ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев 2022 йилдан бошлаб талабга жавоб берадиган ёритгичи бўлмаган стадионларда Суперлига баҳслари ўтказилмаслигини маълум қилди.
«Суперлигада прожектор бўйича талабларни ўз вақтида бажармаган 4 клуб бор эди. Улар орасидан ҳозирча фақатгина «Қўқон-1912» клуби «Philips» компанияси билан келишувга эришди. Режа бўйича август ойидан бошлаб Қўқон шаҳридаги ўйинларни ҳам кеч соатларда ўтказиш имконияти вужудга келади.
«Машъал» 11-турни прожектор бўйича талабни ўз вақтида бажарган «Турон» майдонида ўтказади. Аммо 2-даврадан бошлаб клубга бошқа бундай имконият берилмайди ва Муборак клуби то прожекторини яхшиламагунига қадар, август ойидаги учрашувларини нейтрал майдонда ўтказади. 2022 йилдан бошлаб эса бошқа фаслларда ҳам яхши прожектори йўқ стадионларда Суперлига ўйинлари ўтказилмайди.
11-турни «Сурхон» ва «Андижон» клублари қайси стадионда ўтказиши тез орада аниқ бўлади. Шу темп давом этса, «Андижон» ҳам 2022 йилгача прожекторини талаб даражасига келтира олади, клуб шу вақтга қадар ҳам стадионда катта таъмирлаш ишларини амалга ошира олди. «Сурхон» масаласида эса яхшиси индамай қўя қоламиз. Талаб ҳамма учун бир эканини клуб раҳбари яхши билади», - дея ёзади ПФЛ директори телеграмдаги каналида.