«Андижон» қарзларидан қутулди. ПФЛ директори клуб янги раҳбариятининг энг катта учта ишини санади
Сешанба, 08 Июн
3815

«Андижон» футбол клуби янги раҳбарият қўлига ўтганига ҳали бир йил тўлгани йўқ. Мана шу давр ичида кўп иш қилинди, дея ёзади ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев телеграмдаги каналида. 

«Камчилик ҳам жуда кўп, айниқса ўйинларни ташкил қилишда тажриба етишмаётган жиҳатлар бор. Аммо биз буни вақти билан жойига тушириб оламиз. Муҳими эса уч катта иш амалга оширилди. 

Биринчиси, «Андижон» шарафини ҳимоя қилаётган клуб мусобақадан чиқиб кетаётган жойида олиб олинди. Клуб нафақат мусобақани давом эттирди, балки Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолди. 

Иккинчиси, «Соғлом авлод» стадиони реконструкция қилинди ва стадион атрофи вилоят аҳолиси бемалол сайр қиладиган ҳудудга айлантирилди. 

Учинчиси, эски раҳбариятдан қолиб келаётган футболчилар олдидаги қарздорлик ёпилди. Биз айнан шу шарт билан янги раҳбарият билан ишладик. Бугун охирги 6 нафар футболчи билан ҳисоб-китоб қилинди. 

Янги легионерлар ва улар билан боғлиқ масалалар, клубнинг ёшлар жамоалари ва ривожланиш дастурлари юзасидан тез орада раҳбарият билан Андижоннинг ўзида фикр алмашамиз», - дея ёзади ПФЛ директори.

Маълумот учун, «Андижон» Суперлига 8-туридан кейин 4 очко билан турнир жадвалида 13-ўринни эгаллаб турибди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар