Месси Пеленинг «такрорланмас рекорди»ни такрорлади
Шанба, 19 Декабр
11468

Ла Лига 14-туридан ўрин олган «Барселона» – «Валенсия» ўйинида тарихий воқеа содир бўлди.

«Барселона» сардори Лионель Месси биринчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Бу Мессининг «Барселона» сафидаги 643-голига айланди. Шу тариқа аргентиналик суперюлдуз бир клуб сафида энг кўп гол уриш бўйича афсонавий Пеле ўрнатган рекордни такрорлади. Пеленинг бу рекорди узоқ вақт «такрорланмас» деб аталган.

Бразилиялик Пеле «Сантос» клуби сафида 17 йил ўйнаб, 643 та гол урган. Месси «Барселона» сафида 643 та гол уриши учун 16 йил керак бўлди. Кейинги урилган гол бу борада Мессини мутлоқ рекордчига айлантиради.

Қизиғи, Лионель Месси тарихий голини осонликча урмади. «Барселона» – «Валенсия» ўйини бош ҳаками аввалига Антуан Гризманнга қарши ишлатилган қўполлик учун пенальти белгилади. Қўшимчасига «кўршапалаклар» сардори Хосе Луис Гайя майдондан четлатилди. Бироқ ҳакам VAR ёрдамида қизил карточкани бекор қилди, пенальти эса бекор бўлмади. Нуқтага яқинлашган Мессининг пенальтидан берган зарбасини «Валенсия» посбони Хауме Доменек қайтарди. Қайтган тўп «Барселона» футболчиларига бориб тушди ва Хорди Албанинг узатмасидан кейин Месси бош билан дарвозага жойлаб қўйди.

Мессининг голидан кейин «Ноу Камп» стадиони таблосида аргентиналик футболчининг юбилей голига бағишланган коллаж пайдо бўлди. Унда Пеле Мессини кўтариб тургани тасвирланган ва Felicitats, Messi (табриклаймиз, Месси) деб ёзилганди.

Маълумот учун, Лионель Месси 2004 йилдан буён «Барселона» сафида ўйнаб келади. У профессионал фаолияти давомида фақат «Барселона» сафида ўйнаган. Месси фаолияти давомида олти марта «Олтин тўп»ни қўлга киритган ва бу борада ҳам рекордчи. Месси, шунингдек, Ла Лига ва «Барселона» тарихида энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар