Ёрқин Назаров: «Мукофот пули одатдагидан 2 баробар кўпроқ эди, ҳатто сўнгги 15 дақиқада 3 баробар бўлиб кетди»
Пайшанба, 24 Июн
2554

«Андижон» бош мураббийи Ёрқин Назаров Суперлиганинг 6-туридан ўрин олган «Пахтакор»га (0:1) қарши баҳсдан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди. 

«Йигитлар 1-бўлимда «Пахтакор»дан қўрқиб ўйнашди. 2-бўлимда эса яхши ҳаракат қилдик, аммо омадимиз келмади.

Ўйинимиз ўзгаргани? Танаффус бизга қўл келди. Бундан унумли фойдаланиб, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаб олдик, ўзимиз учун асосий таркибни аниқладик. 

Ғалаба керак. Мухлисларга «Яхши ўйнадик» дейишимиз билан иш битмайди. Бир ғалабадан кейин ҳаммаси ўзгариб кетади, деган умиддамиз.

Босим туфайли футболчиларимизга аниқлик етишмади. «Пахтакор» — зич ўйнайдиган жамоа, шу сабабли йигитлар тўпни тўхтатганда узоқлаштириб юборишди. Иккинчидан, ўйичиларимизнинг 80 фоизи Суперлигада бу мавсумда дебют қилишди. Улар энди-энди мослашишмоқда.

Жасур Жалолиддиновнинг захирадан тушгани? Унда жароҳат бор. Ҳатто қайдномага киритилиши даргумон эди. Лекин вазият тақозоси билан майдонга туширдик. 

Иброҳим Отахонов раҳбарият айтгани учун ўйнаяпти? Йўқ, бундай эмас. У танаффусдаги йиғинда ўзини анча тиклаб олди. Тўғри, икки бўлим ўйнай олмас, аммо тажрибаси билан жамоага ёрдам беряпти. Раҳбарият таркиб танлашда аралашаётгани йўқ.

Футболчилар жон-жаҳди билан ўйнагани? Яширмайман, мукофот пули одатдагидан 2 баробар кўпроқ эди, ҳатто охирги 15 дақиқада 3 баробар бўлиб кетди. Бундан ташқари, «Пахтакор»га қарши ўйинларга исталган жамоа бошқача тайёргарлик кўради. Эсласанглар, биз «Пахтакор»да ўйнаган даврлардаям кучсизроқ жамоаларга, масалан, «Трактор»га қарши баҳслар оғир ўтарди», — дея Назаровнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар