Ўзбекистон футзал миллий жамоаси яримҳимоячиси Дилшод Раҳматов Венесуелага (3:3) қарши ўртоқлик ўйинидан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди.
Маълумот ўрнида, Раҳматов ушбу баҳсда дублга эришди.
«Қийин ўйин бўлди. Бу бизнинг топ даражадаги ўйинимиз, деб ўйламайман. Чунки ҳимояда кўп хатоларга йўл қўйдик. Барибир, Лотин Америкаси давлатлари футзали бошқача. Улар — жисмонан бақувват футболчилар.
Рақибнинг ўйинларини фақат YouTube орқали кўргандик. Ўзимизни кўрсата олмадик. Тўғри, вазиятлар яратяпмиз. Лекин Жаҳон чемпионатидаги жамоалар мудофаадаги бу каби камчиликларни жазолашади. Қилган хатоларимиздан келиб чиқиб, мураббийларимиз бизга келгуси ўйин учун кўрсатмалар беришади. Кейинги ўйинда ютишга ҳаракат қиламиз.
Биринчи тайм аввалида бироз сусткашликка берилдик. Рақиб ким бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон учун ёниб ўйнашимиз керак. Хатоларимиз устида, албатта, ишлаймиз. Жаҳон чемпионатига бекорга чиқмаганимизни исботлаймиз», - деди Раҳматов.
Ўзбекистон ва Венесуела миллий жамоалари ўртасидаги иккинчи беллашув 27 июнь санасида бўлиб ўтади.