O'zbek Ўзбекча
Сўнгги ўйинлар олдидан: 1/8 финалда икки суперўйин бўлиши аниқ, яна кимда қандай имконият?
Чоршанба, 23 Июн
11756

Европа чемпионатида 6та гуруҳдан 4тасида гуруҳ босқичи якунланди ва плей-офф сеткаси қандай кўриниш олиши қисман маълум. Бугун E ва F гуруҳларида сўнгги ўйинлар ўтказилади ва шундан кейин плей-офф сеткаси қандай бўлиши аниқ бўлади.

Турнир 1/8 финалига 24 жамоадан 16таси чиқади — ҳар бир квартетда 1-2 ўринларни эгаллаган жамоаларга нисбатан энг яхши кўрсаткичларни қайд этган учинчи ўрин вакилларидан тўрттаси қўшилади. 

Ҳозирча нимчорак финалдаги икки жуфтлик маълум. В гуруҳида охирги турда плей-офф масаласини ҳал қилган Дания Уэльсга рақиб бўлади, A гуруҳи ғолиби Италия Австрияга қарши ўйинга тайёргарлик кўрмоқда.

Яна кимлар плей-оффда?
Уэльс, Дания, Италия ва Австриядан ташқари қуйидаги терма жамоалар ҳам кейинги босқичга чиқиб бўлган:

Швейцария (А гуруҳи, учинчи ўрин)
Бельгия (В гуруҳи, биринчи ўрин)
Нидерландия (С гуруҳи, биринчи ўрин)
Англия, Хорватия, Чехия (D гуруҳи, 1-2-3)

Шунингдек, Е гуруҳида 4 очко тўплаб улгурган Швеция ҳам плей-оффда, аммо бу жамоа қайси ўрин билан гуруҳдан чиқиши ҳали маълум эмас. Худди шундай ҳолат Франция билан, амалдаги жаҳон чемпионлари F гуруҳидаги икки турдан кейин 4 очко жамғарган.

Сўнгги турда кимга қандай натижа керак?
Е гуруҳида Словакия — Испания, Швеция — Польша жуфтликлари. Юқорида айтилганидек, шведлар плей-офф йўлланмасини ҳал қилишган. Масала фақат қайси ўрин билан 1/8 финалга чиқишда. Полякларга гуруҳдан чиқиш учун фақат ғалаба керак.

Испания термасини словакларга қарши ўйинда дуранг ҳам қониқтириши мумкин — бу учинчи ўринни кафолатлайди — бунинг учун Польша Швецияни енгмаслиги талаб этилади. Мағлубият эса испанларни плей-оффдан маҳрум этиши аниқ.

Словакларга ғалаба ёки камида дуранг керак, шунда улар гуруҳдан чиқишлари аниқ. Испанларга мағлуб бўлишса, тўплар нисбати ёмонлашиб, плей-оффга чиқа олишмайди. Фақат кўп гол урилган ва бир тўп фарқи билан қайд этилган мағлубият уларни қониқтириши мумкин (2:3, 3:4 ва ҳоказо). Ўшанда уларнинг тўплар нисбати украинларникидан яхшироқ бўлади.

F гуруҳида вазият у қадар чигал эмас. Бу гуруҳда сўнгги турда амалдаги жаҳон чемпионлари ва амалдаги Европа чемпионлари тўқнашади — Франция ва Португалия. Французлар 4 очко жамғарган ва плей-офф масаласини ҳал қилган.

Португалларни дуранг ҳам қаноатлантириши мумкин, фақат венгрлар Германия билан ўйинда очко йўқотишса. Немислар учун асосийси мағлуб бўлмаслик — шунда улар гуруҳдан камида учинчи ўрин билан чиқишади. Катта эҳтимол билан, Германия ҳам, Португалия ҳам плей-оффда бўлади. Бунга фақат Венгрия немислар устидан ғалаба қозониши халал бериши мумкин.

Плей-оффнинг биринчи раунди регламент бўйича қуйидагича кўринади:

1А (Италия) — 2С (Австрия)
2А (Уэльс) — 2В (Дания)
1В (Бельгия) — 3А/D/Е/F
1C (Нидерландия) — 3D/E/F
1F — 3А/В/С
2D (Хорватия) — 2E
1E — 3А/В/С/D
1D (Англия) — 2F

Тўртта жуфтликдаги иккинчи жамоалар номи барча энг яхши учинчи ўринлар тўртлиги аниқлангач маълум бўлади. 

Тўрт гуруҳда учинчи ўрин эгалари номи маълум бўлиб улгурган:

1. D гуруҳи — Чехия — 4 очко, тўплар нисбати — 3-2
2. А гуруҳи — Швейцария — 4 очко, 4-5
3. С гуруҳи — Украина — 3 очко, 4-5
4. В гуруҳи — Финландия, 3 очко, 1-3

Швейцария ва Чехия плей-оффга йўлланмани нақд қилиб бўлгани туфайли, плей-оффдаги эҳтимолий вариантлар сони 10тагача қисқарган. Реалроқ ҳолатлар эса янада камроқ, Финландияда биратўла Е ва F гуруҳларидаги уч жамоани ортда қолдириш имконияти нолга яқин. Плей-оффга F квартетидан учинчи ўрин эгаси чиқмаслиги эҳтимоли жуда паст. Бунинг учун Германия Венгрияга уч тўп фарқи билан ютқазиши ёки Португалия Францияга — тўрт тўп фарқи билан мағлуб бўлиши талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, учинчи ўринлар бўйича реал вариантлар иккита қолади: АСDF ва АDEF.

Украина плей-оффга ўтиши учун қуйидаги воқеалар бўлиши керак: 1) Швеция Польшага ютқазмаслиги; 2) Испания ёки Словакияга ютқазиши, ёки улар словаклар устидан камида 2 тўп фарқи билан ғалаба қозониши, ёки бир тўп фарқи билин бўлса-да, ўйинда кам гол урилиши — 2:1 ёки 1:0.

Катта эҳтимол билан испанлар словакларни мағлуб этади, шу туфайли асосий икки вариантни кўриб чиқамиз: биринчи вариант бўйича Швеция Польшани енгади ёки дуранг ўйнайди, бу ҳолатда Украина плей-оффга чиқади, бошқасига кўра поляклар ғалаба қозонишади, шведлар эса учинчи ўрин билан гуруҳдан чиқишади, украинлар турнирдаги иштирокини якунлайди.

1/8 финал Евро (АСDF бўйича)
1А (Италия) — 2С (Австрия)
2А (Уэльс) — 2В (Дания)
1В (Бельгия) — 3F (Франция/Германия/Португалия)
1C (Нидерландия) — 3D (Чехия)
1F (Франция/Германия/Португалия) — 3А (Швейцария)
2D (Хорватия) — 2E (Испания/Швеция)
1E (Испания/Швеция) — 3С (Украина)
1D (Англия) — 2F (Франция/Германия/Португалия)

Қайд этиш керакки, 1/8 финалдаёқ мухлисларни Бельгия ва Англия жамоаларининг «ўлим гуруҳи»дан чиқувчиларга қарши тўқнашувлари кутмоқда.

Ундан кейинги босқичлар учун сетка шундай кўриниш олади:

1А (Италия)/2С (Австрия) — 1В (Бельгия)/3F (Франция/Германия/Португалия)
1F (Франция/Германия/Португалия)/3А (Швейцария) — 2D (Хорватия)/2E (Испания/Швеция)
2А (Уэльс)/ 2В (Дания) — 1C (Нидерландия)/3D (Чехия)
1E (Испания/Швеция)/3С (Украина) — 1D (Англия)/2F(Франция/Германия/Португалия)

Нидерландлар учун нисбатан қулай йўл, улар ярим финалга қадар фаворит бўлади. 1/2 финалда биринчи ва иккинчи қатордан чиқувчилар дастлабки жуфтликни ташкил этади, учинчи ва тўртинчи қатор ғолиблари иккинчи жуфтликда куч синашади.

Энди муқобил вариант:

1/8 финал Евро (АDЕF бўйича)
1А (Италия) — 2С (Австрия)
2А (Уэльс) — 2В (Дания)
1В (Бельгия) — 3Е (Швеция)
1C (Нидерландия) — 3F (Франция/Германия/Португалия)
1F (Франция/Германия/Португалия) — 3А (Швейцария)
2D (Хорватия) — 2E (Польша)
1E (Испания) — 3D (Чехия)
1D (Англия) — 2F (Франция/Германия/Португалия)

Ундан кейинги босқичлар учун сетка шундай кўриниш олади:

1А (Италия)/2С (Австрия) — 1В (Бельгия)/3Е (Швеция)
1F (Франция/Германия/Португалия)/3С (Швейцария) — 2D (Хорватия)/2E (Польша)
2А (Уэльс)/ 2В (Дания) — 1C (Нидерландия)/3F(Франция/Германия/Португалия)
1E (Испания)/3D (Чехия) — 1D (Англия)/2F(Франция/Германия/Португалия)

Биринчи вариантга ўхшаб кетади, аммо бу ҳолатда бельгияликлар нисбатан осон рақибларга тўқнаш келишади, нидерландларга эса қийинроқ бўлади. Тўғри, Бельгияга чорак финалда Италия рақиб бўлиши эҳтимоли жуда юқори. Инглизлар эса ҳар қандай ҳолатда ҳам нимчорак финалда топ-рақибдан қоча олишмайди — фақат венгрлар кутилмаганда Германияни енгиб қўйишмаса.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар