«Орол»га рухсат берилди, «Пахтакор-фарм» Про лигадан бош тортди, «Хоразм» лигада қолдирилди. Про лиганинг 10-жамоаси номи аниқ бўлди
Чоршанба, 10 Феврал
7042

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2021 йилдан бошлаб Про лига иштирокчилари сони 8тадан 10тага оширилиши ва қайси клублар турнирда иштирок этишини маълум қилди.

Про лиганинг 2020 йилги мавсумида 8 клуб ғолиблик учун кураш олиб борганди. Якунда «Турон» Суперлига йўлланмасини қўлга киритди. «Бухоро» футбол клуби эса Суперлигада энг кам очко жамғарган клуб сифатида 2021 йилни Про лигада ўтказадиган бўлди. 

«Регламентга кўра, 2020 йилги мавсум Про лигада сўнгги ўринни эгаллаган клуб Биринчи лигага туширилиши, Про лиганинг еттинчи жамоаси эса Биринчи лиганинг иккинчи жамоасига қарши ўтиш ўйинида иштирок этиши белгиланганди. Шунга кўра, Про лигани сўнгги — 8-ўринда якунлаган «Зомин» мусобақани тарк этди. Биринчи лига ғолиби «Янгиер» эса Про лиганинг навбатдаги иштирокчисига айланди. 

Про лиганинг еттинчи жамоаси «Хоразм» ҳамда Биринчи лиганинг иккинчи жамоаси «Пахтакор-фарм» ўртасида ўтилиши лозим бўлган беллашув бекор қилинди. Боиси, ЎФА Ижроқўмининг 2020 йил 28 ноябрдаги йиғилишида Қорақалпоғистонда футболни ривожлантириш дастури асосида «Орол» футбол клубининг Про лига мусобақасида истисно тариқасида иштирок этишига рухсат берилди ҳамда Про лига иштирокчилари 2021 йилги мавсумдан бошлаб 10та қилиб тасдиқланди. Шундан келиб чиқиб, «Хоразм» футбол клуби Про лигадаги ўрнини ўтиш ўйинисиз сақлаб қолди, «Пахтакор-фарм» эса ўз-ўзидан лиганинг 10-жамоасига айланди.

Шу йилнинг 3 февраль куни «Пахтакор-фарм» клуби Про лига мусобақасида иштирок этмаслигини маълум қилди. ЎФА Ижроқўми Бюроси эса 5 февраль куни Миллий олимпия қўмитаси қошида ташкил этилаётган «Олимпик» футбол клубини Про лиганинг 10-жамоаси сифатида тасдиқлади. «Олимпик» футбол клуби лицензиялаш регламенти ҳамда Мусобақалар ўтказиш регламентидаги барча талабларни бажариш шарти билан турнирга қўшиладиган бўлди», - дейилади ПФЛ хабарида.

Қайд этилишича, Про лиганинг 2021 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими «УзРепорт» телеканали билан ҳамкорликда илк марта жонли эфирга олиб чиқилиши режалаштирилган. Маросим санаси ҳамда мусобақанинг старт оладиган куни кейинроқ маълум қилинади. Қуйида Про лига иштирокчилари тўлиқ кўрсатилган: «Бухоро», «Нефтчи», «Шўртан», «Динамо», «Истиқлол», «Оқтепа», «Хоразм», «Янгиер», «Орол», «Олимпик».

Маълумот учун, жорий мавсумда Про лигадан 1-2-ўринлар Суперлигага тўғридан-тўғри йўлланмага эга чиқса, 3-ўрин соҳиби Суперлиганинг 12-ўринини банд этган клубга қарши плей-офф баҳсини ўз майдонида ўтказади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар