O'zbek Ўзбекча
«Пахтакор» 10 киши бўлиб ютди, ҳакам «3 метрли офсайдни кўрмади». «Металлург» «Пахтакор»ни қийнаган ўйиндан фотогалерея
Шанба, 03 Апрел
3423

Одатда «Пахтакор» учун энг қулай рақиб сифатида «Металлург» эсланади. Бир томондан Бекобод жамоасида кўплаб собиқ «Пахтакор»чилар ўйнаса, бошқа томондан узоқ йил бир ҳомий билан тўп сурган икки жамоа ўртасидаги ўйиндар кўп муҳокамаларга сабаб бўлган. Хуллас, мухлислар бу жамоалар ўртасидаги аксар ўйинларда интрига кўрмаган. Бироқ 2 апрел куни Тошкентда кечган ўйинда «Пахтакор» катта қийинчилик билан ғалаба қозонди.

Бу ўйинда ғалати воқеалар кўп бўлди. Аввалига «Пахтакор» яққол офсайддан гол урди. Сардор Рашидов рақибдан анча олдинлаган ҳолда офсайдда тўпни қабул қилиб олди ва Дердийўққа голли узатмани амалга оширди. Бироқ ҳакам аниқ кўриниб турган офсайдни қайд этмади. Бекободликлар бош мураббийи бўлиб турган собиқ «Пахтакор» мураббийи Жасур Абдураимов ҳакам 3 метрли офсайдни кўрмаганини айтиб, уни танқид қилди.

«Пахтакор»нинг иккинчи голи ҳам ғалати бўлди. Шароф Муҳиддинов узоқ масофадан жарима зарбасини тўғри дарвозага йўллади. Бир қарашда унча хавфли бўлмаган тўпни эгаллаб олишга тайёрланаётган Александр Лобанов кутилмаганда қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни дарвозага тўғрилаб юборди. Биринчи бўлим якунида «Металлург»нинг узоқ йиллик ҳужумчиси Зоҳид Абдуллаев ҳисобни қисқартирди ва иккинчи бўлим қизиқарли ўтишига ишора қилди.

Иккинчи бўлим чиндан қизиқарли ўтди, гарчи бирорта гол урилмаган бўлса-да. 71-дақиқада «Пахткор» сардори Егор Кримец йўқ жойда агрессив ҳаракат қилиб, майдондан четлатилди. Мезбонлар бир киши кам бўлиб қолгач, ўйинда вазият тенглашиши кутилди, «Металлург» кўп ҳужум қилди. Вазият шунчаликка бордики, «Пахтакор»нинг хотиржам мураббийи Питер Хюистра ҳам асабийлашди. Бироқ амалдаги чемпион 10 киши бўлиб ғалабани сақлаб қолди.

Tribuna.uz фотомухбири ўйинни стадиондан кузатди ва қуйида ўйиндан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

 

 

Суратлар муаллифи – Муҳаммаджон Ғаниев

Ўхшаш янгиликлар