«Интер» клуби ёзги трансфер ойнасида аксарият футболчилари билан хайрлашиб, ойлик маошлар ҳажмини камайтирмоқчи.
Инсайдер Никола Скиранинг ёзишича, миланликлар раҳбарияти Артуро Видаль ва Алексис Санчесни трансферга қўйган. Клуб чилилик футболчилар сотувидан 15-20 миллион евро ишлаб олмоқчи.
Қайд этилишича, Видаль Миланда йиллик 6,5 миллион евро, Санчес эса 7 миллион евро маош олади. Артуронинг амалдаги шартномаси 2022 йилга қадар, Алексиснинг келишуви эса 2023 йилнинг ёзида якунланади.
Маълумот учун, А Серия жорий мавсумида Санчес 30 ўйинда 7та гол ва 6та ассист, Видаль эса 23 ўйинда битта гол ва шунча голли узатмага муаллифлик қилган.