O'zbek Ўзбекча
Вейналдум «Ливерпуль»нинг асосий муаммосини айтди
Жума, 22 Январ
8396

«Ливерпуль» яримҳимоячиси Жоржиньо Вейналдум Премьер-лига доирасида «Бёрнли»дан учралган мағлубиятдан (0:1) кейин муваффақиятсизлик сабаблари ҳақида гапирди.

«Ўйиндан олдин яхши режага эга эдик – тўп билан кўпроқ ҳаракат қилишимиз лозим эди. Ўйин давомида гол уриш учун етарлича имкониятларга эга бўлдик, шу жумладан яққол голли вазиятлар ҳам юзага келди. Бироқ бу сафар ҳам рақиб дарвозасини ишғол эта олмадик. Вазиятни якунлашга аниқлик етишмади, рақиб эса пенальтидан гол урди.

Биздаги муаммо вазиятлардан фойдалана олмаётганимизда. Буни тушунтириш қийин. Эҳтимол, четдан қараганда ўзимизга бўлган ишончни йўқотгандек кўринаётгандирмиз, аслида эса бундай эмас. Бизда гол учун вазиятлар етарлича яратиляпти. Балки голга бўлган кучли иштиёқ етишмаётгандир. 

Гол кирита олмаётганимиз ёки вазият қийинлашаётгани ҳақида ўйламай, фақат ўйнашимиз керак. Навбатдаги учрашув кубок доирасида «Манчестер Юнайтед» билан. Ғалаба қозонишга интилиш лозим», – дейди Вейналдум.

Маълумот учун, «Ливерпуль» 2021 йилда АПЛ доирасидаги сўнгги 4 ўйинда бирорта ҳам гол кирита олганича йўқ. Клуб 19-турдан кейин 34 очко билан 4-ўринда бормоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар