Диёр Имомхўжаев: «Телевидение ходимлари ва ҳакамлар Наманганга боришга ҳайиқиб қолишди. Ҳақоратларга муносиб эмасмиз»
Жума, 09 Апрел
10535

ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган «Навбаҳор» — «Пахтакор» (1:2) баҳсидан кейинги можаролар ва ҳақоратларга ўз муносабатини билдирди. 

«Қабиҳ сўзларни эшитаётганимизга икки кун тўлди. Жамоам бунга муносиб эмас. Ҳакамлик учун ким жавобгар ўзи, демайман. Футбол ташкилоти билан телевидение машинаси фарқига бормаётганларга нимани тушунтириш мумкин? 

Хунук иш «Навбаҳор» — «Пахтакор» ўйинидагина бўлмади. Ҳеч бир сабабсиз Наманганда «Сўғдиёна», «Насаф» клубларига қарши ўйинларда ҳам стадионга нарсалар отилганди. Тезлик учун жарима ошганида аюҳаннос соладиган кишилар бўлади, аслида тезликни оширмаганлик учун жарима йўқ. Клуб огоҳлантирилганда аюҳаннос солганларга ҳам шу гап. Афсуски, йил бошидан буён бундай хунук ишлар Намангандан бошқа ерда кузатилмади. 

Холисликни, адолатни талаб қилаётган томон бир неча миллисониялари юлиб олинган видеоларни тарқатишга уялаётгани йўқ. Биз маълум доира кишилар кўнгли учунгина ишламаймиз. Жарима ёки қарорларни биз ўйлаб топаётганимиз йўқ. ОФК ҳам, УЕФА ҳам, ФИФА ҳам шундай ишлайди. Буни билиш учун албатта халқаро майдонда ўйнаш шарт эмас. Биз «Навбаҳор»нинг халқаро аренада Ўзбекистон номидан иштирок этишини истардик.

Маълум доира телефон рақамларни қандай тарқатаётгани, одамларни нималарга даъват этаётгани, одамлар бизни бўралаб ҳақорат қилганликлари борасидаги скринларни гуруҳларга фахр билан тарқатаётганларига гувоҳмиз. Бундай кишиларнинг холислик ҳақидаги иддаолари ўзлари учун сийлов. Биз бундай тарбия кўрмаганмиз.  

VAR «Локомотив» стадионида мезбонлар дарвозасига 2та пенальти қўйганида «Қачонгача пойтахт клубларига ёрдам берасан?» деган ҳайқириқлар қулоққа чалинмади. «VAR бўлмагунича ҳакамлар бизни синдиради» деган фикрларни энг кўп ўшалар айтишди ва уларнинг ўйинларида VAR энг кўп ишлади. Бироқ ҳақиқатга тик боқишга келганида вазият ўзгармоқда. Чунки айрим клублар мухлислари ҳакам уй ўйинларида уларга ёрдам беришига ўрганиб қолишди. Биз эса аввалги ишлар учун жавоб беришимизга тўғри келяпти. Чунки ҳисоб беряпмиз, одамларни эшитяпмиз, ўсяпмиз. Буни суиистеъмол қилаётганлар, катта канал ёки гуруҳларда қасддан провокация қилаётганлар қонун олдида вақти келиб жавоб беради. Адолатни нафақат сиз, балки биз ҳам талаб қилишни биламиз.    

Стадион тўлаётганидан албатта хурсандмиз. Шунинг учун ҳеч қачон ўтмаган кубок финалларини Наманганда ўтказяпмиз. Миллий жамоанинг халқаро ўйинлари Наманганга берилди. Бунинг жавобини ҳам кўряпмиз. Шундан кейин ким расмий ўйинни сизга ишонади? Халқаро ҳакамни ҳам шу кўйга солмаслигингизга ким кафолат беради? Агар стадион фақатгина шундай кишилар билан тўлса ва сиз футболни кимгадир миннат қилиб томоша қилсангиз, яхшиси тўхтатинг. Бизга инсонлар керак, ким нима деса оғиб кетадиганлар эмас. Барибир тўла стадион пули тўлиқ касса қилинаётгани йўқ. Чунки кассага ишонилса, Ганага қарши ўйинини ҳам 20 минг эмас, 13 минг киши кузатган. Сиз ҳақиқатни аввал шундай масалаларда талаб қилинг.

Наманганлик дўстларимиз, aдекват инсонларимиз билан доим биргамиз. Ишонамизки, улар биздан ҳафа бўлишмайди. Бироқ бугун телевидение ходимлари Наманганда футбол учрашувларини олишдан ҳайиқиб қолишди, уларнинг кўпчилиги Наманганга бормоқчи эмас. Аслида эса «Навбаҳор» мухлисларининг асл гўзаллигини ҳам ўша телевидение бутун дунёга кўз-кўз қилганди. Футбол ҳакамлари Наманганга бормоқчи эмаслар. Чунки уларнинг ҳам ўз оиласи бор, улар ҳам кимнингдир отаси, фарзанди. Биз ҳам ўз комиссарларимиз ҳаёти, хавфсизлиги учун жавобгармиз. Япониялик рефери бутун бир миллат жамоасининг тоза голини инобатга олмаган кунларда ҳам ҳакамни қувлаган ёки унга тош отган эмасмиз, афсуски бугунгилар орасида мана шундайлари бор.

Фикримни ҳақорат ила кўп сўрашибди: ҳакам тўғри ва яхши ишлади! «Пахтакор»нинг «Металлург»га қарши ўйинида эса нотўғри ишлади, бунинг жавобини беряпти. Агар Норсафаров дипломат бўлганида, 11 метрлик жарима бермасди. Биз эса ундан дипломат бўлишни эмас, профессионал бўлишни талаб қиляпмиз. Гапим кимгадир ёқиши шарт эмас. Ўзи ҳаммасини кўриб турибди. Ҳақоратлар учун чин дилдан ҳафаман, ҳайф сиздек тарбиясиз кишиларга», — деб ёзади Имомхўжаев ўзининг телеграм каналида.

Эслатиб ўтамиз, Намангандаги ўйиннинг 90-дақиқасида мезбонлар дарвозасига пенальти белгиланди ва уни Драган Черан голга айлантириб, «Пахтакор»га ғалаба келтирди. Ўйин тугаши билан эса Наманганда тўполон бошланди. Драган Черан пенальтини голга айлантирган вақтдаёқ наманганлик мухлислар стадионга тош ва бошқа буюмларни улоқтиришни бошлашганди. 

Ўйин тугаши билан ҳаммаси янада жиддий кўриниш олди. «Пахтакор» футболчиларига ҳам турли буюмлар улоқтирилди. «Навбаҳор» мухлислари ҳакамлар гуруҳи ичида бўлгани айтилган МТРК машинасига ҳужум қилишди. Машинага зарар ҳам етказилди. Ҳакамларни ҳимоя қилган ИИБ ходимлари ҳам мухлислар ҳужумига учради. Ижтимоий тармоқлар эса наманганлик мухлисларнинг ҳакамликдан норозилик билдирган мурожаатларига тўлиб кетди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар