«Намангандаги ўйин мухлисларсиз ўтказилган бўлса-да, жанговар ўтди». Исломбек Исмоилов «Навбаҳор» билан дуранг ва легионерлар муаммоси ҳақида
Жума, 16 Апрел
1631

Суперлига 6-тури доирасидаги «Навбаҳор» - «Турон» (0:0) учрашувидан кейин дастлаб меҳмонлар устози Исломбек Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

«Бугунги ўйинда дуранг қайд этилиши адолатли бўлди, деб ўйлайман. Бизда бўлгани каби рақибларимизда ҳам ҳисобни очиш учун қатор имкониятлар юзага келди, аммо вазиятлар голга айланмади. Бугунги ўйин мухлисларсиз ўтказилган бўлса-да, жангавор ўтди.

«Навбаҳор» Наманганда мухлисларининг қўллаб-қувватлаши эвазига исталган рақибга жиддий қаршилик кўрсатадиган клуб. Бугун икки томонга ҳам ғалаба зарур эди. Жамоа шаклланиши учун йиллар керак. Қолаверса, таркибимизда кўплаб легионерлар борлиги учун тил борасида муаммо бўлмоқда. Футболда ўйинчилар майдонда ўзаро мулоқот қилишлари муҳим.

Бугунги ўйинда асосий вазифа гол ўтказиб юбормаслик эди. Буни уддаладик, аммо гол уриш вазифасини бажара олмадик.

Ҳимоячилар Комилов ва Меҳмоновнинг таркибда йўқлиги? Ғиёс Комиловда жароҳат борлиги сабабли у майдонга тушмади. Жаҳонгир Меҳмоновнинг эса ҳозирги жисмоний ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бошқа ўйинчиларга ҳам имконият бердик», - дея «Турон» бош мураббийининг сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Маълумот учун, Исломбек Исмоилов «Сўғдиёна» билан ўйиндан кейинги фикрлари учун ЎФА томонидан иккита ўйинга дисквалификация қилиниб, бугун яна мураббийлар ўриндиғига қайтди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар