўлиши мумкин бўлгани сизни ҳайратда қолдириши мумкин. Бошладик!

Марко Асенсио

Ҳозирда: Испания миллий жамоаси футболчиси (26та ўйин)

Онаси тарафдан Нидерландияга мансуб бўлган Испания миллий жамоасининг етакчи футболчиларидан бири «учар голландлар» сафини тўлдириш имконига эга эди. Тўлиқ исми Марко Асенсио Виллемсен бўлган футболчи 2014 йилда «Реал» академиясига бориб қўшилади. Бир йил ўтиб унга «оловранглар» ёшлар жамоасидан чақирув келади. «Мальорка»даги ҳаракатлари уларнинг эътиборини қозонган бўлса ажаб эмас.

Уни кимсан Рууд ван Нистелройнинг шахсан ўзи Нидерландия миллий жамоасини танлашга таклиф этади.

«Ван Нистелрой менга шахсан қўнғироқ қилди ва ҳолландлар сафида ҳаракат қилишимни исташини айтди. У билан бир муддат суҳбатлашдик. Кейин эса Рууд мени миллий жамоа бош мураббийи билан боғлади. У ҳам мени ўз жамоасида кўришни истаётганини айтганди. Лекин менда ҳеч қандай иккиланиш йўқ эди. Испанияни танлаб бўлгандим», - деган эди Асенсио 2017 йилдаги интервьюсида.

Сержиньо Дест

Ҳозирда: АҚШ миллий жамоаси футболчиси (11та ўйин)

Нидерландияда туғилган ва болалиги айнан шу ерда ўтган Дестнинг АҚШ миллий жамоасини танлаши у қадар ҳайратланарли ҳолат эмас. Унга ёшлар жамоаси давридан буён америкаликлар кўпроқ эътибор қаратиб келган. Дест ўша пайтдаги Нидерландия миллий жамоаси бош мураббийи Рональд Куманнинг режаларига кирмасди.

Вельтманнинг «Аякс»ни тарк этиши ортидан Дестда амстердамликлар асосий таркибида ўйнаш ва ўз маҳоратини намойиш этиш имконияти туғилди. Бир мавсумдаёқ у Европа грандлари назарига тушди. «Барселона» Семедунинг ўртамиёна ўйинидан кўп жабр кўриб, уни сотиб юборишга қарор қилди. Ўнг қанотни эса Сержиньо билан тўлдирди. Каталонияликлар сафидаги илк мавсуми ёмон чиқмади. Нидерландлар эътиборсизлик туфайли яхши ўсмир футболчини бой берган кўринади.

Робин Госенс

Ҳозирда: Германия миллий жамоаси футболчиси (11та ўйин)

Отаси тарафдан Нидерландияга мансуб Госенс бугун Германиянинг ишончли қанот ҳимоячиси ҳисобланади. «Витесс»далик пайтида «оловранглилар» унга таклиф билан чиққанига қарамай, бунгача у немисларнинг ёшлар жамоаларида ўйнаб юрарди.

Сўнгги пайтларда «Аталанта» етакчиси Германия чап қанотининг ажралмас бўлагига айланиб олди.

Нусайр Мазруи

Ҳозирда: Марокаш миллий жамоаси футболчиси (12та ўйин)

Собиқ жамоадоши Дест сингари Мазруининг ҳам Марокаш миллий жамоасини танлаши ажабланарли ҳолат бўлмаган. «Аякс» сафида кўрсатаётган мазмунли футболига қарамай, Нидерландия миллий жамоасида унга жой топилмай қолиш эҳтимоли катта эди. Мазруи барчасини тўғри тушунди ва оилавий мансуб бўлган давлати Марокашни танлади.

Шунда ҳам Мазруини африкаликларнинг доимий асосий таркиб вакили, деб бўлмайди. Нусайрнинг Африка Миллатлар Кубоги учун қайдномага киритилиши ҳам сўроқ остида.

Аарон Муй

Ҳозирда: Австралия миллий жамоаси футболчиси (42та ўйин)

«Ҳаддерсфилд» билан Премьер-лигада ўтказган ажойиб ўйинлари орқали футбол мухлисларига яхши таниш бўлган Муй нафақат Нидерландия, балки Германия миллий жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қилиши мумкин эди. Ота-онаси тарафдан чигал мансубликка эга бўлган Аарон Европанинг икки грандини танламасликка қарор қилди. Сабаби, уни миллий жамоага чақиришлари эҳтимоли жуда паст эди.

Австралияда эса у етакчи футболчилардан бири ҳисобланади. Ўзини қадрловчилар тарафда бўлишни танлаган футболчининг қарорини ҳурмат қилиш лозим.

Ўғузхан Ўзякуп

Ҳозирда: Туркия миллий жамоаси футболчиси (43та ўйин)

«Арсенал» тарбияланувчиси ҳисобланган Ўғузхан лондонликлар таркибида 2011/12 йилги мавсумда 2тагина учрашувда майдонга ташланади. Шундан сўнг, у «Бешиктош»га ўтиб кетади ва бу ерда 3 карра Туркия Суперлигаси ғолибига айланади.

Нидерландияда туғилган футболчи голландларнинг бир қатор ёшлар жамоаларида ўйнаганига қарамай, миллий жамоа масаласида Туркияни танлайди. Кўриниб турибдики, у тўғри қарорга келган.

Уильям Трост-Эконг

Ҳозирда: Нигерия миллий жамоаси футболчиси (39та ўйин)

Нидерландияда туғилган Уильям академия даврларини Англияда ўтказади. Бироқ, профессионал футболчи сифатида у «Гронинген» сафида илк бор кўриниш беради. Нидерландиянинг 19 ва 20 ёшгача бўлган кичик миллий жамоаларида ўйнаганига қарамай, энг сўнгги паллада отаси тарафдан мансуб бўлган Нигерия миллий жамоасини танлади.

Ёшлар жамоасида ҳам 3тагина ўйинда майдонга тушган Трост-Эконг катта жамоада асосий таркибни хаёлига келтирмаса ҳам бўлар эди. У вазиятни тўғри баҳолади ва Африка жамоасига йўл олди.

Ҳаким Зиёш

Ҳозирда: Марокаш миллий жамоаси футболчиси (35та ўйин)

Ҳа, рўйхатдаги энг ҳайратланарли футболчини сўнгига олиб қўйгандик. «Ҳеренвен»даги муваффақиятли ўйини орқали Нидерландия миллий жамоаси эътиборига тушади. Евро-2016 баҳсларида унинг иштирок этиши ҳам кутилганди. Бироқ, кутилмаган жароҳат уни бу йўлдан қайтариб қолди. Қитъа чемпионатини ўтказиб юборгач, Зиёш Марокаш учун ўйнашга қарор қилади. Санаб ўтганларимиз орасида Ҳаким Зиёшчалик «оловранглилар» либосини кийишга яқин футболчи йўқ бўлса керак.

«Squawka.com» сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси

Теглар

Ўхшаш янгиликлар