«Футболнинг асосий муаммоси – футболдан узоқ кишиларнинг клубларга ўрнашиб олганидир». ПФЛ директори «Бухоро»даги мураббийлар қўнимсизлиги ҳақида
Пайшанба, 27 Май
2831

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев Про лига иштирокчиси «Бухоро» клубидаги кетма-кет мураббийлар истеъфосига муносабат билдирди.

«Бухоро» футбол клуби 3 йиллик шартномаси бор бўлган Жамшид Саидов билан ишлашни истамади ва унга катта компенсация тўлаб, шартномани бекор қилди. Кейин Даврон Файзиев пул тўлаб олиб келинди ва у ҳам кетказилди. Унинг ўрнига келган Анвар Бердиев ҳам «Бухоро» билан хайрлашди.

Нормал ташкилот бунинг сабабини ўрганиши, қанча пул исроф қилинганини текшириши ва чиндан ҳам маблағлар талон-тарож бўлса, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриши шарт. Футболнинг асосий муаммоси — футболдан анча узоқ билимсиз кишиларнинг футбол клубларига ўрнашиб олганидир», - дея ёзади Имомхўжаев телеграмдаги каналида.

Эслатиб ўтамиз, Tribuna.uz ўз манбасига таянаб, 24 май куни «Бухоро» клуби раҳбарияти навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, жамоани бошқариб келаётган Анвар Бердиев ва Сергей Лебедев сингари мутахассисларни истеъфога чиқаргани ҳақида хабар берганди.

«Бухоро» клубининг ўтган ҳафтада Про лигадаги асосий рақобатчиси «Динамо»га мағлуб (1:3) бўлиши мураббийлар истеъфосига сабаб бўлган. Ҳозирча жамоани Суҳроб Қобилов бошқариб бориши кутилмоқда. 

Анвар Бердиев ва Сергей Лебедев март ойида Фарғонанинг «Истиқлол» клубини тарк этиб, «Бухоро» бош мураббийи Даврон Файзиевга ёрдамчи сифатида иш бошлаган эди. Май ойи бошида Файзиев истеъфога чиқарилгач, Бердиев бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида ишлаётганди. Бироқ орадан уч ҳафта ўтиб Бердиев – Лебедев тандемига ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилган.

Аввалроқ, 15 май куни «Бухоро» клуби бош директори этиб Усмон Тошев тайинлангани, бухоролик таниқли мутахассис Тожикистон миллий жамоасидаги фаолиятидан кейин иккинчи давра олдидан клубда фаолият бошлаши ҳақида маълум қилинганди.

Маълумот учун, «Бухоро» Про лига 8-туридан кейин турнир жадвалида 13 очко билан 3-ўринда бормоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар