Марат Мифтахутдинов: «Бунёдкор»ни беш нафар футболчи тарк этди»
Душанба, 11 Январ
7454

«Бунёдкор» клуби катта мураббийи Марат Мифтахутдинов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда жамоани тарк этган футболчилар ҳақида тўхталди.

«Жамоамизни бир нечта футболчи тарк этди. 38 ёшли ҳимоячимиз Анвар Ғофуров футбол билан хайрлашди. Шунингдек, Дилшод Аҳмадалиев ОКМКга, Санжар Қодирқулов, Ислом Қобилов ва Абдужалил Абдумавлонов «Локомотив»га ўтиб кетишди. Барчасининг «Бунёдкор» билан тузган шартномаси якунига етганди. Миллий жамоа аъзоси бўлган футболчиларни ўрнини тўлдириш қийин бўлади. Аммо бу уддалаб бўлмас иш эмас.

Ёдингизда бўлса, икки йил аввал ҳозирги мураббийлар штаби клубга келганида бу футболчиларни кўпчилик танимасди. Икки йиллик меҳнатимиз натижаси ҳамда футболчиларнинг иштиёқи эвазига улар миллий жамоа аъзоси бўлишди. Натижада бошқа клублар уларни ўз сафларида кўришни хоҳлашди. Бу ҳам футболнинг бир қисми. Футболчига қайси клуб яхши шароит таклиф қилса, ўша ерда тўп суриши аниқ. Биз уларга омад тилаймиз. «Бунёдкор» мақсадлари сари ҳаракат қилишда давом этади. Мавсум олди машғулотларни бошлаб юбордик. Бир қанча янги номзодларни кўрикдан ўтказаяпмиз. Ўзгаришларга қарамай, «Бунёдкор» ўзи иштирок этадиган ҳар қандай мусобақада фақат юқори ўринлар учун курашади. Миллий жамоага ҳам янги номларни кашф этиб беришга давом этамиз», - дейди «Бунёдкор» клуби катта мураббийи Марат Мифтахуддинов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида ЎФА матбуот хизмати «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов 2021 йилдан бошлаб фақат миллий жамоада фаолият юритиши ҳақида маълум қилганди. Вадим Карленович эса «Бунёдкор»ни тарк этса, аксарият футболчилар клубдан кетиши мумкинлигини таъкидлаганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар