Доннаруммадан Санчогача. Ушбу ҳафтада амалга ошиши кутилаётган 7 трансфер
Жума, 25 Июн
15147

Футбол мухлисларининг эътибори Европа ва Америка майдонларида давом этаётган қитъа чемпионатларида бўлиб турган бир пайтда, клублар миқёсидаги футбол трансферлар бозори билан банд. Бир қатор трансферларнинг гувоҳига айланиб ҳам бўлдик. Хорижлик инсайдерлар эса яна бир нечта юлдузларнинг бўлғуси жамоалари билан келишувга эришиб бўлганини хабар қилмоқда. Қуйида амалга ошиш эҳтимоли энг юқори бўлиб турган 7та трансферга эътиборингизни қаратамиз.

Патсон Дака

Қаердан: «Зальцбург»

Қаерга: «Лестер»

Нархи: 43 млн фунт-стерлинг

«Тулкилар» доимгидек айёрона ва ақлли трансферга қўл урмоқдалар. Австрия чемпионатининг энг голеадор футболчиларидан бири ҳисобланган Патсон Дака Эрлинг Ҳоланддан сўнг зальцбургликлар етакчисига айланиб олди. Австрия гранди сафида замбиялик футболчи 125та ўйин ўтказиб, 68 маротаба гол уришга эришди.

Мавсум давомида Жейми Вардининг бир неча маротаба жароҳат олиши «Лестер» мураббийларини хавотирга солгани аниқ. Ҳа, Иҳеаначо унинг йўқлигини билдирмади ва мавсум якунини феноменал ўтказди. Бироқ, олдинги чизиқни суғурталаб қўйиш зарар қилмайди. Боз устига, Дакага сарфланадиган пуллар келажакда яхши фойда бериши мумкин. АПЛда ҳам ўзини кўрсата олган тақдирда, грандлар уни мўмайгина пулга сотиб олишлари мумкин.

Бубакари Сумаре

Қаердан: «Лилль»

Қаерга: «Лестер»

Нархи: 19,8 млн фунт-стерлинг

«Лестер» мавзусида давом этамиз. Клуб «Лилль» билан чемпионликка эришган ёш футболчини ўз сафига қўшиб олишни хоҳламоқда. Инглиз нашрларининг маълумот беришича, шартнома имзоланиши учун деярли барча нарса тайёрлаб қўйилган.

22 ёшли яримҳимоячи юқори тезлиги ва дриблинг маҳорати эвазига инглизлар назарига тушган бўлса керак.

Сумаре жорий мавсумда барча мусобақаларда 43та ўйинда майдонга тушиб, 2та ассист амалга оширишга эришган. Таянч яримҳимоячиси учун унчалик ёмон натижа эмас.

Жанлуижи Доннарумма

Қаердан: «Милан»

Қаерга: «ПСЖ»

Нархи: Текин (эркин агент)

Доннарумма жорий мавсум «Милан» билан чемпионликни аламли тарзда бой берди. Ҳа, «россонерлар»дан ҳақлироқ, кучлироқ жамоа чемпионликка эришган бўлиши мумкин. Аммо бу мағлубиятнинг алами Доннаруммада оғирроқ кечди. Сабаби, «Жижио» «Сан Сиро»даги фаолиятини йирик совринсиз якунламоқда. 2016 йилги Суперкубок ғолиблиги ягона истисно.

Миланликлар аллақачон Доннарумма ўрнига Меньян билан шартнома тузиб бўлди. Бироқ, у ҳали янги жамоаси билан шартнома имзолаб улгурмади. «ПСЖ» унинг учун идеал вариант. Инсайдерлар ушбу трансфернинг амалга ошишига кўп вақт қолмаганини айтиб ўтмоқдалар.

Ашраф Ҳакими

Қаердан: «Интер»

Қаерга: «ПСЖ»

Нархи: 80 млн евро

Носир Ал-Хелайфи ўз жамоасини Европа тахтига олиб чиқмагунча тинчимайдиган кўринади. Ўнг қанотдаги бўшлиқни ўтган мавсум Алессандро Флоренци яхши ёпиб бера олди. Бироқ, клуб келажаги учун ёш ва иқтидорли футболчи зарар қилмайди. Роберт Чжаннинг иқтисодий чекловлари сабаб Антонио Конте жамоадан кетди. Айтилишича, Ашраф Ҳакими ҳам янги мавсумни бошқа жамоа сафида бошлаши мумкин экан.

«ПСЖ» аллақачон марокашлик футболчига таклиф тайёрлаб қўйгани ҳақида маълумотлар бор. Клубнинг бир қатор футболчиларини сотишни режалаштирган миланликлар раҳбариятига ҳам 80 млн фунт-стерлинг ёқиб тушса керак.

Жан-Клер Тодибо

Қаердан: «Барселона»

Қаерга: «Ницца»

Нархи: 8,5 млн евро

«Барселона»нинг Тодибо ҳақидаги режалари ҳам, француз ҳимоячисининг каталонияликлар жамоаси билан боғлиқ орзулари ҳам пуч бўлиб чиқди. Ўтган мавсум журналистлар савол сўраганда Тодибо Барселонага қайтмоқчи эмаслигини айтиб ўтганди. Ўз навбатида, «Ницца» унинг шартномасини тўлиқ сотиб олишга тайёр.

Лапорта бир қатор кераксиз футболчиларни сотиб, улардан тушган пулга ёз мобайнида яна бир қатор трансферларни амалга ошириш режасида эканлигини клуб конгрессида айтиб ўтди. Эрик Гарсиянинг жамоага олиб келиниши ортидан 21 ёшли фулбекнинг имкониятлари янада пасайиб кетди.

Конрад де ла Фуэнте

Қаердан: «Барселона»

Қаерга: «Марсель»

Нархи: 8 млн евро

«Барселона» нақадар катта клуб бўлмасин, Конрад ёшидаги футболчи учун унинг захира ўриндиғида ҳеч қандай фойдали иш йўқ. «Марсель» Франциянинг номдор клубларидан бири. Асосий вақтини каталонияликлар ўринбосарлари билан ўтказаётган футболчига Хорхе Сампаолининг шахсан ўзи қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар бор. Аргентиналик мутахассис АҚШ миллий жамоаси аъзосини яхши таниса керак.

Жейдон Санчо

Қаердан: «Боруссия» Дортмунд

Қаерга: «Манчестер Юнайтед»

Нархи: 78 млн фунт-стерлинг

Санчо кутилганидек Европа чемпионатининг ёрқин юлдузлари қаторидан ўрин олмаяпти. Сабаби, унга Саутгейт етарлича имконият бермаяпти. Балки, унинг формаси рақобатдош футболчилариники сингари юқори даражада эмасдир. Аммо иқтидори ҳамон «Манчестер Юнайтед» раҳбариятини уни харид қилишга ундамоқда. Пандемия билан боғлиқ оғир вазият сабаб дортмундликлар уни 78 млн фунт-стерлингга қўйиб юборишлари мумкин. Бир йил аввал бу сумма икки баравар кўп, деб айтилаётган эди.

Таъкидланишича, томонлар оғзаки келишувга ҳам эришган. Энди барчаси «Боруссия» раҳбариятининг трансферга розилик билдирилишига боғлиқ бўлиб қолган.

«Squawka.com» сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар