Игорь Сергеевга Польша ва Чехия клублари қизиқмоқда. Унинг Қозоғистондаги маоши маълум бўлди
Душанба, 21 Июн
25838

Қозоғистоннинг «Ақтўбе» клуби шарафини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик ҳужумчи Игорь Сергеев Польша ва Чехия клублари эътиборига тушган, дея хабар бермоқда «Спорт Экспресс» нашри Meta-ratings.kz сайтига таяниб.

Манбанинг ёзишича, Польша ва Чехия чемпионатларининг бир қатор клублари Игорь Сергеев билан шартнома имзолаш вариантини кўриб чиқмоқда. 

Қайд этилишича, «Ақтўбе» ўз етакчисини текинга қўйиб юборишни истамаса, харидор клублардан бири Ўзбекистон миллий жамоаси форварди учун 75 минг евро трансфер пули тўлашга тайёр. Клуб молиявий муаммолари сабабли 28 ёшли голеадорини сотиш вариантини ўрганиб чиқиши мумкин.

Нашрининг тасдиқланмаган хабарига кўра, Игорь Сергеевнинг Қозоғистон клубидаги ойлик маоши 19 минг АҚШ долларини ташкил этади. 

Маълумот учун, Игорь Сергеев Қозоғистон Премьер-лигаси жорий мавсумида 15 ўйинда 7та голга муаллифлик қилган. «Ақтўбе» 16 ўйиндан кейин 19 очко билан 14 клуб орасида 10-ўринда бормоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар