«Ҳакамлар 50/50 вазиятларда хато қилса тушунаман, аммо 3 метрли офсайдни эмас!». Жасур Абдураимов «Пахтакор»дан учралган мағлубият ва ҳакамлик ҳақида
Жума, 02 Апрел
4081

Суперлига 4-тури доирасидаги «Пахтакор» - «Металлург» (2:1) учрашувидан кейин дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Жасур Абдураимов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

«Пахтакор»ни ғалаба билан табриклайман. Яхши ўйин бўлди. Яна нима ҳам дердим...

Мураббийлар штабидаги ўзгаришлар? Ҳар бир мураббий янги жойда иш бошласа, ўз ёрдамчиларини чақиради, уни ғояларини тушунадиганлар билан ишлашга интилади. Ҳамма жойда шунақа. Шу боис мураббийлар штабида ўзгаришлар бўлди.

Зоҳид Абдуллаевни алмаштирганим сабаби, у 37 ёшда. Бундай тезкор ўйинда чарчаб қолиши табиий. Иван Нагаев тезкор ҳужумчи эканлиги учун майдонга туширдим. Эҳтимол икки нафар ҳужумчи билан ўйнашим керак бўлгандир, аммо машғулотларда 4-4-2 тактикасида ишламагандик. Нагаев ҳали ўз формасини тиклаб олмаганди, Абдуллаев эса чарчаб қолганди. Шу боис ўзгариш қилдик. 

Бу таркибни мен йиғмаганман. Шу боис ҳеч бўлмаса биринчи давра якунигача максимал ҳаракат қилиб, ўйнашимиз керак. Ҳамма йигитлар борини бериб ҳаракат қилишди. Аммо «Пахтакор» таркибида ижрочилар кўп.Фикримча, жамоамиз яхши ўйин намойиш этди. Кўп вазиятлар бўлди, аммо гол кирита олмадик. Вазиятлар борасида рақибдан қолишмадик.

Ҳакамлик? Рақибнинг биринчи голини кўрдингизми? (Офсайд ҳолати, муал.) Биласизми, футбол ҳиссиётларга бой ўйин. Мураббийлар меҳнат қилаётгани учун ҳам ўйин давомида қайсидир қарорлар ёки хатодан ранжийди. Ҳакамларга эҳтимол тажриба етишмаётгандир. Бу масалада аниқ жавобим йўқ. Чунки ҳакам ёки назоратчи эмасман. Аммо мураббий сифатида жамоамни замонавий футбол ўйнатишга интилаяпман. Ҳакамлар 50/50 вазиятларда ҳам қарор чиқаришда хато қилса майли, аммо бу ерда 3 метрли офсайд бўлаяпти. Ўша вазиятда офсайдни қайд этиб, байроғини кўтарса ўйин 1:1 бўларди.

Ҳамма “Нега Ўзбекистонда футбол йўқ ёки футболчи йўқ?” деб гапиради. Чунки бизда сал-пал қаттиқроқ ўйнаса, тўп учун курашга киришса ёки енгилроқ курашса ҳам дарҳол ҳуштак чалинади, жарима белгиланади. Бунақада курашларга бой ўйинлар йўқолади. Футболда яккакураш бўлиши керак. Назоратчилар ҳам бунга қараши керак деб ўйлайман. Мураббийларни ҳам меҳнати қадрланиши лозим, демоқчиман. Ахир у ҳам ҳар ўйин олдидан бир ҳафта ишлайди. Яккакурашларга қўйиб берилиш шарт, футбол шашка ёки шахмат эмас, ахир!», - дея «Металлург» бош мураббийи Жасур Абдураимовнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар