Ҳаким Фузайлов «Динамо» бош мураббийи сифатида иш бошлади
Жума, 15 Январ
3157

Янги мавсумга тайёргарликни бошлаган «Динамо» жамоаси мураббийлар штабида ўзгариш юз берди, дея хабар бермоқда клуб расмий сайти.

«Клуб раҳбарияти бир қатор мутахассислар билан музокара ўтказиб, бош мураббий масаласида келишувга эришди. Бугун, 15 январь куни «Динамо» жамоаси қароргоҳида клуб раҳбарияти иштирокида йиғилиш ўтказилиб, тожикистонлик таниқли мураббий Ҳаким Фузайлов «Динамо» жамоаси бош мураббийи сифатида таништирилди. Ҳаким Қаюмович олдига жамоани Суперлигага олиб чиқиш вазифаси юклатилди. Мураббий билан бир йиллик шартнома имзоланиб, Суперлигага чиқиш вазифаси бажарилгач шартнома узайтирилади. Бош мураббийга бунгача клубда фаолият юритаётган маҳаллий мутахассислар Жасур Ҳамроев ва Дилшод Шарофутдинов ёрдам беради. Дарвозабонлар мураббийи сифатида Шуҳрат Муродов ишлашда давом этади», - дейилади хабарда.

Ҳаким Фузайлов «Динамо» учун бегона эмас. 56 ёшли мутахассис 2000-2002 йиллар давомида Самарқандда фаолият юритган ва мураббий сифатида жамоанинг Ўзбекистон чемпионатидаги энг яхши натижасини қайд этишга ҳисса қўшган. Ўшанда жамоа Олий лигада 4-ўринни эгаллаган, Ўзбекистон кубоги финалида тўп сурганди.

Маълумот учун, тожикистонлик мутахассис 2020 йилда «Хўжанд» клуби бош мураббийи сифатида ишлаб, жамоа билан Тожикистон чемпионатида 2-ўринни эгаллаганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар