O'zbek Ўзбекча
Кутилган ва кутилмаган натижалар. Евро-2020 кун ўйинларидан 5 хулоса
Сешанба, 22 Июн
6501

Европа чемпионатида гуруҳ босқичи ўз якунига етиб бормоқда. Секин-асталик билан нимчоракфинал жуфтликларини билиб оляпмиз. Нимчоракфиналда Уэльс - Дания ва Италия - Австрия қарама-қаршиликлари гувоҳига айланишимиз маълум бўлиб улгурди. Душанба оқшомининг 4та беллашувида муҳокамага арзийдиган масалалар кўп бўлди. Биз энг муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш орқали уларни таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

 Кристенсен - бир ўйинлик «даҳо»

Европа чемпионати - футболчиларнинг миллий жамоа либосида ўзгача иштиёқ билан ўтказувчи энг йирик турнирларидан бири ҳисобланади. Бу каби мусобақаларда кутилмаган номларнинг кашф этилиши, яхши даражадаги футболчиларнинг янада кучлироқ футбол намойиш этиши каби ҳолатлар учраб туради. Кеча Россияга қарши саф тортган данияликлар сафида Андреас Кристенсен алоҳида ажралиб турди. Унинг статистикаси исталган ҳимоячи ҳавас қилишига арзийди. Рақибдан тўпни олиб қўйиш («подкат») аниқлиги 100 фоизни ташкил этди. Кристенсен учрашув мобайнида жами 80 марта тўпга тегинди. Асосий вақтини ҳужумда ўтказган жамоа ҳимоячиси учун яхши кўрсаткич, шундай эмасми? 8 маротаба жамоасига тўпни олиб берди ва янги ҳужумга замин яратди. Ўзи қатнашган 8та дуэлнинг 7тасида ютиб чиқди. Дарвоза томон 3та зарба берди ва уларнинг иккитаси ўз манзилига аниқ етиб борган. Ушбу икки кўрсаткич бўйича кечаги баҳсда Андреасга тенг келадиган футболчи топилмади. Битта вазиятда рақибнинг дарвозабон билан бирга-бир чиқиб боришининг олдини олди. Жарима майдони ташқарисидан киритган голини эса, ортиқча таърифлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Ҳа, Чемпионлар лигасининг амалдаги чемпиони шарафини ҳимоя қилувчи футболчидан бу каби сифатли ўйин кўриш у қадар ҳайратланарли эмас. Аммо таъкидлаб айтамизки, 25 ёшли фулбек кеча фаолиятидаги энг яхши ўйинлардан бирини ўтказди.

Албатта, Станислав Черчесов шогирдлари бекордан-бекорга рус ОАВда кескин танқид остига олинмаяпти. Дания миллий жамоаси футболчиларида класс устунлиги билиниб қолди. Бундан ташқари, ўйин Копенҳагенда, Кристиан Эриксенга соғлиқ тилаш билан бошланганди. Скандинавлар жамоадошлари учун ҳам ўйнадилар. Кристенсен Эриксен учун ҳам тер тўкди.

Де Брюйне - қирол, Лукаку - ҳақиқий муаммо!

Финландияга қарши гуруҳ босқичининг сўнгги тур баҳсида Де Брюйне рақибларнинг плей-офф ҳақидаги ширин орзуларини сўроқ остида қолдирди. Биринчи таймни табассум билан якунлаган финлар иккинчи бўлимда Кевин уларга нималарни тайёрлаб қўйганини билишмас эди. «Манчестер Сити» яримҳимоячиси ўйин давомида 7та ўта хавфли вазият яратди ва уларнинг аксарияти иккинчи 45 дақиқаликка тўғри келади. Ушбу статистика бўйича Де Брюйне майдонда ўзи билан ҳаракат қилган исталган футболчидан икки баробар олдинда бўлди.

Ромелу Лукаку барча мусобақаларда бир хил темпда ҳаракат қиляпти. «Манчестер Юнайтед»дан кетиш унинг учун ҳар томонлама фойдали қарор бўлгани кўриниб турибди. Италиялик гигант ҳимоячилар уни анча яхши «тарбиялаб» қўйди. Финландияга қарши ўйинда унинг соф марказий ҳужумчилик қобилияти жамоасига катта ёрдам берди. Ҳимоячилар уни голдан тўхтатиб қолишнинг имконини топа олмадилар. Иккинчи тайм аввалида офсайд Лукакунинг голини бекор қилганига қарамай, у ўз голини топа олди. Албатта, бунда юқорида айтиб ўтганимиз Де Брюйненинг хизматлари катта. Белгияга бевосита чемпионлик йўлида рақобатчи ҳисобланувчи жамоаларга қарши беллашувларда Ромелу катта муаммога айланишини исботлаб қўйяпти.

Ака-ука Азарлар жамоага фойда келтира олмаяпти. Торган жароҳат орттириб олди ва мусобақа билан эрта хайрлашди. Эден эса ҳамон жисмоний формасининг номукаммаллигидан азият чекмоқда. Мартинеснинг бахтига, уларнинг ўрнини тўлдирувчи футболчилар «қизил иблислар» сафида кўплаб топилади.

Алаба Австрияни плей-оффга олиб чиқди

Австрия гуруҳдаги ҳал қилувчи ўйинда Украинани мағлуб этди. Нидерландия квартет ғолиби бўлишига турнир аввалидан кўпчилик ишонганди. Асосий масала Украина ва Австрия ўртасида эди. Биринчи турда Шимолий Македонияга қарши беллашув тақдирининг ўзгариб кетишида ҳам, Алабанинг аниқ паси ҳал қилувчи ролни ижро этганди. Украинага қарши сўнгги тур беллашувида ҳам у керакли паллада голли узатма амалга оширди. Баумгартнернинг жой танлай билгани ва узатмага очилишини ҳам эътироф этиш керак.

«Whoscored.com» сайти Алабани украинларга қарши учрашувнинг энг яхши футболчиси, дея эътироф этди. Ҳимояда жамоасини 3та хавфли вазиятдан сақлаб қолди. Узатмаларидаги аниқлик 73 фоиз. Аксарият паслари жарима майдони томонга бўлганини инобатга олсак, ушбу рақам тушунарли. УЕФА Флориан Гриллитчга баҳснинг энг яхши футболчиси совринини топширди. Бироқ, Давид Алаба ўзи хоҳлаган ютуқни олди - миллий жамоани плей-оффга олиб чиқди.

Де Бурнинг Нидерландияси кутилганидан ҳам кучлироқ

«Лолалар юрти» вакиллари турнир фаворитлари қаторида эътироф этилган, бунга шубҳа йўқ. Аммо уларнинг бу қадар ишончли ўйини кўпчилигимизни ҳайратга солмоқда. Дюмфрис, Вейналдум ва Депай гуруҳ босқичини жуда қувноқ ўтказдилар. Уларга шерик сифатида Вегхорст ва де Йонг ҳам ўзларидан кутилган ўйинни тўлиқ намойиш этиб беришди. Ҳозирча, «ПСВ» қанот ҳимоячиси Дензел Дюмфрис мусобақанинг кашфиёти бўлиб турибди. Ундан бу қадар самарадорликни де Бур ҳам кутмаган бўлса керак. Умуман, биз де Бурнинг ўзидан бу қадар тактик кучли ўйин кутмагандик. Унинг мураббийликдаги тажрибасизлиги Европа биринчилиги олдидан бир қатор мэмларга ҳам сабаб бўлди. Франкнинг ўрнига эса шогирдлари жавоб қайтармоқдалар. 100 фоизлик натижа, ҳозирча мусобақанинг энг сермаҳсул жамоаси - Нидерландия!

Турнирни тарк этаётганлар

Россия Европа чемпионатини эрта тарк этганидан чуқур қайғуда эканлиги аниқ. Черчесов Дания билан тенгма-тенг ўйнашга тиришиб, хатога йўл қўйди. Копенҳагенда ўз мухлислари қаршисида ўйнаётган рақибда руҳият устунлиги борлигини ҳисобга олмади. Ёки скандинавияликларнинг дастлабки дақиқалардаги ўртамиёна футболига ишониб қолди. Дарҳақиқат, голгача русларда бир нечта вазиятлар бўлди. Головин ва Миранчук ўз имкониятларидан оқилона фойдаланишганда, бу каби ҳолатлар учрамаслиги мумкин эди. Рақиб таркиби топ-5 чемпионат футболчилари билан тўла. Бундай ҳолатларда тақдим этиладиган кичкина тирқишлар ҳам мағлубиятга сабаб бўлиши мумкин. Тан олиш лозим, биринчи голда на дарвозабон ва на ҳимоячиларнинг яққол айби бор эди. Дамсгард тўпга шундай йўналиш бердики, дарвозада Сафоновдан кучлироқ посбон бўлганда ҳам, бу зарбани олиб чиқиш амри маҳол эди. Зобниннинг Поулсенга узатиб берган «автопас»и эса россияликларнинг ҳафсаласини пир қилди. Шу тариқа, Россия ўзидан олдинги иккита жамоа билан бир хил 3 очко тўплаганига қарамай, турнир билан хайрлашди. Финляндия ҳам катта эҳтимол билан, гуруҳ босқичининг ўзида мусобақадаги юришини тўхтатади.

Шимолий Македония дебютни у қадар муваффақиятли ўтказа олмади. Бироқ, Пандевнинг миллий жамоадан кузатилиши қитъа миқёсидаги энг катта турнирнинг финал босқичига тўғри келгани ажойиб иш бўлди.

Украина масаласи ҳам сўроқ остида. Улар қолган гуруҳлардаги вазиятни кузатишга мажбурлар. Ҳозирча, энг яхши 3-ўринларнинг 4та чиптасидан бири ўз эгасига (Швейцария) топшириб бўлинди. Андрей Шевченко шогирдлари ҳал қилувчи беллашувда мағлуб бўлганликлари сабабли, энди қолган рақобатчиларнинг қоқилишини кутишларига тўғри келади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар