Россиялик ФИФА тоифасидаги ҳакам Сергей Лапочкин УЕФА томонидан 10 йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар берган.
Лапочкин 2018/19 йилги мавсумда Европа лигаси саралаш босқичи доирасидаги «Вентспилс» – «Бордо» учрашуви натижасига таъсир қилишга уринган шахслар унга алоқага чиққани ҳақида УЕФАга ўз вақтида хабар бермагани учун 10 йилга футболдан четлатилди.
Ўша баҳсда Франция клуби Латвия жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, икки ўйин натижасига кўра кейинги босқичга чиққан.
Аввалроқ, 15 апрель куни УEФА Лапочкинни регламентни бузганликда гумон қилиб, 90 кунга футболдан четлатганди. Россиялик 40 ёшли рефери бош ҳакам сифатида 15та учрашувда ишлаган. У 2019 йилдан буён еврокубокларда тайинланмаётган эди.