O'zbek Ўзбекча
Кун ўйинлари: Италияга Австрия рақиб бўлади, Украина плей-оффдан қолиб кетишга яқин
Сешанба, 22 Июн
3933

Украина термаси Австрияга қарши ҳеч нарса қила олмади ва С гуруҳида учинчи ўринда қолди. Сариқ-кўклар 1/8 финалга чиқиши қийин.

Евро-2020. C гуруҳи
Украина — Австрия — 0:1 (0:1)

Гол: Баумгартнер, 21.
Украина: Бушчан, Караваев, Зинченко, Матвиенко, Миколенко (Беседин, 85), Забарный, Сидорчук, Малиновский (Циганков, 46), Шапаренко (Марлос, 68), Ярмоленко, Яремчук.
Австрия: Баҳманн, Драгович, Алаба, Ҳинтереггер, Лайнер, Забитцер, Лаймер (Илзанкер, 72), Гриллич, К.Шлагер, Баумгартнер (Шепф, 33), Арнаутович (Калайжич, 90).
Ҳакамлар: Жунейт Чақир. Баҳаттин Дуран, Тариқ Ўнгун (барчаси — Туркия).
ВАР: Иррати (Италия). Приэто Лопес де Сераин, Санчес Мартинес, Мартинес Мунуэра (барчаси — Испания).
21 июнь. Бухарест. «Миллий» стадиони.

Ўйин арафасида кўплаб нашрлар бу ўйинда келишув бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фитна назарияларини ёза бошлашди, букмекерлик идораларида эса сўнгги кунларда Украина — Австрия учрашувида дуранг натижа қайд этилишига беҳисоб ставкалар қабул қилинди. Албатта, дуранг икки жамоани ҳам қониқтирарди — бу ҳолатда икки жамоа ҳам тўрттадан очко жамғарган бўларди ва бу плей-оффга чиқиш учун етарли эди. Аммо мураббийлар ва футболчилар бошқача фикрда эди. Андрей Шевченко эса журналистнинг шу борадаги саволидан жаҳл отига минди: «Бундай гапларни бас қилиш керак. Бу нотўғри. Назарий жиҳатдан дуранг бизни қониқтиради, аммо бундай фикр билан ўйинга чиқсанг, ҳеч қачон кўзланган натижага эриша олмайсан».

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб кимлардир Украина аввалбошдан австрияликларни ютишни истамаган деб ўйлаши мумкин. Бунда мантиқ ҳам бор: 3-тур ўйинлари бошлангач, С гуруҳининг иккинчи вакили 1/8 финалда A гуруҳида 100 фоизлик натижа кўрсатган, бу Еврога бошқача иштиёқ билан ташриф буюрган Италия билан ўйнаши маълум бўлди. Украина ва Австрия баҳсида эса айнан иккинчи ўрин масаласи ҳал қилинди, украинларни дуранг натижа қониқтирган бўларди.

Аммо, айтиш керакки, Украина ютқазиш учун ўйнамаган. Бу ахлоқий томондан ҳам тўғри келмасди, амалда ҳам : уч очко билан учинчи ўринни эгаллаш 1/8 финал йўлланмасини кафолатламасди. Ҳа, бу орқали Италияга дуч келишдан қочиш мумкин, шу билан биргаликда плей-оффсиз қолиш эҳтимоли юқори эди. Қолаверса, С гуруҳининг учинчи вакили ёки Е гуруҳи етакчисига ёки F гуруҳида (Франция ёки Германия) биринчи бўлган жамоага рақиб бўлади.

Лекин булар Украина биринчи бўлимни жуда ёмон ўтказганини инкор эта олмайди. Айтиш мумкинки, бу ушбу чемпионатда бир жамоа томонидан ўтказилган энг ёмон 45 дақиқалик бўлди. Зарбалар бўйича 1:13, бурчак зарбалари бўйича 2:8 ва Шевченко жамоаси жуда кўп марта тўп олдирди — 21. Таққослаш учун: Нидерландияга қарши бутун ўйин давомида 23 бор тўп йўқотилганди.

Буларнинг барчаси Австриянинг кучли прессинги натижасидир — Франко Фода жамоаси рақибга жуда олдинда қарши олди, катта куч ва энергия сарфланди. Украинлар бундай босим остида ҳимоядан чиқишга тайёр эмасди, шу туфайли ўз жарима майдонлари яқинида кўп бор тўп йўқотишди. Австрия танаффусга 3:0 ҳисоби билан чиқиб кетиши ҳам мумкин эди, аммо фақат бир марта, стандарт вазиятдан самарали фойдаланиш эвазига гол урилди. Алаба ошириб берди — Баумгартнер ҳисобни очди.

Австрия чин дилдан хурсандчилик қилди — футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам ва мухлислар ҳам. Ҳа, гол уларни чемпионатнинг энг кучли жамоасига рақиб қилди, аммо австрияликлар бундан ташвишга тушаётгани йўқ.

Шевченко мағлубиятга рози бўла олмасди ва танаффусда таркибда кутилмаган ўзгаришлар қилди — жамоа етакчиларидан бири Малиновский ўрнини Циганковга бўшатиб берди. Аммо Австрия ҳам схемани ва тактикани ўзгартирди — фаол прессинг камайди, ҳимоя чизиғи ортга сурилди. Австрияликлар ғалабани сақлаб қолиш ва иккинчи ўринни эгаллаш учун прагматик ўйин кўрсата бошлашди.

Иккинчи бўлимда Бушчан дарвозаси олдида хавфли вазиятлар камайди, аммо ўйин барибир австрияликлар куч тежаб, ўйинни бошқараётгани кўриниб турарди. Украинлар ҳам Бахманн дарвозаси томон айтарли хавф сола олишмади: улар танаффусга қадар ҳеч бўлмаса бир бор аниқ зарба йўллаган бўлса, иккинчи бўлимдаги зарбаларнинг барчаси хато кетди.

Шевченко жамоаси ҳужумда ҳеч нарса қила олмади дейиш ҳам тўғри эмас. 87-дақиқада Яремчук ўзи учун ёмон бўлмаган вазият яратди, аммо мураккаб позицияда туриб аниқ зарба бера олмади. Гол Украинани қутқарар ва уларга плей-оффга йўлланма берарди. Лекин Австрия ҳақли ғалабага эришди - украинлар қўрқинчли даражада ёмон ўйин кўрсатишди.

Украинлар уч очко билан қолишди, кейинги гуруҳда финлар ва россияликларнинг мағлубияти уларнинг вазиятини яхшилаган, ва улар ҳозирда учинчи жамоалар орасида учинчи ўринда турган бўлса-да, учинчи тур якунларига кўра энг яхши учинчи ўрин эгалари тўртлигида қолиши қийин бўлади.

Нидерландлар Македонияни йирик ҳисобда мағлуб этиб, гуруҳда 100 фоизлик натижа қайд этди

Евро-2020. C гуруҳи
Македония — Нидерландия — 0:3
(0:1)
Голлар: Депай, 24 (0:1). Вейналдум, 51 (0:2). Вейналдум, 58 (0:3).
Македония: Димитриевски, Ристовски, Алиоски, Велковски, Муслиу, Адеми (Николов, 79), Барди (Стояновски, 78), Элмас, Пандев (Ҳасани, 68), Тричковски (Чурлинов, 56), Трайковски (Костадинов, 68).
Нидерландия: Стекеленбург, Блинд, ван Анҳолт, де Фрай (Тимбер, 46), де Лигт, Дюмфрис (Бергҳайс, 46), Вейналдум, Ф.де Йонг (Гакпо, 79), Гравенберҳ, Депай (Промес, 66), Мален (Вегҳорст, 66).
Огоҳлантиришлар: Ристовски, 18. Муслиу, 48. Алиоски, 65. Костадинов, 84.
Ҳакамлар: Ковач. Артене, Маринеску (барчаси — Руминия).
ВАР: Ди Белло. Валери (иккиси — Италия), Беттс (Англия), Гиль (Польша).
21 июнь. Амстердам. «Йоҳан Кройф Арена» стадиони.

Сўнгги турда плей-оффдаги рақибини, плей-оффда қайси сеткадан ўрин олишини танлаш имконига эга бўлган Италиядан фарқли равишда нидерландлар иккинчи турдан кейиноқ С гуруҳда биринчи ўринни кафолатлаб бўлишганди. Шундай экан, тўқсариқранглилар жамоаси учун бу ўйин ёки тактикаларни яна бир бор мустаҳкамлаб олиш ёки тажрибалар ўтказиш учун имкон эди.

Франк де Бурдан одатий 4-3-3 схемасига қайтишни талаб қилиб келган мухлислар мураббийга янги нома юборишди. Яна бир бор жамоа машғулот базаси устидан самолёт учиб ўтди, унга фанатларнинг марказий ҳужумчи билан ўйнаш талаби ифодаланган баннер илинганди. «Сен шунчалик ақллимисан, Франк? Мален билан ўйна», — дейилади ПСВ форварди қўллаб-қувватланган ёзувда.

Бундай акциялар мураббийларга таъсир кўрсатмайди, бу ўйинда Мален бошланғич стартда ўйнаши олдиндан маълум эди, унинг ёнида янги авлоднинг яна бир вакили — «Аякс» яримҳимоячиси Гравенберҳ ҳам туширилди. Бошланғич таркибда бундай ўзгаришлар қилиниши ҳақида ҳеч ким расман маълум қилмаганди, аммо камералар нишонига де Бурнинг тактик схемалар ифодаланган блокнот кўтарган ёрдамчисининг қўли тушиб қолганди, унда футболчиларнинг жойлашуви бўйича маълумотлар кўринганди.

Бош мураббий 4-3-3 схемасига ўтиш ҳақида ўйиндан олдин, тўғридан тўғри эфир вақтида маълум қилди, у бунинг учун атиги бир ўзгариш амалга ошириш кифоя эканини билдирди. Шу туфайли Промесда ҳам Евро-2020да ўйнаш имкони пайдо бўлди. Унга де Бурнинг одатий схемасида жой топилмаётганди, нафақат Квинсига, балки мавсумни жуда яхши ўтказган Бергҳайсга ҳам. «Фейеноорд» сардори март ойидаги ЖЧ-2022 саралаши доирасида барқарор равишда майдонга тушиб, уч ўйиндан иккитасида гол ҳам урганди.

Нидерландлар ўйин арафсида катта олийжаноблик кўрсатишди. Душанба куни Македония терма жамоаси етакчиси Горан Пандев фаолиятини якунлаши маълум эди. Ўйин арафасида нидерландлар сардори Вейналдум 37 ёшли форвардга нидерландияликларнинг унга бағишлаб тайёрлаган 122-рақамли футболкасини тақдим этди. Пандев шу куни терма жамоадаги 122-ўйинида майдонга тушди. Албатта, улар майдонда бир-бирларига раҳм қилиб ўтиришгани йўқ. Биринчи бўлимда ҳисоб 0:0 эканида Пандевнинг товон билан берган пасидан кейин Трайковскининг зарбаси устунга тегди.

Нидерландиянинг голли ҳужуми эса Блинд Горандан тўпни олиб қўйиш учун подкат қилиши билан бошланди ва бу вазият якунида Мален тўпни марказдан очилиб келган Депайга ташлаб берди. ВАР эпизодни текширди, македонларнинг норозиликларига қарамай Блинд томонидан қоидабузарлик содир этилмаган деб топди. Болқонлар жамоаси ўзига келгунича Мален энди Дюмфрис учун қулай вазият яратиб берди, аммо аввалги турлар қаҳрамони бу сафар дарвозабонни алдай олмади.

Тан олиш керакки, Мален ва Депай жуфтлиги Вергҳорст ва Депай жуфтлигидан яхшироқ кўринди, буни де Бур яна бир ўйлаб кўриши керак. Тўғри, Мален фақат таслим қилиб бўлинган Австрияга қарши ўйин охирида ҳамда турнирда мотивацияси қолмаган Македонияга қарши ўйинда ўзини кўрсатди ва босимсиз ўйнади. Бу вақтда нидерландлар кўплаб бўш зоналарга эга бўлишди.

Плей-оффда эса осон ўйинлар бўлмайди — рақибларнинг савияси юқорилиги бутунлай бошқача масъулият билан ёндашишни талаб этади. Бундай ҳолатларда Люк де Йонг каби савлатли бўлган Вегҳорст тўп учун курашларда, шунингдек, стандарт вазиятларда (нафақат ҳужум вақтида, балки ўз жамоаси дарвозаси олдида ҳам) фойдали бўлиши мумкин. Буларнинг бари мураббийлар учун «ёқимли» бош оғриғи. Ўз навбатида, таркиб бўйича номаълумликдан нидерландларнинг рақиблари ҳам азият чекишади, бўш дарвоза қаршисига келган Вейналдумни пас билан таъминлаган, эндиликда «Барселона» аъзосига айланган Депай — ҳар қандай тактика ва схемада яхши ўйнамоқда. Шу жумладан, иккинчи бўлимда ўнг қанотга Бергҳайсни тушириш орқали синаб кўрилган 4-3-3 схемасида ҳам.

Нидерландия ҳам 100 фоизлик натижа билан гуруҳдан чиқишди, улар медалларгача етиб бориши ҳақида гапиришга ҳали эрта, аммо улар ҳозирча Европа чемпионатида энг томошабоп ўйин кўрсатаётган жамоалардан биридир.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар