O'zbek Ўзбекча
Евро-2020, В гуруҳи — Россиянинг рақиблари ФИФА рейтинги етакчиси ва скандинавлар
Чоршанба, 09 Июн
7732

Европа чемпионатининг B гуруҳида Бельгия, Россия, Дания ва Финляндия терма жамоалари ўрин олган.

ДАНИЯ
ФИФА рейтингидаги ўрни — 10
Евро-2020га йўл — 4 ғалаба, 4 дуранг, 0 мағлубият, тўплар нисбати — 23-6
Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Кристиан Эриксен (5 гол)
Евро тарихидаги энг яхши натижаси — ғолиблик (1992)

Дания бош мураббийи
2020 йил 1 августида терма жамоа бошқарувига аввал Германиянинг «Майнц» клубида ишлаган Каспер Ҳюлманн келади. У 2011/12 йилги мавсумда Дания чемпионатида «Норшеллан» клуби билан муваффақиятга эришиб, чемпион бўлганди.

Унинг бошқарувида терма жамоа Миллатлар лигасида ёмон иштирок этмади, қўшимча кўрсаткичлар бўйича Англияни ортда қолдириб, А дивизионда қолди. Ҳюлманн даврида ўтказилган 10 ўйинда фақат икки бор мағлуб бўлинди (икки сафар ҳам — Бельгияга), март ойида ЖЧ-2022 саралаш турниридаги уч учрашувда ҳам ғалабага эришилди - 14:0.

Асосий юлдузлар
Данияликлар ансаблида биринчи рақамли скрипкачи ролида Кристиан Эриксен. «Интер»да мослашиш давридаги бир неча ойлик қийинчиликлардан кейин ушбу яримҳимоячи барибир Антонио Конте тизимидан жой топа олди ва жамоа чемпионлигига ҳисса қўшди. 29 ёшигача Эриксен миллий жамоа сафида 136 ўйинда иштирок этишга улгурди ва жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 7-ўринда жойлашган (36 гол). Якунланган мавсумда Эриксен — Италия чемпионатида муҳим узатмалар сони бўйича етакчи бўлди (ҳар ўйинда ўртача 2,36). Унинг ақлли ўйини гуруҳдаги рақибларга муаммо туғдириши табиий.

Таркиб
Дарвозада одатдагидек Шмейхель, марказий ҳимояда Кристенсен — Кьер жуфтлиги, таянч зонасидан Ҳейберг жой эгаллайди, ҳужумкор ҳавбеклар учлиги Брэйтуэйт — Эриксен — Поульсен.

Тахминий бошланғич таркиб: Шмейхель – Кристиансен, Кьер, Васс, Мехле – Ҳейберг, Дилэйни – Брэйтуэйт, Эриксен, Поульсен – Винн.

Дания: Евро-2020 учун прогноз
Дания термасида кичик имтиёз бор: улар гуруҳдаги уч ўйинни ҳам уйда, Копенҳагенда ўтказишади. Трибуналарга минглаб фанатларнинг қайтиши жамоага катта ёрдам бўлиши мумкин. Гуруҳда данияликлар плей-оффга тўғридан тўғри йўлланма учун Россия билан рақобатлашади — Бельгияга рақобат туғдириш учун Ҳюлманн шогирдлари анча кучсизлик қилади.

Даниянинг устунлиги — юлдузли таркиби, бу таркиб россияликлар таркибидан 122 миллион еврога қимматроқ. Ҳар бир чизиқда Европа клубларида асосий таркиб футболчиси бўлган юлдузлар ўрин олган: дарвозабон Шмейхель («Лестер»), ҳимоячилар Кьер («Милан») ва Кристенсен («Челси»), яримҳимоячилар Ҳейберг («Тоттенҳэм») ва Эриксен («Интер»), форвард Поульсен («Лейпциг»).

ФИНЛАНДИЯ
ФИФА рейтингидаги ўрни — 54
Евро-2020га йўл — 6 ғалаба, 0 дуранг, 4 мағлубият, тўплар нисбати — 16-10
Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Теему Пукки (10 гол)
Евро тарихидаги энг яхши натижаси — финлар бунгача турнирнинг финал босқичига чиқмаган

Финландия бош мураббийи
Маркку Канерва 2016 йилнинг 12 декабрида Финландия термасига бош мураббий бўлганди. Унгача 10 йил мобайнида ёшлар жамоалари ва ички чемпионатдаги клубларда ишлаган. ЖЧ-2018 саралашида Финландия Канерва билан муваффақиятсизликка учраб, Исландия, Хорватия, Туркия, Украина ва Косово иштирокидаги гуруҳда 5-ўринни эгаллаган.

Шундан кейин кўтарилиш даври бошланган. Ҳозирда 57 ёшда бўлган мутахассис билан финлар 2019 йилги Миллатлар лигасида гуруҳ босқичида ғолиб бўлиб, С дивизиондан В дивизионга кўтарилган. Кейинги босқичда Суоми А дивизионга ҳам чиқиши мумкин эди, аммо Уэльсга икки бор мағлуб бўлиб, биринчи ўринни британияликларга топширишганди.

Лекин асосийси — терма жамоа илк бор йирик турнирнинг финал босқичига йўл олди.

Асосий юлдузлар
«Норвич» ҳужумчиси Теему Пукки Евро-2020 саралаш турнирини феноменал ўтказди. Финландия термасининг 16 ўйинида 31 ёшли форвард 10 гол уришга муваффақ бўлди. У саралаш турнирида Ҳарри Кейн, исроиллик Эран Заҳави ҳамда Криштиану Роналдудан кейин тўртинчи бўлди. Бу кўп нарсани англатади.

Март ойида бошланган ЖЧ-2022 саралашида ҳам Пукки ўзини кўрсатди. Финландия Босния (2:2) ва Украина (1:1) билан ўйинларда дуранг натижалар қайд этди. Барча уч гол «Норвич» ҳисобига ёзилди.

Таркиб
Пуккига ҳужум чизиғида Лод ёрдам беради, жамоа уч марказий ҳимоячи ва уч марказий ҳавбек билан ўйнайди.

Тахминий бошланғич таркиб: Храдецки – Тойвио, О Шоннеси, Арахури – Райтала, Гранлунд – Кауко, Камара, Йенсен – Пукки, Лод.

Финландия: Евро-2020 учун прогноз
Евро-2020 Финландия термаси тарихидаги илк йирик халқаро турнир бўлади. Гуруҳдаги рақиблар кучлироқ экани ҳисобга олинса, гуруҳда бир дуранг ёки бир ғалабага эришилса ҳам буни муваффақият сифатида қабул қилиш мумкин. Финландия ҳозирча плей-оффга чиқишга қодир эмас ва улардан буни ҳеч ким талаб қилмайди ҳам. Мухлислар Европа чемпионатида иштирок этишнинг ўзини миллий ғалаба сифатида нишонлашади, футболчилар майдонда қўлларидан келганча ўйнашса бўлгани.

БЕЛЬГИЯ
ФИФА рейтинги — 1
Евро-2020га йўл — 10 ғалаба, 0 дуранг, 0 мағлубият, тўплар нисбати — 40-3
Саралаш турниридаги энг яхши тўпурари — Ромело Лукаку (7 гол)
Евро тарихидаги энг яхши натижаси — 2-ўрин (1980), яримфинал (1972)

Бельгия бош мураббийи
Роберто Мартинес Бельгия терма жамоасини 2016 йил 3 августида қабул қилиб олган. Биринчи ўйинда Испанияга мағлуб бўлгач — 0:2, қаторасига 24 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этилган. «Қизил иблислар»ни фақат Франция тўхтатганди — 2018 йилги жаҳон чемпионати яримфиналида (1:0). Мартинес билан бельгияликлар жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижасига эришишган — 3-ўрин. Испаниялик мутахассис бошқарувида жами 54 ўйинда «Қизил иблислар» 42 ғалабага эришиб, 8 бор дуранг ўйнаган ва атиги 4 ўйинда мағлуб бўлишган.

Асосий юлдуз
Жамоа Евро-2020да ғалаба қозонса, Кевин Де Брюйне «Олтин тўп» учун жиддий даъвогарга айланади. Эден Азар аввалги формасини тиклай олмаётгани туфайли айнан «Манчестер Сити» яримҳимоячисини — бельгияликларнинг Евро-2020даги асосий креатив кучи деб қараш мумкин.

Асосийси, соғлиқ билан боғлиқ ҳолат жойида бўлишидир. Чемпионлар лигаси финалида Де Брюйне «Челси» ҳимоячиси Антонио Рюдигер билан тўқнашувда бурнини синдириб олди, қолаверса қоши ёрилди, терма жамоа шифокорлари етакчи футболчининг турнир стартига яхши формада келиши учун бор имкониятларни ишга солишди.

Таркиб
Европа чемпионати арафасида Бельгияда таркиб бўйича муаммолар йўқолмаган. 7 июнь куни Хорватияга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида (1:0) Европа чемпионати учун заявка қилинган 26 футболчининг 23 нафаригина заявка қилинди. Кевин де Брюйне ЕЧЛ финалидаги жарроҳлик амалиётидан кейин қайтмаганди ва фақат душанба куни таркибга қўшилди. Аксель Витсел ҳамон майдонга тушишга тайёр эмас - «Боруссия» Дортмунд яримҳимоячиси январ ойида олган жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлмаган. Бундан ташқари, Грецияга қарши ўртоқлик учрашувида марказий яримҳимоячи Дедрик Боята жароҳатланиб сафдан чиққанди.

Витселнинг жароҳати шуни англатадики, майдон марказида Тилеманс ва Дендонкер ўйнайди. Витсель соғлом бўлганида улардан бирини таркибдан сиқиб чиқарган бўларди, аммо ҳозир бошқа муқобил вариант йўқ. Бу жуфтлик Хорватияга қарши ўйинда ишончли ҳаракат қилишди. Марказий ҳимоя бўйича мавҳумлик. Грецияга қарши ўйинда Мартинес Боятани шерикларни суғурталовчи марказий ҳимоячи сифатида туширган бўлса, Хорватия билан ўйинда одатий вариантга қайтилди - Жейсон Денайер марказда, чапда Ян Фертонген, ўнгда Тоби Альдервейелд. Дарвозабон масаласида савол йўқ - Тибо Куртуа тайёр. Марказий ҳужумда Ромелу Лукаку алмашмас мақомда - у якшанба куни хорватлар дарвозасига урилган ягона гол муаллифи бўлди - терма жамоа учун сўнгги беш ўйиндаги бешинчи гол.

Қолгани эҳтимолий вариантлар. Бельгиянинг марказий ўқи тасдиқланган, аммо тўрт қанот футболчиси бўйича ҳаммаси аниқ эмас. Ўнг латерал позициясида одатда Тома Менье ўйнарди, аммо Хорватияга қарши ўйинда Тимоти Кастань ҳам ёмон кўринмади. Бельгия гибрид схема қўллади: одатий 3-4-2-1 схемаси тўпсиз ўйналганда 4-4-2 шаклида трансформация бўлди — Кастань ҳимоя линияси чизиғигача қайтди, Фертонген эса (иккинчи бўлимда унинг ўрнига — Томас Фермален) марказдан чапроққа сурилиб ўйнади. «Лестер» ҳимоячиси олдинга чиқишда ҳам фаол бўлди, шундай экан Меньега рақобат юқори даражада. Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳимоячиси барибир Россияга қарши биринчи ўринда бошланғич таркибда бўлса керак.

Чап қанот яримҳимоясида икки вариант бор: Грецияга қарши ўйинда Торган Азар ёрқин ўйин кўрсатди, Хорватияга қарши ўйинда эса Носир Шодли майдонга чиқди ва нисбатан кучсизроқ ўйнади. Бельгия ҳужумларини ўнг қанотдан, Кастань орқали ривожлантирди. Сўнгги 20 дақиқада Торган Азар ўйнади — ва ўйинда ранг-баранглик пайдо бўлди.

Олдинги чизиқда Лукаку билан Дрис Мертенс ва Де Брюйне ўйнаши керак. «Наполи» форварди шубҳасиз асосий таркиб футболчиси — у Греция ва Хорватияга қарши ўйинларни аъло даражада ўтказди. Аммо «Манчестер Сити» ҳавбеки тиклана олмаса нима бўлади?

Мартинес воқеалар ривожининг ҳар қандай тарзига тайёр ва шу туфалйи икки ўртоқлик ўйинида ҳам Лукакунинг ортида чапроқда Янник Карраско ҳаракатланди. «Атлетико» вингери Испанияга қайтгач, мавсумни жуда кучли ўтказди ва Мартинес унга ишонч билдирмоқда. Грецияга қарши ўйинда Карраско голли пас муаллифи бўлди, Хорватияга қарши ўйинда гол уриши ҳам мумкин эди — унинг зарбаси тўсинга тегди. Лекин у позицион ўйиндаги ҳаракатлари билан мақтана олмайди, шу билан бирга, деярли барча жарима зарбаларини у ижро этмоқда. Гарчи Хорватияга қарши ўйинда Лукаку бош билан гол урганида бурчакдан тўпни унга Мертенс узатиб берганди.

Тахминий бошланғич таркиб: Куртуа – Фертонген, Денайер, Алдервейрелд – Торган Азар, Менье – Тилеманс, Дендонкер – Де Брюйне, Мертенс, Лукаку.

Бельгия: Евро-2020 учун прогноз
Гуруҳ босқичидаги уч ўйиндан иккитасида бельгияликлар меҳмон мақомида бўлишади. Россия ва Дания Бельгияни Санкт-Петербург ва Копенҳагенда қабул қилишади, бу жамоалар ўз мухлислари кўмагида турнир фаворитларига босим ўтказишга ҳаракат қилиб кўришади.

Лекин Бельгиянинг ҳозирги таркиби Евро-2020 гуруҳ босқичидан қийинчиликсиз чиқадиган ҳолатда. Куртуа, Де Брюйне ва Лукаку таркибда бўлган жамоа соврин учун асосий даъвогарлардан. Бу таркиб Россиядаги жаҳон биринчилигида финал остонасигача борганди.

РОССИЯ
ФИФА рейтингидаги ўрни — 38
Евро-2020га йўл — 8 ғалаба, 0 дуранг, 2 мағлубият, тўплар нисбати — 33-8
Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Артем Дзюба (9 гол)
Евро тарихидаги энг яхши натижалари — ғолиблик (1960), 2-ўрин (1964, 1972, 1988), яримфинал (1968, 2008)

Россия бош мураббийи
Станислав Черчесов Россия термасига 2016 йилдан буён раҳбарлик қилиб келади, у Европа чемпионатида Леонид Слуцкий бошқарувидаги жамоа гуруҳда сўнгги ўринни олиб муваффақиятсизликка учрагач тайинланганди. Ушбу мутахассис муқаддам Россия клублари — «Амкар», «Ахмат», «Жемчужина»да ишлаган, у асосий муваффақиятига Польшада эришган, «Легия» билан чемпион бўлган.

Дастлабки икки йил мураккаб кечади, натижалар — турлича эди. Аммо Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида жамоа чорак финалгача етиб бориб, фақат пенальтилар сериясида Хорватияга ютқазади. Бу натижадан кейин Черчесовнинг нуфузи кўтарилиб кетади. Евро-2020 саралашидаги ишончли ўйинлар унинг позициясини янада мустаҳкамлади.

Асосий юлдузлар
Артем Дзюба — бугунги кунда Россия футболидаги асосий юлдузлардан. Ҳатто футболга қизиқмайдиганларга ҳам унинг  фамилияси таниш. Ўтган йил кузида ушбу ҳужумчи шов-шувли можаро марказида қолган, ўшанда унинг интим видеоси интернетда тарқалиб кетгач, бу мавзу федерал телеканалларда муҳокама бўлганди.

Шу билан бирга, «Зенит» форварди — 2018 йилги мундиалнинг асосий қаҳрамонларидан бўлган, Европа чемпионати саралашида терма жамоанинг энг яхши тўпурари ва сардори бўлди, яқинда Дзюба фаолиятида 200-голлик нуқтадан ўтди.

Таркиб
Россияликларнинг оптимал таркибида ўнг қанот ҳимоясида Марио Фернандес, чапда Караваев ҳаракат қилади. Марказда Оздоев, Зобнин, Головин ва Миранчук ромб ҳосил қилади. Ҳужум марказида — сардор Дзюба. Черчесов оптимал таркиб қандай кўринишда бўлишини 12 июнь куни Бельгияга қарши биринчи ўйинда белгилаб олади.

Тахминий бошланғич таркиб: Шунин – Жикия, Кудряшев, Семенов – Фернандес, Караваев – Головин, Оздоев, Зобнин, Миранчук – Дзюба.

Россия: Евро-2020 учун прогноз
Черчесов бир неча марта Россия Евро-2020 ғолиби бўлиш орзусида экани, аммо бошқа 23 терма жамоа ҳам шундай орзуга эгалиги ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, бу орзуга эришиш учун қадамба-қадам олға юриш кераклигини таъкидлади. Етарлича мураккаб бўлган гуруҳдан чиқиш ҳам яхши натижа сифатида қабул қилиниши мумкин. Плей-оффда эса, ЖЧ-2018 кўрсатгани каби, исталган иш рўй бериши мумкин. Шу билан бирга, агар Россия 1/8 финалга чиқа олмаса ҳам ҳеч ким ҳайрон бўлмайди.

Евро-2020: B гуруҳидаги ўйинлар тақвими
12 июнь, шанба
21.00 Дания — Финландия (Копенҳаген)
00.00 Бельгия — Россия (Санкт-Петербург)

16 июнь, чоршанба
18.00 Финландия — Россия (Санкт-Петербург)

17 июнь, пайшанба
21.00 Дания — Бельгия (Копенҳаген)

21 июнь, душанба
00.00 Финландия — Бельгия (Санкт-Петербург)
00.00 Россия — Дания (Копенҳаген)

Теглар

Ўхшаш янгиликлар