O'zbek Ўзбекча
Копенҳагенда яна бир даҳшатли ўйин. Россия футболида қора кун, Финландия эса қаҳрамонлик қила олмади
Сешанба, 22 Июн
7024

Копенҳагенда мўъжиза рўй бермади, Россия гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб, Европа чемпионатидан чиқиб кетди.

Евро-2020. B гуруҳи
Россия — Дания — 1:4
(0:1)
Голлар: Дамсгор, 38 (0:1). Поульсен, 59 (0:2). Дзюба, 70 — пенальтидан (1:2). Кристенсен, 79 (1:3). Меҳле, 82 (1:4).
Россия: Сафонов, Кудряшов (Караваев, 68), Жикия, Марио Фернандес, Дивеев, Оздоев (Жемалетдинов, 61), Зобнин, Кузяев (Мухин, 67), Головин, Дзюба, Миранчук (Соболев, 62).
Дания: Шмейхель, Кьер, Вестергор, Кристенсен, Меҳле, Васс (Стрюгер Ларсен, 61), Дилэйни (Йенсен, 86), Ҳейберг, Поулсен (Долберг, 61), Брэйтуэйт (Корнелиус, 86), Дамсгор (Нергор, 72).
Огоҳлантиришлар: Кудряшов, 28. Дилэйни, 57. Дивеев, 75.
Ҳакамлар: Тюрпен. Грингор, Дано (барчаси — Франция).
ВАР: Летексье. Бризар, Пажес (барчаси — Франция), Эрнандес-Эрнандес (Испания).
21 июнь. Копенҳаген. «Паркен» стадиони.

Сўнгги йилларда Станислав Черчесов бошқарувида Россия термаси — рақиблар учун «ўқилган китоб»га айланиб қолди. Жамоанинг натижалари барқарор - кучсизлар мағлуб этилади, кучлиларга мағлуб бўлинади, тенг рақиблар билан тенглик кузатилади. Бу ҳам Копенҳагенда рўй берган воқеаларни изоҳлайдиган фактлардан бири.

2018 йилги жаҳон чемпионатида Россия Саудия Арабистони ва асосий етакчиси Муҳаммад Салоҳсиз ўйнаган Мисрни мағлуб этган, учинчи турда Уругвайга мағлуб бўлган, кейин 1/8 финалда турнирда бош мураббийсиз қатнашган ва сочилиб кетган Испанияни пенальтилар сериясида мағлуб этган, кейин чорак финалда Хорватияга мағлуб бўлинган.

Миллатлар Лигасида Россия туркларни икки бор мағлуб этди, аммо ЖЧ-2018да ўзлари каби чорак финалда ўйнаган Швецияга қарши икки ўйинда ҳам ғалаба қила олмади (0:0 ва 0:2). Евро-2020 саралашида ҳам ҳаммаси маълум эди — кучсизлар мағлуб этилди, Бельгияга икки ўйин ҳам бой берилди ва иккинчи ўрин. Март ойида жаҳон чемпионатига саралашда Словения билан ўйинда уч очко, Словакия билан ўйинда ноль.

Евро-2020 гуруҳ босқичи ҳам шунга монанд кечди — руслар нисбатан кучлироқ рақибларга қарши ҳеч нарса қила олишмади, фақат кучсиз рақибни осон мағлуб этишди.

СССР қулаганидан кейинги даврда Россия 15 уринишдан фақат 2тасида плей-оффга чиқа олган. Дания эса ФИФА рейтингида 10-ўринда жойлашган жамоа. Руслар данияликларга қарши муваффақиятга эришиши учун оптимал таркиб, идеал даражадаги махсус тайёргарлик, ўйин учун тўғри режа талаб этиларди. Шу билан бирга, дарвозабоннинг қаҳрамонликларига умид қилиб қолмаслик учун қўпол хатоларга йўл қўймаслик ҳам муҳим эди.

Қайд этиш керакки, ўйиннинг дастлабки қисми Россия устунлигида ўтди, Дания ҳам хавфли рақиб бўлиб кўринмади. Кучли прессинг ўтказмай туриб ҳам қизил формадагилар оқ формадагилар дарвозасига тез-тез хавф сола бошлашди. Мезбонлар асабийлашаётган ва масъулият босими остида қолаётгандек эди. Аммо Россия термаси ҳужуми вакиллари вазиятларидан фойдалана олишмади.

Лекин гол кутилмаганда ва Россия дарвозасига бўлди. Бу кучли прессинг амалга оширилмагани учун жазо ҳам эди. Чемпионат кашфиётларидан бири бўлган ёш Миккел Дамсгорнинг зарбаси дарвозабон учун ноқулай траектория олиб, дарвозага кирди - Матвей Сафонов томошабинга айланди.

Россия шундан кейин ҳам ҳужумлар уюштирган бўлса-да танаффусга мағлуб ҳолда йўл олди.

Иккинчи бўлимнинг биринчи қисмида эса Зобнин болаларча оқлаб бўлмас хатога йўл қўйди. Терма жамоанинг энг ишончли футболчиларидан бири сифатида қараб келинган ҳавбек прессинг туфайли тўпни дарвозабон томонга қайтарди - аммо тўп бўш дарвоза қаршисига чиқиб бораётган Поулсенга борди. 

Айтиш керакки, Даниянинг биринчи голи урилган вазиятда ҳам Зобнин позицион хатога йўл қўйиб, Дамсгорни ёпа олмаганди.

Иккинчи голдан сўнг меҳмонларда ваҳима бошланди, бош мураббий Жемалетдинов ва Соболевни майдонга ташлади, янгиларнинг иккинчиси ўйинга фаол киришиб кетди ва Дзюба учун пенальти ишлади. Аммо ҳисоб қисқарганидан кейин ҳам Россия қандай йўл тутишни билмади, ҳолбуки 2:1 ҳисобида ҳам русларда плей-оффга чиқиш учун имконият сақланиб қолаётганди - лекин керакли вақтда керакли тактик ўзгаришлар қилинмади.

Қолган вақт давомида данияликлар яна икки вазиятдан фойдаланишди. Сафонов қўлидан келганча жамоани қутқарди, бир ҳужумнинг ўзида уч бор муқаррар голдан сақлади, аммо Кристиансен қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Бир неча дақиқа ўтиб, Меҳле ҳимоячиларнинг навбатдаги хатосини гол билан жазолади ва ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди.

Биринчи турда Эриксен билан боғлиқ воқеадан кейин шок ҳолатида финнлардан учралган мағлубият, иккинчи турда турнир фаворитларини қийнаб ташлаб ҳам, Кевин де Брюйненинг индивидуал маҳорати туфайли қабул қилинган мағлубият қасди руслардан олинди. 4:1 ҳисобидаги йирик ғалаба ва иккинчи ўрин билан плей-офф йўлланмаси. Нимчорак финалда рақиб - Уэльс ва данияликлар уэльсликлардан кучли.

Россия эса плей-оффга муносиб эмасди, бу гуруҳдан Бельгия ва айнан Дания кейинги босқичга чиқиш учун ҳақли эди.

Автогол Финландияни тарихий натижадан маҳрум этди. Аммо финнлар барибир Россиядан юқорида қолди

Европа чемпионати. B гуруҳи
Финландия — Бельгия — 0:2 (0:0)
Голлар: Градецки, 75 — автогол (0:1). Лукаку, 81 (0:2).
Финландия: Градецки, Райтала, Тойвио, Уронен (Кауко, 70), Араюури, О`Шонесси, Спарв (Шюллер, 59), Лод (Йенсен, 90), Камара, Пукки (Форсс, 90), Похянпало (Алхо, 70).
Бельгия: Куртуа, Вермален, Боята, Денайер, Витсель, Азар, Де Брейне (Фанакен, 90), Шодли, Лукаку (Бентеке, 84), Троссар (Менье, 76), Доку (Батшуайи, 76).
Ҳакамлар: Брих. Борш, Лупп (барчаси — Германия).
ВАР: Фриц. Гиттельманн, Дингерт (барчаси — Германия), Блом (Нидерландия).
21 июнь. Санкт-Петербург. «Газпром Арена» стадиони.

Плей-офф масаласини ҳал қилиб бўлган жамоалар учун сўнгги тур — ҳамиша асосий таркиб футболчиларига дам бериш ва захирадагиларни синаб кўриш учун имконият бўлиб келган. Бельгияликлар таркибида ҳам данияликларга қарши ўйин билан солиштирганда бошланғич таркибда саккиз ўзгариш амалга оширилди, аммо бу ротация ҳам ғалати кўринади: турнирда илк марта бошланғич таркибдан ўрин олганлар орасида Кевин де Брейне, Аксель Витсель ва Эден Азар каби етакчилар ҳам бор эди.

Бу ўйин гуруҳдан чиқиш учун муҳим бўлган финнлар кутилганидек етарлича қўллаб-қувватловга эга бўлишди. Кўк рангли хоч акс этган байроқлар Петербургдаги стадионда жуда кўп эди, финландиялик мухлислар учта секторни тўлдиришди. Бельгиянинг таркиби эълон қилиниши ҳуштакбозлик билан қарши олинди, истисноли ҳолат — Питер биргина Витселни олқишлади.

Бельгияликлар илк дақиқалардан рақибни қийнай бошлади. Финнлар уч қават ҳимоя чизиғи ўрнатишди, уларнинг жарима майдони яқинидан тўпни узоқлаштириши трибуналарда ҳайқириқлар билан кутиб олинди. Бельгияликлар тин олиб, рақибга ўйнашга имкон беришганида Пукки Куртуани прессинг қилиб борди, финландиялик мухлислар ақлдан озаёзди. Ўйин тенглашмади, аммо финнлар ҳам майдоннинг иккинчи томонига ўта бошлашди. Мухлислар эса жўшқинлик билан қўллаб-қувватлаб туришди.

Биринчи бўлимда дуранг ҳисоб сақланиб қолди - параллел кечаётган учрашувдаги натижа (1:0) эса финнларни онлайн жадвалда иккинчи ўринда қолдираётганди - бу натижа ўйин охиригача сақланса, финнлар ўз тарихларида илк бор плей-оффга ҳам чиқишарди. Бельгия билан ўйинлар статистикаси ҳайрон қоларли — финнлар шу вақтгача ўтказилган етти ўйинда ҳам мағлуб бўлишмаган. Бу сериядаги ўйинлардан бири тарихий ҳам: 2007 йилда Ҳелсинкидаги ўйинда филин номли қуш учиб келиб, тўсин устига қўнганди. Қуш учиб кетганидан кейин финнлар икки гол уриб ғалаба қозонган, терма жамоа эса «Huuhkajat» — «Филинлар» лақабини олганди.

Иккинчи бўлимда Финляндия яна ҳам яхшироқ ўйнай бошлади (эҳтимол Копенҳагендаги натижа таъсирида): ҳужумлар сони кўпайди, Пукки бельгияликлар ҳимоясини жиддий ташвишга сола бошлади. 65-дақиқада финнлар учун барчаси тугагандек бўлди: ҳимоячилар де Брейненинг узатмасини тўса олишмади, Лукаку яккама-якка вазиятда дарвозабонни доғда қолдирди. Амм видеотакрордан кейин арбитр бу голни офсайд туфайли бекор қилди. Финнлар худди ўзлари гол ургандек хурсандчилик қила бошлашди. Копенҳагенда Дзюба пенальтини аниқ ижро этгани ҳақидаги хабардан кейин уларнинг хурсандчилиги янада ортди.

Лекин финнлар охиригача туриб бера олишмади. Кўп марта жамоани қутқарган Градецки дарвоза тўсинидан келган тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди. Кўп ўтмай Лукаку яна гол урди, бу сафар унга ҳеч ким эътироз қила олмади. Бу вақтга келиб Копенҳагенда данияликлар учинчи ва тўртинчи голларни уришди, гуруҳда барчаси аён бўлди. Финнлар учинчи ўринни эгаллайдиган бўлди ва қолган вақт ичида улар ҳисобни қисқартириб, тўплар нисбатини яхшилаши талаб этиларди, бу уларга плей-оффга чиқиш учун кичик имконият қолдирган бўларди. Лекин улар гол ҳам уришмади ва учинчи голни ҳам ўтказишмади.

Бельгияликлар гуруҳ босқичини 100 фоизлик натижа билан якунлашди. Плей-оффда улар ўйинни янада кучайтиришлари кутилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар