O'zbek Ўзбекча
Бугун ёки ҳеч қачон. Энрике Испанияни қутқариш учун нималар қилиши керак?
Чоршанба, 23 Июн
5291

Бугун Европа чемпионати гуруҳ босқичининг сўнгги тур беллашувлари бўлиб ўтади. Кун дастуридан ўрин олган баҳслар орасида Испания миллий жамоасининг ҳаёт-мамот жанги анча қизиқ ўтиши тайин. Беллашувда Луис Энрике шогирдларини фақат ғалаба қониқтиради. Иккала турда ҳам дуранг қайд этган ва кўплаб вазиятларини кўкка совурган испанлар айрим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишмаса бўлмайди. Луис Энрике бугунги ўйинда ва уни ижобий ҳал қила олган тақдирда, плей-оффда яхши иштирок этмоқчи бўлса, қуйидаги уч ўзгаришни амалга ошириши зарурдек.

Таваккал қилишдан қўрқмаслик

Испания ҳимоясининг энг катта вакили Серхио Рамос бу гал жамоага ёрдам бера олмаяпти. Турнир аввалиданоқ испанларнинг асосий муаммоси мудофаа чизиғи бўлиши кўп таъкидланди. Журналистлар билган нарсани Энрике билмайди, деб ўйлайсизми? У нафақат билади, балки муаммонинг олдини олиш чораларини ҳам излайди. Эътироф этиш лозимки, ҳозирча «қизил фурия» жиддий муаммоларсиз ҳимояланиш ишларини амалга оширмоқда. Аксинча, ҳужумда муаммолар анча кўзга кўриниб қолмоқда. Испанлар Швецияга қарши учрашувда 12та, Польшага қарши ўйинда 7та имкониятни голга айлантира олмаган.

Ҳа, Мората яратилган имкониятлардан фойдаланмаяпти, Морено пенальтини голга айлантира олмади. Бироқ, яримҳимояда ҳам ижодкорлик у қадар юқори даражада эмаслиги бор гап. Родри таянч яримҳимоясида анча ишончли ўйнамоқда, аммо бу ҳимоявий жиҳатдан олиб қараганда шундай. Бускетс иккита ўйинда майдонга тушмади. Серхионинг ҳужум бошлаш ва ижодкорлик қобилияти жамоага етмаётгандек.

Тўпни йўқотмаслик доим муҳим. Аммо таваккал қилиб, кесувчи пасларни узатмас экансан, Европа чемпионатида ўйнаётган жамоаларни ютолмаслигинг аниқ. Ҳужумчиларда айб борлиги рост. Аммо испанлар таркибида дунёдаги энг яхши ҳужумчилар ўйнаб келган. Мората ва Моренони буткул сифатсиз футболчилар, деб бўлмайди. Ўз вақтида Испания ҳужумчисиз ҳам ўйнай олган.

Энрике марказдагилардан ортиқча юкламаларни олиб ташлаши керак. Словакияга қарши ўйинда ҳимоядагиларнинг ўзи ҳам орқа чизиқни тартибли сақлай олишади. Энди гардкамига ўйнаш, яримҳимоячиларни ҳужумга ташлаш вақти келди. Педри ва Коке жуфтлигидан бирининг ўрнини Тиагога бўшатиб бериш муаммога ечим бўлиши мумкин.

Маркос Льорентени ҳужумга қўйиш

Тизимдаги яна бир муаммо ўнг қанот ҳимоячиси. Маркос Льоренте ушбу позицияни ёпиш билан машғул. Аммо «Атлетико» яримҳимоячиси ўз ўрнида фойдалироқ бўлиши мумкин эди. Тезлик, узатма аниқлиги ва зарба кучи борасида Льоренте анча сифатли футболчилар сирасига киради.

Испанлар яримҳимояси нафақат ҳал қилувчи пасларни беришда, балки ҳимоячилар узатган тўпларни ҳужум билан улашда ҳам муаммоларга дуч келмоқда.

3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаш бу ўйинда Энрикега фойда келтириши мумкин. Льоренте олдинга чиқарилади. Аспиликуэта эса ҳимоя чизиғидан ўрин олади. Альба шундоқ ҳам ҳужумни жуда хуш кўрувчи футболчи ҳисобланади.

Херард Морено ўтган ўйинда Ферран Торреснинг ўрнига ўнг қанотга жойлаштирилди. Аммо Европа лигасининг амалдаги чемпиони 23та гол ва 11та паси билан ўтган мавсум Ла Лиганинг энг яхшилар қаторидан ўрин олганди. У бу натижаларга марказий ҳужумчи сифатида эришган, қанот Херардга бегона.

Ҳужумдаги босим

Энрике жамоаси ҳужумда кўпчилик бўлиши яхши самара беради. Ўтган йилнинг ноябрида Германияга қарши ўйин (6:0) бунга яхши мисол. Швецияга қарши илк тур ўйинида ҳам дастлабки 20 дақиқа худди шу темпда ўтди. Аммо рақибнинг 2тагина қарши ҳужуми уларни буткул чўчитиб қўйди ва испанлар тўпни йўқотишдан қўрқиб қолишди. Ольмо, Педри, Льоренте каби плеймейкерлар жарима майдонига тўпни тинимсиз узатиб турса, ҳужумчилар барибир гол уришади. Буни Польшага қарши ўйин ҳам кўрсатиб берди. Шунингдек, урилган голга ишониб қолиш ҳам керак эмас.

Испания ўйинида асосий хатолардан бири жамоанинг қанотларга тиқилиб қолганида. Марказда, ҳужумкор яримҳимоячи зонасида буткул бўшлиқ кўзга ташланяпти. Бундай ҳолат ҳужумларнинг ранг-баранг ўтмаслигига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Жамоага классик «ўнлик» футболчи етишмаяпти. Энрике яримҳимояда энг камида битта ўзгариш қилиши – Льоренте ёки Тиаго марказдаги бўшлиқларни тўлдириши шарт. Акс ҳолда, Пиреней яримороли вакиллари учун турнир сенсацион тарзда ўта эрта якунланади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар